15:56 / 10.11.2021
4306

Ҳаққини талаб қилган йигитни қарздорнинг укаси тириклай чўктириб юбориш билан қўрқитган

Наманган вилоятидаги ўқув марказларидан бирида ишлаган йигит ойлигини талаб қилиши ортидан муассаса эгасининг укаси томонидан ўлим билан қўрқитилган. Бу ҳақда Kun.uz`га жабрланувчининг яқинлари маълум қилган.

У.Р. исмли фуқаро Наманган вилоятидаги ўқув марказларидан бирида маълум муддат ишлайди ва марказ раҳбари Х.А. билан абитуриентлар ўқишга кирадиган бўлса, 1200 долларга ҳақ олишига келишган. Фуқаро келишилган тартибда ўз ишини бажарган бўлса-да марказ раҳбари унга ваъда қилинган пулларни бермайди ва пайсалга солиб келади. Орада низо чиққанидан сўнг воқеага ўқув маркази эгасининг укаси Х.А. аралашади. У эса ҳақдорни қўрқитиб акасини қайтиб безовта қилмаслиги учун ҳаракат бошлайди.

2021 йил 28 август куни тунда фуқаро Х.А. ўқув маркази раҳбари бўлган акаси Х.А.да 1200 доллар ҳаққи бўлган У.Р. га пулларни бермаслик ва уни қўрқитиб қўйиш мақсадида Сирдарё бўйига алдов йўли билан олиб борган. Тергов ҳулосасига кўра, айбланувчи ҳақдорнинг қўл-оёғини боғлаган ва ҳаққини қайтиб сўрамаслигини, сўрайдиган бўлса қўл-оёғини боғлаб сувга ташлаб юбориш билан қўрқитган. 

Мазкур жиноят иши бўйича Наманган туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан айбланувчи Х.А.га Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми, 138-моддаси 2-қисми “а” банди ва 165-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинган ва прокуратурага юборилган.

Top