19:08 / 28.11.2021
11682

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Эрон президенти билан учрашув ўтказди ва Тошкентга қайтиб келди

Ўзбекистон президенти Эрон президенти билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий билан учрашуви бўлиб ўтди.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки томонлама савдо ҳажмининг ортишига кўмаклашиш, саноатда янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, икки мамлакат транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш мақсадида ҳамкорликнинг институционал механизмларини фаоллаштириш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Эрон етакчилари Афғонистондаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб минтақа кун тартиби ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободдан Тошкентга қайтиб келди.

Давлат раҳбари саммитдаги нутқида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича кўплаб таклифларни илгари сурди.

Анжуман якунида Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси имзоланди. 

Саммит якунида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислик 2022 йилда Ўзбекистонга ўтиши маълум қилинди. 

Top