10:58 / 29.11.2021
3698

ССВ тизими шифокорларига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш бўйича юкланган қўшимча функция бекор қилинди

Президент “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилди ва шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг шифокорлари зиммасига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш бўйича юклатилган қўшимча функциялар бекор қилинди.

Белгилаб қўйилишича, 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. 18 ёшдан катта фуқароларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган доимий фаолият кўрсатувчи тузилма ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида иккитадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида биттадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари, Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм ва Наманган вилоятларида қўшимча равишда биттадан туманлараро тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясида 3 нафар штат бирлигидан иборат информацион технологияларни жорий этиш бўлими ташкил этилди.

Top