18:48 / 01.12.2021
24793

«Орзу йўлида тўсиқ учраса, орзуни эмас, унга етаклайдиган йўлни ўзгартириш керак» – учта давлатга грант ютган молиячи қиз ҳикояси

Одатда илм йўлидаги саргузаштлар олийгоҳ деворларидан ташқарида содир бўлади. Бакалаврни учта мамлакатдаги университетда ўқиган Таҳсинабону катта дастурларда волонтёрлик қилган. У олийгоҳдан ташқарида ҳам қизиқарли ҳаёт борлиги, уни қандай ўтказиш ва талаба учун ижтимоийлашув муҳимлиги ҳақида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Таҳсинабону Муфтоҳиддинова Фарғона шаҳрида туғилиб, мактаб ва коллежни шу ерда ўқиган. Кейин Тошкент молия институтига ўқишга кирган.

«Молия йўналишини танлашимга бобом сабабчи бўлганлар. У киши математик, инженер-конструктор. Бобом билан болалигимдан математика устида ишлардик. Шу сабаб, математикага қизиқишим ортиб, бу бўйича хорижда ўқимоқчи эдим, уйимдагилар эса буни унча хоҳлашмади», дейди қаҳрамонимиз.

Талаба-алмашинув дастури орқали Польшага кетиш

Молия институтига ўқишга қабул қилингандан кейин ҳам Таҳсинага чет элда ўқиш истаги тинчлик бермай, инглиз тилини яхшироқ ўргана бошлайди. Кейин аъло баҳоларда ўқиган талабалар хорижий ОТМларнинг алмашинув дастурларида қатнашиши мумкинлигидан хабар топади.

«Бунинг учун талаба ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлиши талаб этиларди. Шу сабаб, биринчи курслигимда «The Young Leaders Development Project» – ёш лидерларни ривожлантиришга оид дастурда маросимлар менежери сифатида қабул қилинганман. 6 ой шу дастурда малакамни оширдим. Дастур давомида халқаро ёшлар саммити, республика миқёсида дебат, иншолар танлови, Тошкентда илк марта инновацион таълим симфозиумини ташкил қилганмиз», дейди суҳбатдошимиз волонтёрликка кириб келгани ҳақида.

Айнан волонтёрлик Таҳсинага биринчи курсда Erasmus+ дастури доирасида грант ютиш учун катта ёрдам берган. Шу тариқа қаҳрамонимиз иккинчи курснинг биринчи семестрини ўқиш учун Польшанинг Краков иқтисодиёт университетига йўл олади.

«Университетда мени энг кўп ҳайратлантирган нарса кутубхона эди. Уларда кечаси 22:00гача кутубхона очиқ бўлади. У ерда бемалол ўз йўналишингиз бўйича изланишлар олиб бориш, дарс тайёрлаш имконияти бор. Ҳар куни кутубхонага бориб дарс тайёрлашга ҳаракат қилардим, кутубхоначи ҳам мени таниб қолганди».

«Талабга жавоб берсангиз, алмашинув дастурида танлаб олинасиз»

Таҳсина Польшадан қайтгач, волонтёрлик дастурларида қатнашишни давом эттиради. Ўзбекистондаги Erasmus+ миллий офисида волонтёрлик дастурига қабул қилиниб, бу ерда Кореянинг SolBridge халқаро олий бизнес мактаби гранти ҳақида эшитади.

«Польшадан қайтиб келганимдан кейин, яна хорижга кетиш, кўпроқ нарса ўрганишни хоҳладим. Талабалар алмашинув дастурларини қидирдим. Ва SolBridge халқаро олий бизнес мактабига ҳужжат топшириб, муваффақиятли қабул қилиндим», дейди қаҳрамонимиз.

Таҳсинанинг айтишича, бундай алмашинув дастурлари миллий ОТМ талабаларига бир пайтнинг ўзида ҳам ўзларининг институтларида, ҳам Европа, Америка ёки Осиёнинг ривожланган мамлакатларида ўқиш имкониятини беради: «Ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтаманки, бундай дастурларга танлаб олиш жараёни шаффоф бўлади. Балки қандайдир таниш-билишчилик бўлади, деб ўйлашар. Ишонинг, ёзилган барча талабларга жавоб берсангиз, танлаб олинасиз».

Кейинги бекат Шотландия

Таҳсинабону булар билан чекланмади, у Ислом Каримов номидаги миллий стипендияни олишга ҳам ҳаракат қилиб кўрди ва бу вазифани-да уддалади. Ҳозир Молия институти магистратурасига имтиёз асосида қабул қилинган.

«Ўқишда ўзимдан қониқмас эдим. Яна нимадир қилишим керак эди, шу сабаб Шотландиянинг Данди университети молия ва рискларни бошқариш йўналиши бўйича магистратурага ҳам ҳужжат топшириб кўрдим ва контракт асосида қабул қилиндим. Аммо контракт, яшаш харажатлари бироз баланд эди. Харажатларни қоплаш учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси грантига ҳаракат қилдим. Биринчи уриниш ўхшамади, аммо иккинчи уринишда жамғарма менга ўқиш учун грант ажратадиган бўлди», дейди муваффақият йўлида асло тўхтамайдиган суҳбатдошимиз.

Нега талаба учун волонтёрлик дастурлари муҳим?

Таҳсинанинг айтишича, талаба ёшлар учун ижтимоий лойиҳаларда қатнашиш фойдали. Бундай лойиҳалар талабанинг фаоллашуви, ижтимоийлашувига ёрдам беради. Волонтёрлик дастурлари 2-6 ой давом этади. Унинг ўзи ҳам институтни битиргунча волонтёрлик қилган.

«Мен жуда кўп дўстларимни волонтёрлик жараёнида учратганман. Ҳозир Америка, Бельгия, Венгрия, Испания, Туркия, Англия, Нидерландия, Португалияда ўртоқларим бор. Шу давлатлардан бирортасига борсам, бемалол улар билан вақт ўтказа оламан. Бу билан айтмоқчиманки, талаба талабалик даврида фақат институтнинг ўзида вақт ўтказиши керак эмас, улар ўзининг комфорт зонасидан ташқарига чиқиши керак. Хорижда ўқишни жуда хоҳлагандим. Шу орзунинг амалга ошиши учун кўп ҳаракат қилдим. Натижада 4 йил давомида учта олийгоҳда ўқишга муваффақ бўлдим. Киши орзуси йўлида тўсиққа учраса, орзуни эмас, унга етаклайдиган йўлни ўзгартириши керак», деб сўзини якунлади Таҳсина.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бобоси математика бўйича профессор бўлишни жуда хоҳлаган, лекин кўплаб тўсиқлар сабаб бунга эриша олмаган. Таҳсина бобосининг бу орзусига ўзи эришмоқчи. Унга бу орзуси йўлида омад тилаймиз. Талабалик шунчаки олийгоҳга бориб келадиган эмас, инсон ҳаётидаги энг муҳим даврлардан бири эканини тушуниб етган Таҳсина каби ёшлар эса янада кўпроқ бўлишини хоҳлаб қоламиз.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Top