18:53 / 16.12.2021
19490

Ҳамид Карзай толиблардан Кобулни тезроқ эгаллашларини сўраганини айтди

Карзайнинг сўзларига кўра, у «халқни ҳимоя қилиш учун» толиблардан пойтахтга киришларини сўраган.

Фото: AP

«Толибон» вакиллари 15 август куни Кобулга Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзайнинг таклифи билан кирган. Бу ҳақда Карзайнинг ўзи «Ассошиэйтед Пресс» агентлигига берган интервьюсида айтди.

Интервьюда айтилишича, мамлакат президенти Ашраф Ғани Кобулни тарк этгани маълум бўлгач, Карзай «халқни ҳимоя қилиш учун» толиблардан пойтахтга киришларини сўраган.

«Ўшанда пойтахтда ҳеч ким қолмаганди: на расмий ҳукумат, на полиция бошлиғи, на ҳарбий қисмлар қўмондонлари. Мен толиблардан шаҳарга киришларини ва аҳолини ҳимоя қилишларини, мамлакат ва шаҳарни бошбошдоқликдан, мамлакатни талаши мумкин бўлган гуруҳлардан сақлашларини сўрадим», — деди у.

«Толибон» ҳаракати 15 августдан 16 августга ўтар кечаси Кобулни жангсиз ўз назоратига олганди.

Карзай 2001 йил декабрдан 2014 йилгача Афғонистонни бошқарган. У ҳозирда Кобулда яшайди.

Ашраф Ғани эса оиласи билан Бирлашган Араб Амирликларида яшаётгани хабар қилинган. У ҳозирга қадар расман истеъфо бермади. Шу билан бирга, Афғонистоннинг собиқ биринчи вице-президенти Амрулла Солиҳ ўзини президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилган. У ҳам мамлакат ташқарисидан паноҳ топган.

Top