15:14 / 19.01.2022
17930

Сирдарёда саккиз марта судланиб, 27 йил қамоқда ўтирган 67 ёшли отахон яна жиноят содир этди

Фото: KUN.UZ

Гулистон шаҳрида яшовчи, саккиз марта судланиб, 27 йил қамоқда ўтирган 67 ёшли отахон яна жиноят содир этган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 19 август куни соат 21:30 ларда Гулистон шаҳрида яшовчи С.Бобоев маст ҳолатда шу шаҳарда яшовчи Б.Исаеванинг яшаш хонадонига девор ошиб кирган.

Сўнг уй эшигидаги осма қулфни бузиб, ичкарида турган 3,5 миллион сўмлик “Аrtel” телевизорини ўғирламоқчи бўлган вақтда, уй эгасининг фарзанди Р.Исаев келиб қолган. С.Бобоев ўғирликни охирига етказа олмай, қочиб яширинган.

Бундан ташқари, 2021 йил 21 август куни соат 10:15 ларда Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2021” тадбири давомида С.Бобоевнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ҳовлидаги атиргуллар орасида уч туп яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли наша гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётганлиги аниқланган. Уч туп гиёҳвандлик ўсимликлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида С.Бобоев қўлга олинган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 169-моддаси 4-қисми “а” ва 270-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Суд уни айнан шу моддалар билан айбдор деб топиб, 5 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этган.

С.Бобоев бундан норози бўлиб, кекса ёшини ва бу ишларидан товба қилганлигини важ қилиб, умрининг қолган вақтини озодликда ўтказишни сўраб, апелляция шикоятини берган.

Апелляция инстанцияси суди, биринчи босқич суди томонидан С.Бобоевга жазо тайинлашда қилмишнинг сабабини, унинг шахсини, муқаддам судланганини, жиноятни ғараз ниятда содир қилганини, муқаддам саккиз маротаба судланганини, жазони ўташ вақтида янги жиноятни қасддан содир этганини инобатга олиб, қонун санкцияси назарида тутилган энг кам озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Top