10:41 / 23.01.2022
10288

«Тизимга киритилмаган, қачон киритилиши номаълум» — E-polis’ни олиш машаққатлари

Уйдан чиқмаган ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртасини интернет тармоғи орқали онлайн расмийлаштириш имконияти борми? Бор, аммо ўта қийин. Пенсионер ва ногиронлар учун деярли имконсиз.

Фото: Getty Images

2020 йил декабрида Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 780-сонли қарор қабул қилинган. Унда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида суғурта полисини масофадан туриб, электрон тарзда расмийлаштириш ва E-polis’га эга бўлиш тартиб-таомиллари белгиланган.

Шунингдек, Молия вазирлиги суғурта ташкилотлари билан биргаликда 2021 йил 1 мартдан бошлаб Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича E-polis сотиш, расмийлаштиришни амалга ошириши белгилаб қўйилганди.

Орадан қарийб 1 йил ўтди. Тизим қандай ишлаётгани, E-polis олиш имкониятлари қандай эканини амалда синаб кўрдик.

E-polis нима?

E-polis — транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича электрон шаклда тузилган суғурта шартномаси. Уни расмийлаштириш учун суғурта компанияси офисига бориш шарт эмас. Шартнома масофадан туриб, интернет орқали тузилади, полис мижозга электрон ҳужжат (файл) кўринишида тақдим этилади. Уни исталган жойда принтерда чоп этиш ёки мобил қурилма хотирасида сақлаб қўйиш мумкин. E-polis – қоғоз шаклидаги шартномага тенглаштирилади.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан E-polis тан олинадими?

Ҳа, албатта. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан E-polis ҳақиқийлигини QR-кодни ўқиб олиш ёки E-polis ноёб рақамини киритиш орқали амалга оширилади. Бунда E-polis қоғозга чиқариб олинган ёки электрон шаклда ёхуд бошқа визуал шаклда тақдим қилиниши шарт, яъни сиз уни ДЙҲХ ходимига кўрсатсангиз кифоя.

E-polis тизими нима учун керак?

Суғурта компанияси офисларини излаб, овора бўлмаслик, офисларда навбатда турмаслик, пенсионер, имконияти чекланган ногиронлар учун қулайлик яратиш, узоқ-чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига енгиллик яратиш мақсадида суғурта полисини масофадан туриб, онлайн тарзда олиш имконияти берилмоқда. Бу ҳозирги пандемия шароитида ҳам долзарб масала. Коммунал хизматлар, мобил алоқа, интернет пулини онлайн тўлашни ўрганиб олдик. Транспорт воситаси эгалари томонидан ҳар йили расмийлаштириладиган суғурта полиси ҳам шулар қаторига кириши керак.

Бу муҳим: қайси ташкилотлар E-polis тизимининг барқарор ишлаши учун жавобгар?

Қарорга кўра, 3та ташкилот электрон турдаги суғурта хизматларини (E-polis) ягона ахборот тизими таркибида амалга оширади:

1) Молия вазирлиги;

2) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги;

3) Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси.

Айнан улар зиммасига тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш вазифаси юклатилган.

E-polis тизими қандай ишламоқда?

Буни аниқлаш учун имтиёзли тоифадаги (пенсионер ёки ногирон) ва сони чекланган ҳайдовчи учун электрон суғурта полисини онлайн расмийлаштиришга ҳаракат қилиб, жараённи ўргандик.

Ўрганиш натижалари

Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистонда 42та компанияга суғурта фаолияти билан шуғулланиш лицензияси берилган. Албатта, уларнинг ҳар бирини E-polis тизими бўйича текшириш имконсиз. Шу туфайли, 2021 йил 9 ой якунларига кўра суғурта мукофотлари миқдори 100 миллиард сўмдан ошган энг йирик 9 компания орқали тизимни ўргандик, улар орқали E-polis расмийлаштиришга ҳаракат қилдик. Натижалар кўнгилдагидек бўлмади. Тизим аксарият ҳолларда лозим даражада ишламаётгани аниқланди.

«Gross Insurance» - Ўзбекистоннинг энг йирик суғурта компанияси (суғурта мукофотлари умумий қиймати 272 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида бор, аммо фақат ҳайдовчилар сони «чекланмаган» бўлса.

Маълумот учун, E-polis 2 хил бўлади: ҳайдовчилар сони чекланган (1-5 киши) ёки чекланмаган. Полис қиймати ҳам шунга мос, чекланган ҳайдовчилар сони учун полис нархи 40-60 минг атрофида, чекланмаган бўлса 120-168 минг сўм. 

«Gross Insurance» фақат сони чекланмаган ҳайдовчилар учун полисни таклиф қилмоқда. Компания алоқа маркази оператори буни «чекланган ҳайдовчилар учун махсус бланканинг йўқлиги, улар Молия вазирлиги томонидан етказиб берилмагани» билан изоҳлади.

«O‘zbekinvest» (241 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида бор, аммо бунда ҳам фақат ҳайдовчилар сони «чекланмаган» бўлса. Компания алоқа маркази оператори буни «тизим ҳозирча ишламаётгани, қачон ишлаб кетиши номаълум экани» билан изоҳлади. Қизиғи шундаки, полиснинг чекланмаган ҳайдовчилар сони учун берилишини барча маълумотларни киритиб бўлганингиздан кейин биласиз. Ваҳоланки, бу ҳақда веб-сайтда олдиндан огоҳлантириш берилиши шарт.

«O‘zagrosug‘urta» (181 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида йўқ. Борлиги кўрсатилган, бироқ, саҳифага ўтмоқчи бўлсангиз «404» хатолик юз беради. Бундай хатолик саҳифа мавжуд эмаслигини англатади. Алоқа маркази оператори билан боғланишнинг имкони бўлмади.

«Kafolat sug‘urta kompaniyasi» (168 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида бор. Бунда ҳар икки турдаги полисни ҳам (чекланган ёки чекланмаган сонли) олиш мумкин (Молия вазирлиги бланкаларни вақтида етказиб берган шекилли). Бироқ, пенсионер ва ногиронлар учун полисни расмийлаштириш имконияти йўқ. Алоқа маркази оператори буни тизимнинг Пенсия жамғармасига интеграция қилинмагани билан изоҳлади. Яъни, шахснинг пенсионер ёки ногирон эканини Пенсия жамғармаси билан боғланиб, автоматик тарзда аниқлаш имконияти ҳали йўқ.

Маълумот ўрнида, имтиёзга эга фуқаролар, пенсионерлар, ногиронларга суғурта полиси учун 50 фоизгача чегирма берилади.

«Apex Insurance» компанияси (165 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида бор. Аммо расмийлаштириш жараёни якунланмай қолмоқда – барча маълумотлар киритилиб, «Тасдиқлаш» тугмаси босилганда натижа бермаяпти. Бу ҳақда алоқа маркази оператори билан боғланганда «сизга қўнғироқ қилишади» мазмундаги жавоб олинди. Аммо ҳеч ким қўнғироқ қилмади.

«My Insurance» (152 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида бор. Бунда ҳар иккала турдаги полисни олиш мумкин. Бироқ, пенсионер ва ногиронлар учун полисни расмийлаштириш имконияти йўқ. Компания алоқа маркази билан боғланишнинг имкони бўлмади.

«Alfa Invest» (129 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида бор. Жараён бошқаларга нисбатан қулай. Бироқ, пенсионер ва ногиронлар учун полисни расмийлаштириш имконияти йўқ. Алоқа маркази оператори бундай имконият тизимга киритилмаганини, қачон жорий қилинишини билмаслигини айтди.

«Euroasia Insurance» (120 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти  Бунда ҳар икки турдаги полисни олиш мумкин. Бироқ, пенсионер ва ногиронлар учун полисни веб-сайт орқали расмийлаштириш имконияти йўқ. Алоқа маркази оператори бундай имконият тизимга киритилмагани, қачон жорий қилинишини билмаслигини айтди. Бироқ, бошқача усулда ёрдам берди. Телеграм орқали у билан боғланиб, зарур ҳужжатлар фотосуратини жўнатдик, полис нархини мобил илова орқали тўладик ва имтиёзли электрон полисни олдик. Вазифа уддаланди.

«Temiryo‘l-sug‘urta» (119 млрд сўм), E-polis расмийлаштириш имконияти веб-сайтида бор. Бунда ҳар иккала турдаги полисни олиш мумкин. Бироқ, пенсионер ва ногиронлар учун полисни веб-сайт орқали расмийлаштириш имконияти йўқ. Алоқа маркази оператори бундай имконият тизимга киритилмаганини, қачон жорий қилинишини билмаслигини айтди. Аммо бу компания ҳам имтиёзли полис олиш учун ёрдам қўлини чўзди. Яъни, компания вакилига тегишли ҳужжатлар фотосурати жўнатилса, полис уйга етказиб берилишини маълум қилди. Бу ҳам яхши усул.

E-polis тизими нуқсонли ишламоқда, уни созлаш лозим

Энг йирик 9 та суғурта компанияси мисолида бунинг гувоҳи бўлдик. Баъзи компаниялар агар ҳайдовчилар сони чекланган бўлса, полис сотмаяпти, бунинг сабаблари тушунарсиз.

Аксарият компанияларда имтиёзли тоифадаги фуқаролар учун полисни онлайн расмийлаштириш имконияти йўқ. Катта эҳтимол билан, тизим Пенсия жамғармаси билан интеграция қилинмаган, яъни фуқаронинг имтиёзли тоифага киришини автоматик тарзда аниқлай олмайди. Аслида, E-polis тизими кўпроқ мана шу тоифадаги фуқаролар оғирини енгил қилиш учун жорий қилинган эмасми?

2021 йил 9 ойи якунларига кўра, Ўзбекистондаги суғурта компаниялари 2 трлн сўмдан ортиқ суғурта мукофотини олган. Кўрсаткич йил сайин ўсиб бормоқда.

E-polis тизими жорий қилиниши – вақт талаби. 7-8 йил олдин коммунал хизматлар, мобил алоқа, интернет пулини уйда ўтирган ҳолда, бир зумда тўлашни тасаввур қилолмасдик. Бугун бу жараён жуда оддий ва қулай бўлиб қолди – тизим маромида созланди. E-polis тизими ҳам шундай бўлиши шарт.

 Нурмуҳаммад Саид

Top