Жаҳон | 14:58 / 23.01.2022
18631
4 дақиқада ўқилади

«У эмланишдан кўра касалланишни афзал кўрганди». Чехиялик қўшиқчи ўзига қасддан ковид юқтирди ва вафот этди

Чехияда Asonance фолклор гуруҳи вокалисти Гана Горка вафот этди, у атайлаб ўзига коронавирус юқтириб олганди - касалликни бошдан кечиргач, жамоат жойларига ташриф буюриш имкониятига эга бўлишни кўзлаганди. 57 ёшли қўшиқчининг ўлими ҳақидаги маълумотни BBC’га унинг ўғли тасдиқлаган.

Фото: JAROMÍR ZAJDA ZAJÍČEK

Горка ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида коронавирусга мусбат натижа берган тестидан кейин аста-секин тузалиб бораётгани ҳақида ёзганди, аммо у икки кун ўтиб вафот этган.

Қўшиқчининг ўғли Ян Рек инфекция унда ва отасида аниқланганида Горка ўзига ҳам коронавирус юқиши учун ҳаракат қилган. Рек ва отаси тўлиқ эмланган бўлган, аммо декабрь ойи охирида барибир вирус юқтириб олишган. Горка эса ўзини иҳоталаш ўрнига улар билан бирга яшашда давом этган. Шу билан бирга, эмланишни хоҳламаган.

«Бизнинг тестимиз мусбат натижа бергач, у бир ҳафта муддатга изоляция қилиши керак эди, аммо у биздан айрилмади», дейди Рек.

Қўшиқчи касалликдан тузалгач, Чехиядаги тартибларга кўра, айрим муассасалар, жумладан кинотеатрлар, бар ва кафеларга кириш учун талаб этиладиган ковид-пропускка эга бўлмоқчи эди. Горка ўлимидан икки кун олдин соғайиб бораётгани ҳақида ёзганди. «Энди театрга, саунага ва концертга боришим мумкин бўлади», дея ёзганди у.

Ўлими рўй берган кун тонгида қўшиқчи яқинларига ўзини яхши ҳис қилаётганини айтиб, сайрга чиқиш учун кийинган. Аммо бирданига унинг бели оғриб қолган ва у яна тўшакка қайтган. «Ўн дақиқа ўтиб барчаси тугади. У жон берди», дея ҳикоя қилади унинг ўғли.

«Фитна назарияларига ишонмаган»

Гана Горка Чехиянинг энг эски гуруҳларидан бири - Asonance фолклор гуруҳи хонандаси эди. У касалликни бошдан кечириб, чекловларсиз турли жойларга кириш имконига эга бўлиш мақсадида ўзига вирус юқтирган.

Ян Рекнинг айтишича, унинг онаси кантри ва фолк-мусиқа ихлосмандлари орасида афсона эди. FAMILY PHOTO

Ян Рек онаси эмланмаган бўлса-да, у вируснинг келиб чиқиши ёки вакциналар борасида ҳеч қандай конспирологик назарияларга таянмаганини айтади. «У шунчаки вакцинациядан кўра касалланиб иммунитет ҳосил қилишни афзал кўрди. У қандайдир микрочиплар ёки шунга ўхшаш бошқа нарсалар ҳақида гапирмаган», дея ҳикоя қилади қўшиқчининг ўғли.

Уни вакцина олишга кўндиришга уриниш бефойда эди, бундай масалаҳатлар унинг жаҳлини чиқариб юборарди, дея қўшимча қилган Ян Рек.

У бу воқеа кўпроқ одам вакцина олишига сабаб бўлишини истаган. «Агар кўз ўнгингизда ҳақиқий ҳаётдан мисоллар бўлса, бу графикалар ва рақамлардан кўра ишончлироқ бўлади. Рақамларни ҳис қилиш қийин», деган у.

Чехияда сўнгги кунларда кунига 20-30 минг атрофида янги касалланиш ҳолатлари аниқланган, шу вақтгача 2,7 миллиондан ортиқ киши касалликни бошдан кечирган, 37 мингдан ортиқ киши касаллик қурбони бўлган. Мамлакат аҳолиси 10,7 млн кишини ташкил этади.

Яқинда ҳукумат касаллик тарқалишига қарши курашиш мақсадида янги чоралар жорий этган, жумладан аҳоли ёппасига тест қилиниши бошланганди. Шу билан бирга, касаллик аломатсиз кечган ҳолларда иҳоталаниш даври 14 кундан 5 кунга туширилганди. Чехияда катта ёшли аҳолининг 63 фоизи тўлиқ эмланган - ЕИ мамлакатларида эмланган фуқаролар бўйича ўртача кўрсаткич 69 фоиз атрофида.

Мавзуга оид