13:21 / 27.01.2022
11013

CNN: АҚШ иттифоқчилар билан Шарқий Европанинг уч давлатига уч минг ҳарбий ташлашни муҳокама қилмоқда

Фото: CNN

АҚШ ва иттифоқчилар Россиянинг Украинага бостириб кириши таҳдиди туфайли Шарқий Европа мамлакатларига қўшимча ҳарбий контингент жўнатиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда CNN вазиятдан хабардор бўлган манбаларига асосланиб хабар тарқатди.

Тахминларга кўра, ҳарбийлар Болгария, Руминия ва Венгрияга жўнатилади — бу давлатларнинг ҳар бирига мингтадан.

23 январь куни The New York Times газетаси, АҚШ мудофаа вазирлиги президент Жо Байденга Шарқий Европа ҳудудига беш минггача ҳарбий жўнатиш, зарурат туғилган ҳолатда бу миқдорни ўн баробарга ошириш бўйича таклиф бергани ҳақида хабар тарқатганди.

Пентагон расмий вакили Жон Кирби кейинроқ АҚШ 8,5 минг ҳарбий хизматчини жанговар шай ҳолатга келтиргани ҳақида маълум қилганди. Айнан улар яқин вақт ичида Европага йўл олиши мумкин.

  • НАТО мамлакатлари россиялик ҳарбийлар Украина чегаралари томон сурилаётгани туфайли Шарқий Европага қўшимча кучлар жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бундан ташқари, Россия Беларусда қўшма машғулотлар ўтказмоқда. Россия ҳукумати Украинага ҳужум қилишга тайёрланмаётганини айтиб, ҳарбийларини ўз ҳудудида эркин ҳаракатлантириш ҳуқуқига эгалигини иддао қилмоқда.
  • «Единая Россия» партияси фракцияси етакчиси 26 январь куни мамлакат раҳбариятига мурожаат қилиб, тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикаларига қурол етказиб беришни сўради. Партиядагилар Украина ДХР ва ЛХРга ҳужум қилишга тайёрланмоқда деб ҳисобламоқда.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top