15:27 / 27.01.2022
9690

Янгиердаги янги рўзғорларнинг эски муаммолари: аҳоли ичимлик суви ва газ ҳисоблагич истамоқда

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги Темур Малик маҳалласининг Б сектор деб аталувчи ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолидан мурожаат келиб тушди. Улар энг аввало табиий газ ва ичимлик сувидан қийналишаётганини баён этишган.

Сайт мухбирлари аҳоли мурожаатида баён этган муаммоларни жойига бориб ўрганиб, мутасаддиларни саволга тутди.

Маълум бўлишича, Янгиер шаҳридаги энг катта маҳаллалардан бири ҳисобланадиган Темур Малик маҳалласи 2017 йилда «Обод маҳалла» давлат дастурига тушган. Маҳалла кўчалари ободонлаштирилган.

Маҳалла фуқаролари йиғини идорасида маҳалла ҳақида дастлабки маълумотларга эга бўлдик. «Темур Малик» МФЙ оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассиси Соҳиба Ғаффарованинг айтишича, маҳалла тўлиқ газлашган. Фақат янги иморат солган Б сектордаги айрим уйларга газ тортилмаган экан. Шунда ҳам, аҳолининг саъй-ҳаракатлари билан кўча бошигача газ қувури тортилган.

Соҳиба Ғаффарова

Мурожаат келиб тушган, Б сектор деб аталувчи ҳудудда 2016 йилдан сўнг аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш учун 6 сотихдан ер участкалари ажратилган. Илгари бу жойлар саноат зонаси бўлган.

Бу ерда яшаётган аҳоли табиий газ ва ичимлик суви борасида муаммоларга дуч келаётгани, канализация ўтказиш учун кўчалар кавлангани, ишлар суст кетаётгани туфайли энди кўчалар қишнинг ёғин-сочинли кунларида лой бўлиб кетиши ҳақида ўз эътирозларини билдиришди. Кўчаларга ҳеч бўлмаганда тош ва шағал аралашмаси тўшаб берилиши керак.

Чиндан ҳам аҳоли ўз кучи билан ўзлари яшаётган кўчаларнинг бошигача газ қувурларини тортган. Уйгача қувур тортиб газ тушириш учун АСКУГ ақлли газ ҳисоблагичлари ўрнатиш керак.

«Янгиершаҳаргаз» газ таъминоти филиали муҳандиси Жаҳонгир Аҳмедовнинг айтишича, 2019 йилдаги ҳисоб бўйича аҳолига тўлиқ ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинган. Бу фойдаланувчиларнинг ҳали ҳисоб-китоб счёти (лицевой счёти) очилмагани сабабли, қўшимча равишда 500 дона АСКУГ ҳисоблагичлар учун буюртма берилган. Бу ҳисоблагичлар газ таъминоти филиалига етиб келгунга қадар аҳоли бироз сабр қилиши кераклиги маълум қилинди. Кимда ким ўз ҳисобидан ҳисоблагич харид қилса, уни ҳисобга олиб, ўрнатиб беришлари мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди.

Жаҳонгир Аҳмедов. «Янгиершаҳаргаз» газ таъминоти филиали муҳандиси

Бироқ кимдир уйига зудлик билан газ туширмоқчи бўлса, 1 млн 200 минг сўмга ўз ҳисобидан АСКУГ ҳисоблагичи харид қилиши керак. Оилаларнинг ҳаммасида ҳам бунча ортиқча пул йўқ. Совуқ кунларда исиниш учун эса одамларга зудлик билан газ керак. Ҳозирча улар кондиционер ёрдамида жон сақлашмоқда. Шунингдек, овқат пишириш учун суюлтирилган газ баллони ўз вақтида етказиб турилганини айтишди.

Газ тортиш борасида бу манзилда яна бир муаммо бор: янги участкалар орасида ҳали уй кўтарилмаганлари ҳам кўп. Газ қувури тортишда уларнинг ҳам ҳиссалари керак бўлади. Кимлардир вақтида ер олиб қўйиб, банд қилган. Бугунги кунда фойдаланилмай ётган участкаларни хатловдан ўтказиб, давлат ихтиёрига олиб, эҳтиёжмандларга бериш кераклиги ҳақида ҳам фикр янгради.

Аҳоли шунингдек, ичимлик сувини ҳам узоқдан ташиб келаётганини билдирди. Бунга жавобан маҳалла раиси Ғулом Баратов секин-аста маҳалланинг янги иморатлар қад кўтараётган қисмида ҳам ободончилик ишлари амалга оширилиши ҳақида гапирди.

Айни вақтда маҳалланинг шу қисмида канализация тармоғи тортилмоқда экан. «Канализация билан биргаликда ичимлик суви ҳам тортилади, кўчалар ҳам текисланади», дея ишонтирди маҳалла раиси.

Ғулом Баратов, маҳалла раиси

Бир қараганда, узоқ қишлоқларда шароитлардан мосуво ҳолда умр кечираётганларга бу муаммолар арзимасдек туюлиши мумкин. Чунки маҳалланинг ҳавас қилгулик даражада обод қисмлари бор: кўчалар асфальтланган, катта қисми табиий газ билан таъминланган. Ичимлик суви ҳам бор. Фуқаролар маҳалланинг янги шаклланаётган қисмида ҳам шароитлар яхшиланишини исташмоқда. Чунки бу ерда асосан ёш оилалар истиқомат қилишади. Уларнинг қария-ота оналари, гўдаклари бор.

IBQVwiCn9zwVAL9T0nKlYRa9KTHgbJTk.jpg (900×625)

Муҳими, шароитни яхшилаш борасида ишлар бошланган. Биз эса Янгиернинг Темур Малик маҳалласида берилган ваъдалар қай тарзда бажарилиб, ишлар қай тарзда якунланишини кузатиб борамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top