15:06 / 28.01.2022
1648

Самарқандда таниш аёлнинг фотосуратларини тарқатишини айтиб, ундан пул олган шахс ушланди

Фото: Тергов департаменти

Самарқанд шаҳрида таниш аёлнинг фотосуратларини тарқатишини айтиб, ундан пул олган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йил 22 январ куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига шаҳарнинг «Ёшлар» МФЙда яшовчи, 27 ёшли Р.М. ариза билан мурожаат қилиб, таниши А.Ш.га қонуний чора кўришни сўраган.

У ўз аризасига кўра, Р.М. 2019 йил декабрдан 2021 йил августгача 21 ёшли А.Ш. билан яқин муносабатда бўлиб келган. Ўртадаги муносабат бузилганидан сўнг, А.Ш. унинг сир бўлиб қолишини истаган фотосуратларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, унинг оила аъзоларига олиб бориб кўрсатиш билан қўрқитган. Сўнг уларни ошкор қилмаслик эвазига 450 доллар пул талаб қилиб келган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида А.Ш. Самарқанд шаҳар Рўдакий кўчасида фуқаро Р.М.дан талаб қилинган 450 доллардан махсус кимёвий ишлов берилган 250 доллар ва 500 минг сўм олган вақтида ушланиб, пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ш. жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.

Тергов жараёнида А.Ш. Россия Федерациясига кетиш учун пул зарур бўлиб қолганлиги сабабли ушбу жиноятга қўл урганлигини маълум қилган.

Top