12:51 / 17.02.2022
18616

2021 йилда Ўзбекистон йўлларида содир бўлган ЙТҲ қурбонлари сони маълум қилинди

Ички ишлар вазирлиги 2021 йил учун йўл-транспорт ҳодисалари қурбонлари сони бўйича расмий маълумотларни эълон қилди. 

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲББ ахборот хизмати

Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистонда 2 426 киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбони бўлган, бу кунига ўртача 6 нафарни ташкил этади. 1 150 ҳолатда ҳайдовчилар пиёдалар ўтиш жойида одамларни уриб юборган. Йўл-транспорт ҳодисаларини асосан ҳали 30 ёшга тўлмаганлар содир этган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил давомида Ўзбекистонда 10 001 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган, 2 426 киши ҳалок бўлган, 9 230 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Статистик маълумотларга кўра, энг кўп бахтсиз ҳодисалар Фарғона вилоятида – 1 469 та, Тошкент вилоятида – 1 336 та ва Самарқандда қайд этилган – 1 129 та. Ундан кейин Наманган вилоятида – 1 082 та, Тошкент шаҳрида - 1 073 та, Андижон вилоятида – 848 та, Қашқадарё вилоятида 552 та, Қорақалпоғистон - 506, Бухоро вилояти - 436, Сурхондарё вилояти - 376, Хоразм вилояти - 342, Навоий вилояти - 329, Жиззах вилояти - 321 ва Сирдарё вилоятида кузатилган - 202 та.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмаслик – 2 010 та (20,1 фоиз), йўллар носозлиги – 2 009 та (20,1 фоиз), шунингдек, пиёдаларнинг йўлларни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишига алоқадор – 1 380 та (13,8 фоиз).

ЙТҲларнинг салмоқли қисмида пиёдалар иштирок этган - 4 698 нафар, шундан 1 621 нафари болалардир. Велосипедчилар иштирокида - 1 075 та, мотоциклчилар иштирокида 84 та ЙТҲ рўй берган. 

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 2 008 тасини 25 ёшгача бўлган ҳайдовчилар, 2 057 тасини эса 30 ёшгача бўлган ҳайдовчилар содир этган.

Top