16:50 / 09.04.2022
23792

Навоийда иккита янги олтин кони ишга тушди

Томди тумани ҳудудидаги мазкур конларнинг маъдан захираси 40 миллион тоннадан ортиқ.

Фото: “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ахборот хизмати

2022 йилнинг 7 апрел куни “Мурунтов” кони таркибидаги “Балпантоғ” ва “Томдибулоқ” конларида биринчи портлатиш ишлари амалга оширилган. Бу ҳақда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, янги конларнинг олтин таркибли маъдан захиралари комбинатнинг 2-гидрометаллургия заводига 33 километрлик темирйўллари орқали ташилади. Мазкур иккита кон 40 миллион тоннадан ортиқ маъдан захирасига эга.  

Конлардан қарийб 15 йил мобайнида йилига 3 миллион тоннадан олтинга бой маъдан қазиб олинади. Бу ишларни бажариш учун конга 7 та гидравлик экскаватор, 5 та бурғилаш қурилмаси, 23 та автоағдаргич, 2 та тепловоз ва бошқа кўплаб техникалар харид қилиш кўзда тутилган. Ҳозирда битта замонавий гидравлик экскаватори, 90 тонна юк кўтариш қувватига эга 10 та автоағдаргич келтирилган. Лойиҳа доирасида конда 653 та янги иш ўрни яратилади.

Top