12:55 / 12.04.2022
5051

Давлат дастури тегишли бандларининг 2022 йил 1-чоракдаги ижроси юзасидан «Ўзкимёсаноат» АЖ иштирокида матбуот анжумани ўтказилди

Фото: Uzkimyosanoat

Жорий йилнинг 11 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тегишли бандларининг 2022 йил 1-чоракдаги ижроси юзасидан «Ўзкимёсаноат» АЖ иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жамият бошқаруви раиси Ж.Мирзамаҳмудов, бошқарув раисининг ўринбосари Э.Коржиков, департамент, бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Анжуманда давлат дастури тегишли бандларининг 2022 йил 1-чоракдаги ижроси юзасидан аниқ ва батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, амалга оширилган ишлар бўйича тақдимотлар ҳам намойиш қилинди. Матбуот анжуманида қуйидаги маълумотлар тақдим этилди:

Саноат ишлаб чиқариши. 2022 йил январь-март ойларида “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари томонидан амалдаги нархларда 2878,9 млрд сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ёки давр прогнозига нисбатан 113,9 фоиз, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ишлаб чиқаришдаги ўсиш суръати 105,2 фоизни ташкил қилди.

2022 йил январь-март ойларида соф ҳолда 305,11 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарилди.

Экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши. 2022 йилнинг январь-март ойларида жами 99,3 млн долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилди. Асосий экспорт ҳажми Тожикистон, Туркманистон, Россия, Украина, Туркия, Хитой, Афғонистон ва Таиланд йўналишлари бўйича (66,6 фоиз) амалга оширилган. Шу билан бирга, калий маҳсулоти экспортининг асосий қисми Япония ва Таиланд давлатларига (56,8 фоиз), кальцинацияланган сода маҳсулотининг экспорти эса Тожикистон, Афғонистон ва Хитой давлатига (91,4 фоиз) тўғри келди.

2022 йилнинг I чорагида инвестиция ўзлаштириш кўрсаткичлари 44,5 млн долларни (режага нисбатан 100,1 фоиз) ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 137 фоиз кўп (2021 йил I чорагида 32,4 млн доллар) инвестициялар ўзлаштирилишига эришилди. Жорий йил якунига қадар жами 17 та лойиҳалар доирасида 402,7 млн доллар миқдорида инвестицияларни, шундан 363,6 млн доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий маблағларни ўзлаштириш режалаштирилган.

2022 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент вилоятида Чирчиқ кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-116-сон қарори қабул қилинган бўлиб, ҳозирда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихановлар иштирокида «Чирчиқ» Кимё-индустриал технопаркининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Татаристоннинг пластик ишлаб чиқарувчи «ВР-Пласт», ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарувчиси «Бионоватик» ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқарувчи «Натуральное здоровье» компаниялари технопаркнинг биринчи резидентлари бўлишди.

Технопаркнинг умумий майдони 31,2 гектар бўлиб, биринчи босқичда 14 та корхона фаолиятини йўлга қўйиш режалаштириляпти. Бу ерда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Технопарк тўлиқ ишга тушиши натижасида 2 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилади ва йилига 15 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади. Бунинг учун Россия, Германия, Жанубий Корея, Туркия, Хитой каби дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатидан олиб келинадиган замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилади. Барча саноат тармоқлари экологик талабларга жавоб беради. Технопарк ҳудудида махсус иқтисодий зоналар учун ўрнатилган алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади.

2035 йилгача кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастури ишлаб чиқилди ва қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Қарор лойиҳасида кимё ва газ-кимёси соҳаларини ривожлантириш ва табиий газни қайта ишлаш даражасини тармоқ корхоналари негизда газ-кимё технологик кластерларини ташкил этиш орқали 8 фоиздан 20 фоизга етказиш натижасида кимё саноатида 2 млрд АҚШ долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Шу мақсадда “Ўзкимёсаноат” АЖ негизида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятларида юқори қийматли товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган 4 та технологик кимё кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш натижасида углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади. Натижада қиймати 450 млн долларга тенг табиий газни чуқур қайта ишлаб олинадиган янги турдаги кимё маҳсулотлар қиймати 3 миллиард 900 миллион доллардан ошади. Кимё кластерларида ишлаб чиқариладиган кимёвий хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларни саноатининг бошқа тармоқларида қайта ишлаш натижасида янги маҳсулотлар қиймати 43,4 трлн сўмдан ошиб, қўшилган қиймат

2 баробарга кўпаяди. Хусусан, кимёвий хомашёларни автосаноат тармоғида қайта ишлаш орқали қиймати 6,7 трлн сўмга тенг 6 турдаги янги маҳсулотлар, қурилиш соҳасида қиймати 7,6 трлн сўмлик 11 турдаги маҳсулотлар, чарм саноатда 5,4 трлн сўмдан ошиқ 5 турдаги янги маҳсулотлар, саноатнинг бошқа тармоқларида қиймати 23,7 трлн сўмга тенг 53 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 февралдаги ПҚ-4992-сон қарорига мувофиқ “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги давлат ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг йирик акция улуши ҳамда “Деҳқонобод калий заводи” АЖ устав капиталидаги “Ўзкимёсаноат” АЖнинг йирик акция улуши хусусийлаштирилиши белгиланиб, Қарор ижросини таъминлаш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:

“Фарғонаазот” АЖни хусусийлаштириш жараёнларини амалга ошириш учун етакчи консультант этиб “Deloitte” халқаро консалтинг компанияси; активларни баҳолаш ишларини амалга ошириш учун “KPMG” халқаро аудиторлик компанияси белгиланган тартибда танлаб олинган ва ҳозирда тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қарор талабларига мувофиқ ушбу давлат активини сотиш жараёнларига Давактив агентлигининг стратегик консультанти сифатида Халқаро молия корпорацияси жалб этилиб, у билан жорий йил февраль ойида техник ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли шартнома имзоланди.

2021 йилнинг 10 декабрь куни тегишли улушларни (99,02 фоиз) очиқ танловлар орқали сотиш бўйича эълон берилиб, потенциал инвесторлардан қизиқиш бўйича аризалар (Expression of interest) олиш жараёни бошланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори билан “Дехқонобод калий заводи” АЖдаги акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича амалга ошириладиган тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, мазкур чора-тадбирларга мувофиқ “Фарғонаазот” АЖ ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг устав капиталидаги акция пакетларини хусусийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳи шакллантирилди. Сотиш жараёнига етакчи консультант сифатида “Deloitte”, баҳолаш ишларига - “KPMG” компаниялари белгиланган тартибда танлаб олинган ва жалб этилган. Ҳозирда тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнга Халқаро молия корпорациясини стратегик консультант сифатида жалб этиш шартлари келишилди. Хусусийлаштириш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда савдо жараёнларини янада юқори рақобат муҳитида ташкиллаштириш мақсадида Жамиятнинг акция улуши нархини  кон захираларининг (Тубегатан калийли туз кони) JORC стандартлари асосида таҳлил қилиш ва баҳолаш учун халқаро нуфузга эга бўлган DMT group инжиниринг консалтинг компанияси танлаб олинди.

Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якуни бўйича «Ўзкимёсаноат» АЖ натижалари.

Кимё саноатида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали соҳага замонавий технологияларни жалб этиш мақсадида жорий йилнинг 24-26 март кунлари Тошкент халқаро инвестиция форумида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳам қатнашди. Форум доирасида қиймати 1 млрд доллардан ортиқ 5 та инвестиция лойиҳаларини ҳамда қиймати 127,5 млн долларга тенг кимёвий маҳсулотлар экспорт шартномаларини амалга ошириш юзасидан шартномалар имзоланди. Жумладан, Навоий вилоятида калий нитрат ва калий сульфат, Тошкент вилоятида фосфорли минерал ўғитлар ҳамда Чирчиқ шаҳрида ўсимликларни ҳимоя қилишга мўлжалланган кимёвий воситалар ишлаб чиқариш ва кимё технологик кластери учун қуввати 800 МВтга тенг замонавий энергоблок қуриш лойиҳалари доирасида 2022-2027 йилларда жами 995,0 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 1 166 та янги иш ўринлари яратилади ва 10 дан ортиқ кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.

Форум доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан «Кимё инновациялари» мавзусида ташкил этилган «Бизнес Нонушта»да Япониянинг «Mitsubishi» ва «Toyota Tsusho Corporation», Германиянинг «Siemens Energy», Франциянинг «EDF», Сингапурнинг «Indorama Group», Саудия Арабистонининг «Sabic», Австриянинг «Bowas» ҳамда бошқа кўплаб чет эл компанияларнинг 100 дан ортиқ вакиллари, хорижий ва маҳаллий инвесторларга кимё саноатида хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар “road show” тақдимоти ўтказилди. “Бизнес нонушта” давомида хорижий компаниялар ва халқаро экспертлар томонидан қатор тақдимотлар ўтказилиб, ҳамкорлик ўрнатиш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Тошкент халқаро инвестиция форуми кимё саноати учун инвесторлар ва ҳамкорларни жалб қилиш учун кенг имкониятлар яратди.

Матбуот анжумани якунида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Telegram: https://t.me/uzkimyosanoat

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top