17:25 / 12.04.2022
36554

Самодаги аросат: Бир давлатдан учиб, бошқа давлатга қўнган фазогир

Осмон-у фалакни забт этиш ҳам ўзига хос кучли пойга, давлатлар тараққиёти ва қудратининг рамзи бўлиб келган. Инсон самога илк қадамлар қўйганига ҳам бугун 61 йил тўлди. СССР 1961 йил 12 апрелда фазога биринчи космонавт – Юрий Гагаринни чиқариб, катта устунликка эга бўлган бўлса-да, етакчиликни сақлаб қола олмади. Тез орада АҚШ фазовий дастурларда яққол олдинга ўтиб кетди.

СССРнинг илк фазогир ортидан эришган эйфорияси йилдан йилга сўна борди ва охир оқибат жуда ғалати оқибатларга ҳам олиб келди.

Пойга охиридаги вазият

СССР ва АҚШ самони забт этиш пойгаси ўтган асрнинг 80-йилларига келибоқ аниқ манзара ҳосил қилган, собиқ иттифоқ минг чиранмасин кўп жиҳатдан ортда қолаётганди. Бу пойга иттифоқнинг иқтисодий аҳволига мутаносиб кечди, яъни ердаги ишлар қанчалик ортга кетгани сари бу самода ўз аксини кўрсатмай қолмади.

Вазиятни 1988 йил 15 ноябрда самога кўтарилган “Буран” орбитал ракетоплани ҳам ўнглай олмади. Иттифоқ пропагандасида жуда катта ваҳима билан ёритилган бу парвоз аслида жон чиқардаги қичқириққа ўхшади-қолди. Чунки учувчисиз самога кўтарилган “Буран” 100 марта учиб қўнишга мўлжалланган бўлса-да, амалда биринчи ва охирги парвозини амалга оширди. Шундан кейин бу қимматбаҳо дастурни давом эттиришга имкон ҳам, пул ҳам қолмади.

Икки давлат фазогири

Сергей Крикалёв кўп жиҳатдан рекордчи бўлган. Лекин унинг ягона жиҳати бор – Крикалёв расман бир давлатдан учиб кетиб, бошқа давлатга келиб қўнган. Яъни у СССР даврида самога кўтарилган, қайтиб келиб қўнганида нафақат иттифоқ тарқалиб кетиб, Россия қабул қилиб олган, балки унга таниш манзаралар бутунлай ўзгариб кетганди.

1958 йилда Ленинградда туғилган Сергей Крикалёв ҳам совет иттифоқи, ҳам Россия Федерацияси қаҳрамони бўлган 4 инсоннинг бири бўлган. У 6 старт амалга ошириш ва 803 кун самода бўлиш бўйича рекордни ҳам 10 йил давомида сақлаб турган.

1991 йилнинг май ойида “Мир” станциясининг 9-экспедицияси сафида самога кўтарилган Крикалёв командир Анатолий Арцебарский ва британиялик фазогир аёл Хелен Шарман билан манзилга етиб бориб ишга киришишади. Шерман олдинги таркиб билан ортга қайтади ва Крикалёв билан Арцебарский станцияда қолишади. Бутун ёз давомида улар 6 марта очиқ самога чиқишади, кўплаб тажрибалар амалга оширишади.

Мураккаб парвоз

Режа бўйича Крикалёв 1991 йилнинг июлида Ерга қайтиши керак эди. Аммо бу пайтга келиб СССР космонавтикасининг ўзи ўлда-жўлда қолаётган, ерда қорин тўймай турган бир пайтда само билан бировнинг иши бўлмаётганди.

Шундай пайтда кейинги парвоз ортга сурилади, Крикалёвга бортмуҳандис сифатида станцияда қолиш таклифи билдирилади. Кейинги икки парвоз бирлаштирилади ва 1991 йилнинг 2 октябрида бортмуҳандис сифатида қозоғистонлик космонавт Токтар Аубакиров учиб боради. Лекин илк дақиқаларданоқ унинг узоқ парвозларга тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолади. Бу дастур доирасида австриялик биринчи фазогир Франц Фибек ҳам иштирок этаётганди. Орадан бир ҳафта ўтиб, 1991 йилнинг 10 октябрида Аубакиров, Фибек ва Арцебарскийлар ортга қайтишади.

Сергей Крикалёв яна қолишга мажбур бўлади ва қўшимча бир марта очиқ самога чиққанидан сўнг, 1992 йилнинг 25 мартида Ерга қайтади. Шу тариқа бу парвоз СССРдан учирилган ҳамда фазогир Россияга қайтган биринчи ва охирги дастур сифатида тарихга киради.

Албатта, космонавт ер билан алоқада бўлган, ундаги жараёнлардан қисман бўлса-да хабардор эди. Ердан узилиб аросатда қолиш, бутун бир экспедиция эгасиз самода кезиб юриш хавфи уни ўйлантиргани аниқ.

Фаолияти давомида Сергей Крикалёв 8 марта очиқ самога чиққан ва унда умумий ҳисобда 41 соат 26 минут бўлган. Энг давомлиси 27.07.1991 йил соат 08:44 да амалга оширилиб, 6 соат 49 минут кечган.

Иттифоқдан кейинги тақдир

Гарчи СССР тарқалиб кетган, ҳаммаёқ бетартиб аҳволга келган бўлса-да, Крикалёвга анъанага кўра олдиндан ажратилган “Волга” автомобилини тақдим қилишади ва у бу совғани олган охирги космонавт бўлди. Шунингдек, 311 сутка 20 соат 00 мин 34 секунд самода бўлгани учун унга Россия Федерацияси қаҳрамони унвони ҳам берилади.

1992 йилда НАСА АҚШ кемасида учиш учун тажрибали астронавт излай бошлайди ва Россиядан икки киши – Владимир Титов ва Сергей Крикалёв жалб қилинади. Қатор синовлардан кейин Крикалёв танлаб олинади ва маълум муддат НАСА учун ишлайди.

Қатор тайёргарликлардан сўнг АҚШ ва Россия ҳамкорлигидаги лойиҳалар амалга оширилади ва Крикалёв Американинг Discovery шаттлида учган илк россиялик сифатида ҳам тарихга киради.

Крикалёв шундан кейин ҳам икки давлат ўртасида ишлаб юрди ва қатор дастурларни амалга оширди. Ҳозирги кунда ҳам у “Роскосмос” корпорациясида маслаҳатчи бўлиб ишлайди, психология фанлари номзоди ва самолётларда мураккаб парвозлар бўйича етакчи мутахассис.

Крикалёв Ленин мукофотига 40 ёшидаёқ лойиқ кўрилган. 2018 йилдаги сайловларда у Владимир Путиннинг ишончли вакили бўлган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top