07:54 / 14.04.2022
9821

Кўп қаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этишни енгиллаштирувчи ҳужжат тайёрланмоқда

2022 йил 12 апрель куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси экспертлар гуруҳи мажлисида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Қўмита экспертлари таъкидлашича, сўнгги беш йил давомида жами 37 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлардан фойдаланишнинг техник хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини ўрганиш натижалари бўйича 61 мингдан ортиқ ҳолатда кўчмас мулк эгалари томонидан уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилмалар барпо этилгани аниқланган. Уларни бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилган.

Ўзбошимчалик билан барпо этилган ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид судларга аризалар тақдим этишда олдиндан давлат божи тўловини амалга ошириш белгиланганлиги туфайли ушбу мазмундаги материалларни судларга тақдим этишда бир қатор қийинчиликларга дуч келинмоқда.

Таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича ҳамда аҳолига бошқа хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда хизматлар кўрсатиш учун тегишли солиқ тўловларидан озод этилган. Аммо ушбу имтиёз бошқарув ташкилотлари фаолиятига нисбатан татбиқ этилмаётганлиги турли келишмовчиликларни юзага келтириши мумкинлиги қайд этилди.

Ушбу бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган ва муҳокама қилинаётган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, кўп квартирали уйлардаги муҳандислик-техник коммуникациялар ва уйнинг конструктив таянч қисмларининг зилзилага бардошлигини сақлаб қолиш ҳамда аҳолининг хавфсиз яшашига хизмат қилади, дейилади расмий маълумотда.

Top