Жаҳон | 11:05 / 22.04.2022
42569
4 дақиқада ўқилади

Афғонистонда бир кунда тўрт портлаш содир бўлди. Ўнлаб қурбонлар бор

Мозори-Шарифдаги шиалар масжидида содир бўлган портлаш натижасида 30дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Фото: AP

Пайшанба куни Афғонистоннинг турли ҳудудларида содир этилган тўртта портлаш оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.

Портлашларнинг биринчиси мамлакат шимолидаги Мозори Шариф шаҳридаги шиалар масжидида амалга оширилган, бу ҳужум натижасида 30 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 90 нафар атрофидаги киши яраланган.

Бу теракт учун жавобгарликни ИШИД террорчилари ўз зиммасига олган. Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган толиблар ИШИД кучлари тор-мор этилганини даъво этаётганига қарамай, бу гуруҳ ҳамон мамлакатда хавфсизлик учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда.

ИШИД жангарилари масжид биносидаги портлаш бу ерда одамлар кўп бўлган вақтда қопга солинган ва масофадан бошқариладиган мина орқали амалга оширилганини маълум қилган.

Гуруҳ бу ҳужумни ўз собиқ етакчисининг ўлими учун қасос олишга қаратилган глобал кампаниянинг бир қисми деб атаган.

Шу билан бирга ИШИД кун давомида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида рўй берган учта портлашга алоқадорлигини тасдиқламади, ҳозирча бу портлашлар орасида боғлиқлик борлиги аниқланмаган.

Қундуз полицияси раҳбарининг маълум қилишича, иккинчи портлаш шаҳардаги полиция бошқармаси олдида рўй берган ва бу ерда автомобил портлаган. Натижада тўрт киши ҳалок бўлиб, 18 киши яраланган.

BBC олган маълумотга кўра, учинчи портлаш мамлакат шарқидаги Нангарҳор вилоятида амалга оширилган, бу ерда толиблар автомобили йўлда ўрнатилган портловчи қурилма орқали портлатилиб, тўрт киши ҳалок бўлган ва бир киши яраланган.

Тўртинчи портлаш эса Кобулдаги туманлардан бирида содир бўлиб, икки бола жароҳат олган.

Бир неча кун олдин эса пойтахтдаги шиалар истиқомат қилувчи тумандаги мактабда бирданига икки бомба ҳаракатга келтирилганди, расмийлар маълумотига кўра, бу теракт оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган ва 20 нафар атрофидаги киши тан жароҳатлари олган. Ўтмишда ИШИД жангарилари ушбу ҳудудда портлашлар амалга оширишган, аммо улар сўнгги портлашларга алоқадорликларини тан олишмаган.

Ҳазораларга зарба

Гувоҳлар ва маҳаллий нашрлар хабар беришича, Мозори Шарифдаги Сеҳ Докан масжидида портлаш диндорлар намоз учун йиғилган вақтда содир бўлган. Бу - шаҳардаги энг йирик масжидлардан бири ва бу ерда Афғонистондаги озчиликни ташкил этувчи ҳазоралар вакиллари ибодат қилади.

Ҳазоралар ўтмишда ҳам тез-тез сунний мазҳабидаги жангариларнинг, жумладан ИШИДчиларнинг нишонига айланишган.

Сўнгги портлаш қурбонлари сони аниқ эмас, маълумотлар доимий равишда янгиланмоқда, аммо гувоҳларнинг хабар қилишича, портлаш шу қадар кучли бўлганки, атрофдаги биноларнинг деразалари тўкилиб тушган. Гувоҳлар масжиддан жуда кўп жасадлар олиб чиқилганини кўришган.

БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ричард Беннет бу ҳужумни қоралаб чиқди.

«Бугун Афғонистон янги портлашлардан зир титради, [...] ва яна ҳазоралар жамиятининг кўплаб вакиллари ҳалок бўлишди. Мактаблар ва масжидларга мунтазам ҳужумлар зудлик билан текширишни талаб қилади ва инсон ҳуқуқларига қарши бу тарзда  ҳужумлар тўхтатилиши керак», дея ёзган у твиттер саҳифасида.

Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралади.

«Ўзбекистон Республикаси муқаддас Рамазон ойи кунларида Кобул, Мозори Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралайди.

Тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган зўравонлик ҳаракатлари Афғонистонда барқарор тинчлик ва миллий тотувлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади.

Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид