Ўзбекистон | 15:16 / 17.05.2022
21756
2 дақиқада ўқилади

Болалар намойиш уюштирган 21-сон Меҳрибонлик уйи директори ишдан бўшатилди. Прокуратура жиноий иш қўзғатган

Бундан ташқари, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текширув давомида муассаса мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида кўп миқдордаги маблағлар талон-тарож қилинганлиги маълум бўлди.

Видеодан кадр

Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Юнусобод тумани прокурори раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан 21-сон Меҳрибонлик уйида норозилик намойиши уюштирилганлиги ҳақида хабар юзасидан ташкилот фаолияти текширилган.

«Текшириш давомида муассасада носоғлом ва қониқарсиз муҳит туфайли айрим тарбияланувчиларда норозилик кайфияти пайдо бўлганлиги ва намойиш уюштирилганлиги аниқланди. Шу сабабли, 26 апрель куни 21-сонли Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», - дейилади Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тақдим қилган маълумотда.

Бундан ташқари, текшириш давомида муассаса мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида ўзганинг кўп миқдордаги маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2022 йил 16 май куни Жиноят кодексининг 167, 205 ва 207-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид