19:00 / 20.05.2022
4830

Канн фестивалида Европа журналистлари ассоциацияси билан меморандум имзоланди

Фото: Uzbekistan’s club матбуот хизмати

Канн кинофестивали майдончасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Миллий PR-марказ ва Европа журналистлари ассоциацияси ўртасида бир қатор келишувларга эришилди.

18 майдан 22 майга қадар 75-Халқаро Канн фестивали доирасида Ўзбекистон Миллий павильони намойиш этилади. Унинг ёнида бошқа давлатлар, хусусан, АҚШ, Хитой, Австрия каби мамлакатлар миллий павильонлари жой олган. 

Фото: Uzbekistan’s club матбуот хизмати

Павильон иши давомида  Европа журналистлари ассоциацияси раҳбарларидан бири Dirk Vandereyken билан лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Ассоциация Ўзбекистонга ташриф буюришга катта қизиқиш билдирди, ўтказилаётган ислоҳотлар билан танишиш ҳамда туристик салоҳиятни ошириш мақсадида Ўзбекистонга етакчи Европа нашрлари журналистларининг пресс-турларини  ташкиллаштиришга оид келишувга эришилди.  

Фото: Uzbekistan’s club матбуот хизмати

Шунингдек, Европа журналистлари ассоциациясини июнь ойида Берлинда, июль ойида эса Парижда Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги кўмагида ўтказиладиган «Янги Ўзбекистон» форумларини ташкил этишга жалб қилиш тўғрисида келишувга эришилди. Dirk Vandereyken ушбу тадбирни ёритиш учун кўплаб Европа журналистларини жалб қилишда кўмаклашишга ваъда берди. Бундан ташқари, томонлар Орол денгизи муаммосини илгари суриш учун «Эртанги кун» мусиқий клипининг инглиз тилидаги версиясини яратишда Европа журналистлари ассоциациясининг кўмаги масаласини муҳокама қилишди. Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов ва «Электрооко» гуруҳи иштирокидаги мазкур клип 2021 йилда «Zamin» фонди ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан яратилган.

Фото: Uzbekistan’s club матбуот хизмати

Музокаралар якунида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Миллий PR-марказ ва Европа журналистлари ассоциацияси ўртасида муҳокама қилинган мақсадларни мустаҳкамловчи меморандум имзоланди.

 Uzbekistan’s club матбуот хизматиⓉ

Top