14:25 / 28.05.2022
7120

Сенат Ўзбекистонда миллий мессенжер  ва ижтимоий тармоқ яратилмаганини танқид қилди

Ўзбекистонда фақат бир марта 2016 йилда миллий ижтимоий тармоқ яратилган, бироқ у ҳам оммалашмаган.

Фото: KUN.UZ

Айни пайтда Сенатнинг 26-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Ялпи мажлисда Сенат томонидан Вазирлар Маҳкамасига “Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш масалалари” бўйича парламент сўрови юборилгани ва унга келган жавоб таҳлил қилинди.

Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиевнинг қайд этишича, парламент сўрови бўйича юборилган жавоб таҳлилига кўра соҳада бажарилмаган камчиликлар мавжуд. Хусусан, миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ яратиш бўйича ишлар қилинмаяпти.

“Сўровда хорижий ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ўрнини боса оладиган барча мавжуд имкониятларни кўзда тутган миллий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларни яратиш бўйича кўрилаётган чоралар сўралганди. Ҳукумат томонидан интернет тармоғида миллий контентни ривожлантириш механизмларига етарли эътибор қаратилмаган”, деди Фарҳод Боқиев.

Сенаторнинг маълумот беришича, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда ахборот коммуникацион дастурлар яратиш борасида илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва уларни амалиётга жорий этиш ишлари давом эттирилмаган.

“Ўрганиш давомида фақатгина 2016 йилда davra.uz миллий ижтимоий тармоғи ишга туширилгани аниқланди, унинг ҳам бугунги обуначилари сони 22,5 мингни ташкил қилади ва бу унинг оммалашмаганидан далолат беради. Мессенжер борасида “Uchar” миллий мессенжери 2016 йилда таклиф қилингани ҳақида қисқа маълумотни кўрдик”, деди Фарҳод Боқиев.

АКТ вазири ўринбосари Дониёр Рустамов яратилаётган миллий мессенжерлар оммалашмаётгани сабаблари ўрганилганини қайд этди. 

"Миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқларни яратиш ривожланмаётгани бўйича ишчи гуруҳ тузиб ўрганиш олиб бордик. Уларнинг ривожланмай қолаётганига бир қанча сабаблар бор. 

Бу биринчи навбатда аҳолининг бу ижтимоий тармоқларга ишончсизлик билдириши ёки оммалашмаётгани билан боғлиқ. Миллий мессенжер ишлаб чиқилгандан кейин улардаги маълумотларни узатиш ва қабул қилишда хавфсизлик масаласи ёки барқарор ишлаши, фойдаланувчилар учун платформада қулайликлар яратиш муаммолари аниқланиб, белгилаб олинди”, деди вазир ўринбосари. 

Унинг қайд этишича, шундан келиб чиқиб дастурий ишланмалар яратган муаллифлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари эшитилган. 

"Энг муҳими, сервер масаласи. Кўп ишланмалар муаллифларнинг ўз хонадонида ишлаб чиқилган ва хонадони ёки офисидаги серверларга уланган. Бундай серверларнинг эса имконияти катта эмас. Иккинчи масала маълумотларни узатиш ва қабул қилишдаги хавфсизлик билан боғлиқ. Ишлаб чиқилган мессенжерларнинг криптографик ҳимоя воситаларидан фойдаланилишини ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилиб, сертификатлаштириш керак бўлади", деди вазир ўринбосари.

Дониёр Рустамов йил охиригача ахборот хавфсизлиги талабларига тўла жавоб берадиган бир ёки бир нечта ижтимоий тармоқ яратилиши режалаштирилганини таъкидлади.

Шунингдек, ялпи мажлисда таълим муассасаларида медиасаводхонлик бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётгани, бу бўйича фақат тарқоқ тадбирлар ўтказилаётгани танқид қилинди.

Top