14:12 / 06.06.2022
17137

Самарқандда «Электрошокер воқеаси» такрорланмаслиги учун янги чоралар ишлаб чиқилди

Самарқандда қозоғистонлик туристларга электрошокер қўллаган ички ишлар ходимларига нисбатан чоралар, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги, кунлик режалар ва жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик бўйича статистикаларнинг пасайтириб кўрсатилиши — буларнинг барчасига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов иштирокидаги илк матбуот анжуманида бошқарма раҳбарлари томонидан аниқ жавоблар берилди.

Қизиқ жиҳати, ушбу матбуот анжуманини вилоятнинг барча туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарлари ҳам онлайн режимда кузатиб туришди. Ўзларига тегишли саволларга жавоб беришди.

Вилоят ИИБ бошлиғи Р.Маматов Kun.uz мухбирининг «электрошокер воқеаси» юзасидан берган саволига жавоб берар экан, Самарқанд шаҳридаги умумий овқатланиш масканларига сутка бўйи ишлашга рухсат берилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, нега хорижлик туристлар билан шаҳар кўчаларида рўй берган мазкур воқеага Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари жалб қилинмаганини ҳам тушунтирди. Маълум бўлишича, туризм полицияси фақат туризм объектларида хизмат вазифасини ўташар экан.

Умуман, бошқарма бошлиғи электрошокер қандай ҳолатларда қўлланилиши, ходимларнинг фуқаролар билан мулоқотида муомала маданиятини оширишга қаратилган махсус йўриқнома ишлаб чиқилгани, «электрошокер воқеаси»да эса хизмат вазифасини суиистеъмол қилган икки нафар ходим ишдан бўшатилгани, уларнинг раҳбарларига эса интизомий чоралар қўлланилганини айтиб ўтди.

Йўл-патрул ва пост-патрул хизматларига маъмурий баённома расмийлаштириш бўйича кунлик режа, шунингдек, участка нозирлари томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарлик статискаларининг пасайтириб кўрсатилиши оқибатлари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

Р.Маматов бу борада вилоятда вазирлик ёки бошқарма томонидан ҳеч қандай кунлик режа ўрнатилмаганини алоҳида таъкидлади. Бундай режалар ўрнатилиши ходимларнинг ўз ишига панжа ортидан қарашига замин ҳозирлаши, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ўрганилмасдан ёпиб юборилиши эса аҳоли ўртасида ички ишлар органлари ходимларига ишончсизлик келтириб чиқариши таъкидлаб ўтилди.

Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шавкат Бойхўрозов Самарқанд шаҳрида ҳаракат хавфсизлиги борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапира туриб, жумладан, шаҳарда трамвай бекатлари бошқачароқ қилиниши ҳақида таклиф берилганини айтиб ўтди. Шунингдек, Германиядан пиёдалар ўтиш жойига махсус тугма билан бошқарилувчи светофорлар келтирилаётгани, вилоятда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида камералар ўрнатилаётгани, кўчма радар қурилмалари ўрнатилган автомобиллар хизмат қилаётгани, бундай автомобиллар яна келтирилишини айтиб ўтди.

Журналистлар нега Самарқанд шаҳрининг марказий кўчалари асфальтлаб бўлинганидан сўнг ҳам 3-4 кунлаб очилмаётгани, айрим профилактика инспекторлари ўзларига ажратилган хизмат уйларида нега яшамаётгани, ЙПХ ва ППХ хизмати ходимлари қандай ҳолатда сирена ва чироқчалардан фойдаланиши кераклиги ҳақида саволлар беришди.

Энг асосий масала ички ишлар ходимларининг фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятини ошириш эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Журналистлар анжуманда Ички ишлар бошқармасининг жамоатчилик кенгаши тузилиши, унга таниқли журналистлар ва блогерлар ҳам аъзо қилиниши кераклиги хусусида таклиф билдиришди. Бошқарма бошлиғи ушбу таклифни инобатга олди ва шундай кенгаш тузиш ҳақида ўз ходимларига кўрсатма берди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда медиа орқали тарғибот муҳим ўрин тутиши раҳбарлар томонидан эътироф этилди. Шу сабабли келгусида бундай матбуот анжуманлари тез-тез ташкил қилинишига ваъда берилди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчилар: Жаҳонгир Алибоев, Фахриддин Ҳотамов
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Top