08:06 / 10.06.2022
7078

Тошкент аэропортида самолёт қўниши билан боғлиқ кенг кўламли ўқув машғулотлари бўлиб ўтди

9 июнь куни «Тошкент» аэропортида ҳаво кемасининг қўниши пайтида юзага келган фавқулодда вазиятни бартараф этиш бўйича тактик-махсус ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.

Фото: Uzbekistan Airports

Афсонага кўра, қўниш жараёнида самолётнинг олд шассиси ишдан чиқади ва натижада ёнғин бошланади. Самолёт бортида 75 йўловчи, экипаж аъзолари ва 10 кг хавфли юк бор. Аэропорт диспетчери учувчидан шасси носозлиги ҳақидаги сигнални олгач, барча хизматларни хабардор қилади. Аэропорт ва ягона авиация қидирув-қутқарув хизмати ходимлари зудлик билан учиш-қўниш майдонига етиб боради.

Фото: Uzbekistan Airports

«Уюштирилган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга аэропортнинг 13 та хизмати — 117 киши, 47 та техника ва Ту-154 ўқув самолёти жалб этилди. Шифокорлар ва қутқарувчилар ярадорларни эвакуация қилди, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатди, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчирди, радиация ва кимёвий ҳимоя бўлими хавфли юкларни туширди. Аэропорт ходимлари эса шартли йўловчилар. Ҳар бир кишига ўз «роли» ва фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун маълум вақт ажратилган. Ҳамма нарса имкон қадар ишонарли кўриниши керак», — дейилади Uzbekistan Airports хабарида.

Машғулотлар авиафалокат содир бўлган тақдирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент аэропорти бўлинмалари идоралараро ўзаро ҳамкорлигини амалий синовдан ўтказиш, аэропортдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда кадрлар тайёргарлигини ошириш мақсадида ўтказилди.

Фото: Uzbekistan Airports
Фото: Uzbekistan Airports
Фото: Uzbekistan Airports
Фото: Uzbekistan Airports
Фото: Uzbekistan Airports
Top