08:18 / 15.06.2022
8899

Британия Руандага ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш ниятидан қайтмоқчи эмас 

Буюк Британиядан Руандага ноқонуний муҳожирларни олиб кетмоқчи бўлган самолёт қочқинларнинг адвокатлари томонидан берилган даъволар туфайли уча олмади.

Фото: Getty Images

Британия расмийлари Руандага 30 дан ортиқ ноқонуний муҳожирни жўнатмоқчи бўлган Лондондан биринчи парвоз 14 июнь, сешанба куни сўнгги лаҳзада бекор қилинди. Бунга муҳожирларнинг адвокатлари томонидан сўнгги уч кун ичида Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига улар депортациясини ноқонуний деб эътироф этиш талаби билан берилган кўплаб даъволар сабаб бўлди. Сешанба куни суд депортацияни Британия судлари уларни олиб чиқишнинг қонунийлиги тўғрисида якуний қарор қабул қилмагунча тўхтатишга қарор қилди. Гап, хусусан, Руандани хавфсиз мамлакат сифатида тан олиш ва у ерда қочқин мақомини олиш тартиб-қоидалари масаласи ҳақида кетмоқда.

Британия касаба уюшмалари ва Англикан черкови етакчилари ҳам ноқонуний муҳожирларни ҳимоя қилиб, депортацияни «ахлоқсиз» деб аташди. Британия тахти вориси шаҳзода Чарлз ҳукумат режасини «даҳшатли» деб таърифлади.

Аввалроқ Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс самолёт бортида қанча одам бўлишидан қатъи назар парвоз амалга оширилишига ваъда берган эди. Бироқ судга даъво аризалари топширилгач, самолётда бирорта ҳам муҳожир қолмаган. Ички ишлар вазири Прити Пател (Угандадан келган ҳинд муҳожирларининг қизи) рейс уча олмаганидан афсусда эканлигини билдирди, аммо ҳукумат «керак бўлган ишни қилишда давом этишини» айтди.

Апрель ойида бош вазир Борис Жонсон Руанда билан эришилган келишувни эълон қилди: Британия у ерга ноқонуний муҳожирларни жўнатади, Руанда эса Лондондан иқтисодиётни ривожлантириш учун миллионлаб доллар сармоя олади. Депортация қилинган муҳожирлар, Буюк Британияга қайси давлатдан келганлигидан қатъи назар, Руандадан бошпана сўраши мумкин бўлади. Британия бош вазирининг фикрича, бу одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради ва кичик қайиқларда Ла-Манш бўғози орқали олиб ўтиш бўйича ноқонуний бизнесга чек қўяди. 

Бироқ, Британияда бу режа танқидлар тўлқинига сабаб бўлди. Жонсоннинг мухолифлари одамларни яшашни истамаган мамлакатига минглаб чақирим узоқликка юбориш ахлоқсизлик эканини таъкидламоқда. БМТ ушбу келишувни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб ҳисоблади. Сўнгги йилларда Буюк Британияга Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари: Сурия, Афғонистон, Эрон, Ироқ ва Ямандан кўплаб ноқонуний муҳожирлар келяпти. 

Top