19:02 / 02.07.2022
50725

“Қорақалпоғистондаги вазият ташқаридан манипуляция қилинаётган бўлиши мумкин” — Алишер Қодиров

“Бугунги жараёнларда ўзбек ва қорақалпоқ халқини алоҳида ажратмоқчи бўлган, уларнинг манфаатларини, орзу-ҳавасларини, қадриятларини бошқа-бошқа деб талқин қилишни истаган совет даврининг идеологик экспериментлари ўз таъсирини кўрсатяпти”, дейди депутат Алишер Қодиров. У Қорақалпоғистондаги вазият ташқаридан туриб манипуляция қилинаётган бўлиши мумкинлигини айтди.

Ўзбекистонда мустақилликдан кейинги даврда инсон манфаатлари учун ислоҳотлар ўтказишга эҳтиёж бор эди, дейди Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Конституциявий комиссия аъзоси Алишер Қодиров асосий қонуннинг 90-моддаси ва Қорақалпоғистонга оид қисмларидаги ўзгаришлар юзасидан Kun.uz'га берган интервюсида.

— Эълон қилинган Конституция лойиҳаси 90-моддасида президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш ёзилган. Бунга сабаб нимада ва нега айнан 7 йил?

— 90-модда – Конституцияда энг кўп муҳокама қилинган ва ўзгариши таклиф қилинган моддалардан бири. Айнан президентлик ваколати муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш ҳақида эмас, умуман моддага киритиладиган ўзгаришлар юзасидан жуда кўп таклифлар тушган. Ўзгаришлар юзасидан билдирилган 60 мингта таклифнинг катта қисми шу модда билан боғлиқлиги уни такомиллаштиришга бўлган эҳтиёждандир.

Айнан 5 йилдан 7 йилга ўзгартирилиши ҳақида гапирсам, мамлакат тақдирини ўзгартирадиган иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар учун маълум вақт керак бўлади. Бу – бутун дунё тажрибасида тан олинган жараён. Мажозий маънода айтадиган бўлсак, ерга қадалган уруғ ҳосил бергунига қадар 15 йил вақт кетади. Шундан келиб чиқиб, ҳар қандай ислоҳотни амалга ошириш учун ҳам маълум циклга кўра муддат белгиланиши керак.

Шу нуқтайи назардан 2 та 5 йиллик, яъни 10 йилда бир раҳбар бошлаган ишини якунига етказа олмайди. Ёки халқ учун манфаатли бўлган қайсидир жараённинг тўхтатилишига олиб келади. 2 та 7 йиллик муддат, яъни 14 йил бир номзод ўзининг бошлаган ишларини натижасини кўрсата олиши учун етарли бўлади.

Агар биринчи муддатда унинг фаолияти халқ томонидан ижобий баҳоланмаса, демак уни иккинчи маротаба сайлашмайди. Конституция ҳалқ билан бошқарув аппаратининг ўзаро келишуви ҳисобланади. Шундай экан, халқ бир президентнинг олиб бораётган ишларидан рози ва уни яна сайлашни хоҳлайди. Лекин Конституция бунга рухсат бермайди. Демак, халқнинг ҳуқуқлари чекланаётган бўлади. Бу – бизнинг қадриятларимизга зид тушаётган ҳолат. Бизда халқ нима деса шу бўлиши керак. Халқнинг ўзига қўйиб берайлик. Агар олиб борилаётган ислоҳотлар халққа ёқаётган бўлса, ишонч билдиради ва ислоҳотлар яна давом этиши мумкин.

Кимдир бу муаммоларни 5 ёки 7 йилда ҳал қилиб беришни айтса, мен ишонмайман, бу ёлғон бўлади. Юз йиллар давомида шаклланган муаммоларни ҳал қилиш учун халқнинг тўлиқ ишончига эришадиган бир раҳбарнинг барқарор ўзгаришларни амалга ошириши учун имконият бериш деб қабул қилишимиз керак.

Ҳозирги Конституциявий ўзгаришлар бир шахс учун қилинаётган масала эмас, Ўзбекистон бошқарув тизимида ўз ечимини кутаётган айрим муаммоларни бартараф этиш учун билдирилган таклифлардан бири сифатида қараш керак.

— Мустақил Ўзбекистон тарихида аввал ҳам президентлик муддати 7 йил бўлган, кейинчалик бу яна 5 йил қилиб ўзгартирилганди. Кўпчиликнинг назарида шу каби конституциявий ўзгаришларни шунчаки амалдаги президентнинг кўпроқ муддат лавозимда қолиши учун қилинади.

— Биз президентлик муддатига эмас, сайлов тизимининг шаффоф ва ҳаққоний ўтишига кўпроқ эътибор беришимиз керак. Диққатимизни шахсларга қаратяпмиз, шахсга эмас, сайловнинг очиқ ва демократиклигини таъминлашимиз зарур.

Айрим танқидчилар томонидан бу ҳокимиятдан кетишни истамаслик деб талқин қилиняпти. Бу ўзгаришлар кичик манфаатлар учун бўляпти, деган фикрдан йироқ бўлишимиз керак. Шахсан мен бунга асос кўрмаяпман.

— Лойиҳада Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлиқ ўзгаришлар ҳам мавжуд. Бу ўзгаришлар киритилишига қандай омиллар сабаб бўлди?

— Конституцияга киритилаётган Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлиқ ўзгаришлар билан танишганимда қорақалпоқ халқи ҳаётида юз берган кескин экологик инқироз, муаммолар, қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида киритиляпти, деган фикрга келдим. Бунга эътирозлар бўлиши ёки муаммоли ҳолат деб қабул қилиниши бизнинг демократик қарашларимиз ҳали тўлиқ шаклланмагани билан боғлиқ.

Бир қарор илгари сурилганда, қайсидир қатлам маъқуллаши ёки қоралаши оддий ҳолат. Бу – демократия белгиси ҳисбланади.

Лойиҳада қорақалпоқ халқининг манфаати, фойдаси учун давлатнинг кафолати белгилаб бериляпти. Бу бизнинг қорақалпоқ халқи дардига бефарқ эмаслигимизни билдиради. Бугунги жараёнларда ўзбек ва қорақалпоқ халқини алоҳида ажратмоқчи бўлган, уларнинг манфаатларини, орзу-ҳавасларини, қадриятларини бошқа-бошқа деб талқин қилишни истаган совет даврининг идеологик экспериментлари ўз таъсирини кўрсатяпти.

Ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали “пашшадан фил ясаш” ҳолатлари ҳам учрайди. Бизда бир нарса борки, эътирозли ҳолат эълон қилинади, лекин қўллаб-қувватловчи кайфият эълон қилинмайди. Улар кўпинча ўз фикри ва қўлловини сайлов участкасида эълон қилишади.

Бизнинг партиямиз билан ўтказган кузатувларимиз шуни кўрсатяптики, мазкур норози қатламнинг асосий қисми Қорақалпоғистон Республикасида яшайдиган қорақалпоқлар эмас. Яъни бошқа давлатларда яшаётган, бу ерда охирги йилларда рўй берган янгиликлардан бехабар одамлар. Бу эса балки бу вазиятни кимдир ташқаридан туриб манипуляция қилаётгандир, деган хулосага келтиради.

Айнан Қорақалпоғистонда яшаётган аҳолининг фикрини эса ўша ерга бориб аниқлаш керак. Биз буни қилдик, хулосаларимиз шуни кўрсатдики, Конституциявий ўзгаришларни қувватлаётган қатлам ҳам озчилик эмас. Тўғри, буни инкор этаётганлар ҳам бор, аммо қорақалпоқ давлатининг ривожланиши учун тўғри йўлни танлаётган аҳоли кўпчиликдан иборат.

Интервюда Алишер Қодиров 5 июл куни муҳокамаси якунланадиган лойиҳанинг кейинги жараёнлари ва ўтказиладиган референдум ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтди.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top