16:08 / 02.08.2022
47117

«Сунъий» Қозоғистон ва «мавжуд бўлмаган» Грузия. Медведевнинг саҳифасида навбатдаги шов-шувли пост чиқди

Россиянинг собиқ президенти ва собиқ бош вазири, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари бўлган Дмитрий Медведевнинг «ВКонтакте»даги аккаунтида эълон қилинган постда сиёсатчининг номидан Русь «яна бирлашиши», «қўшиб олингунига қадар Грузия умуман мавжуд бўлмагани», Қозоғистон эса - сунъий давлат экани ҳақида ёзилган. Кейинроқ пост ўчирилган, унинг тармоқда пайдо бўлиши эса аккаунт бузиб кирилгани билан изоҳланган.

Фото: Yekaterina Shtukina/AP

Медведевнинг аккаунтидаги ёзувлар 2 августга ўтар кечаси ярим тунда пайдо бўлди. Муаллиф «бундан буён ҳеч қандай суверенитетлар парадлари бўлмаслиги», советлар иттифоқи таркибида яшаган барча халқлар эса «яна биргаликда, аҳил ва иноқ бўлиб яшаши» ҳақида ёзади.

«Бунинг учун биз куч ва воситаларни аямаслигимиз керак. Киев ва Маророссиянинг барча ҳудудлари националистлар қўлидан озод этилгач (...) Русь яна бирлашган, қудратли ва енгилмас бўлиб қолади», дейилади постда.

Матн муаллифи Москва «славян халқлари етакчилигида»ги «сарҳадлари ҳеч қаерда тугамайдиган» ўз чегараларини тиклаш бўйича навбатдаги кампанияни бошлашини ваъда қилади.

Намуна сифатида у Грузия ва Қозоғистонни келтирган.

Постда ёзилишича, Россия таркибига қўшиб олинмагунича, Грузия деган давлат умуман бўлмаган — алоҳида таъкидланишича, 1801 йили ҳозирги Грузия ўрнида бешта суверен сиёсий тузилма бўлган: пойтахти Тбилиси бўлган Картли ва Кахетия, пойтахти Кутаиси бўлган Имеретия, Қора денгиз соҳилидаги икки князлик - Мегрелия ва Гурия ҳамда тоғли ҳудудлардаги Сванетия князликлари. Таъкидланишича, улар Россия империяси таркибидагина ҳозирги Грузия кўринишига келган.

Қайд этилишича, «Шимолий ва Жанубий Осетия, Абхазия ва Грузиянинг ҳозирги ҳудуди фақат Россия билан ягона давлат таркибидагина бирлашиши мумкин».

Постда Қозоғистонга «рус ерларида тузилган сунъий давлат» сифатида таъриф берилади. «Қозоғистон — бу сунъий давлат, собиқ рус ҳудудлари, масалан, Гурев, Семипалатинск шаҳарлари, ҳатто Олмаота ҳам 1924 йилгача Верний деб аталган», дея ёзади Медведев.

Муаллиф фикрича, Қозоғистон ҳукумати XXI асрда «республикадаги турли этник гуруҳларни кўчириш бўйича ташаббусларни амалга ошира бошлаган» ва буни «русларга нисбатан геноцид» деб баҳолаш мумкин. «Биз бунга жим қараб тура олмаймиз. У ерга руслар бормас экан, тартиб ҳам бўлмайди», дея хулоса қилади у.

Постга телебошловчи Ксения Собчак эътибор қаратди ва ундан скриншотлар эълон қилди. «Мен Дмитрий Медведевнинг ВКдаги саҳифаси бузиб кирилганига тикаман», дея ёзади у телеграм-каналида.

Тонгда Медведевнинг пости бўйича худди шундай изоҳ берилди. «Саҳифани бузиб кириб, пост ёзиб, уни эълон қилганларга эса «ВКонтакте» маъмурияти ва шундай ваколатга эга бўлганлар чора кўради», деди РИА Новости мухбирига Медведевнинг ёрдамчиси Олег Осипов.

«Медведевнинг «ВКонтакте»даги сўнгги пости 31 июлда жойланган бўлиб, Ҳарбий-денгиз флоти куни муносабати билан табрикдан иборат», дея аниқлик киритди у.

«ВКонтакте»да Медведевнинг 2,2 млн ўқувчиси бор, Телеграмда эса - қарийб 672 минг. У Телеграмдаги саҳифасини Украинадаги уруш бошланганидан кейин очганди.

Украина билан уруш бошлангач, Медведев ижтимоий тармоқларда ўзига хос бўлмаган даражада фаоллик кўрсата бошлади, у асосан бўлаётган воқеаларга нисбатан агрессив шарҳлар билдириб келди.

Масалан, июн ойида у телеграм-каналида ўз нафрати ҳақида ёзган, лекин кимга нисбатан эканига аниқлик киритмаган. «Мендан тез-тез нима учун Телеграмдаги постларим бу қадар кескинлиги ҳақида сўрашади. Жавоб бераман - мен улардан нафратланаман. Улар пасткашлар ва разиллар. Улар бизнинг, Россиянинг ўлимини исташади. Мен тирик эканман, улар йўқ бўлиб кетиши учун барча ишни қиламан», дейилади постда.

30 май куни эса Медведев Россия шаҳарларига ракета зарбалари берилгудек бўлса, Россия «жиноий қарорлар» «қабул қилинадиган марказлар» бўйлаб жавоб зарбалари йўллаши мумкинлиги, бундай марказлар фақат Киевдагина эмаслигини айтганди.

Медведев 2020 йил январида кутилмаганда бош вазирлик лавозимини Михаил Мишустинга бўшатиб бериб, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини эгаллаганди. Бу лавозим унинг учун махсус ташкил этилган - унга қадар бу органда ўринбосарлик лавозими бўлмаганди. Хавфсизлик кенгаши раиси эса Владимир Путиндир.

Top