08:07 / 11.08.2022
5090

Мирзо Улуғбек туманида тарқалган газ ҳиди одорант моддаси билан боғлиқ экани айтилди

Кеча, 10 август соат 9:00 дан бошлаб Мирзо Улуғбек туманидаги табиий газ истеъмолчилари томонидан газ сизиб чиқиши ҳолати бўйича бир қанча мурожаатлар келиб тушди. Туман ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: Мирзо Улуғбектумангаз

“Мирзо Улуғбектумангаз” газ таъминоти бўлими авария-диспетчерлик хизматига ушбу ҳолат юзасидан кўплаб буюртмалар келиб тушган. 

Қайд этилишича, буюртмалар сони кескин кўпайиб кетгани боис бош муҳандис, уста ва чилангарлар томонидан буюртмалар жойларга чиқиб  ўрганилди. 

Ўрганишлар натижасида тумандаги ГТПлар кириш-чиқиш босими меъёрда экани, газга одорант кўп қўшиб юборилгани аниқланди. 

Маълумот учун, табиий газ рангсиз, ҳидсиз, кўзга кўринмайдиган бўлганлиги учун этилмеркаптан - одорант моддаси газни ҳидлантириш учун қўшилади.

Ҳолат юзасидан аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар тумангаз ходимлари томонидан хонадонларга чиқилиб, тўғрилаш ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Қисқа вақт ичида газ таъминотида меъёрий ҳолат жойига келади, дейилади расмий хабарда.

Top