12:32 / 21.08.2022
74810

iPhone 14 нархлари, Хитойдаги “осмон поезди”, коинотдаги иссиқхона — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Янги iPhone 14 тақдимотига оз қолди

Аpple компанияси 7 сентябрда iPhone 14 смартфонининг янги моделлари тақдимотини ўтказади. Сотувлар бошланиши эса 16 сентябрга белгиланган. Бу ҳақда ўз манбаларга таяниб Bloomberg нашри хабар бермоқда.

Шунингдек, тақдимот куни Mac янги компютерлари , iPad планшетлари ҳамда Apple Watch ақлли соатларининг учта янги модели ҳам намойиш этилиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, iPhone 14 моделларининг нархлари қуйидагича бўлиши мумкин:

  • iPhone 14 – 799 доллар;
  • iPhone 14 Plus – 899 доллар;
  • iPhone 14 Pro –1099 доллар;
  • iPhone 14 Pro Max –1199 доллар.
Фото: mydrivers.com

Аpple тақдимот кунини ва янги смартфонларнинг нархларини расман тасдиқламаган.

Учувчисиз вертолёт

Россиянинг “Ростех” ҳолдинги БАС-200 деб номланувчи учувчисиз вертолёт синовлари якунланганини эълон қилди.

Фото: Ростех

Бу қурилманинг максимал парвоз баландлиги 3500 метр, учиш давомийлиги эса 4 соатни ташкил қилади; соатига 160 километр тезликда ҳаракатланади ва 50 килограммгача юк кўтариши мумкин.

БАС-200 геологик қидирув, ўрмонларни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, қидирув-қутқарув фаолияти каби тармоқларда қўлланиши кўзда тутилган.

Дунёдаги биринчи осма темирйўл

Хитойда дунёдаги биринчи Red Rail номли осма темирйўл синовдан ўтказилди. 800 метр узунликдаги экспериментал йўл Хитойнинг жанубидаги Цзянси провинциясининг Сингуо туманида жойлашган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қурувчилар 88 йўловчига мўлжалланган поездни ўн метр баландликка кўтара оладиган осма чизиқ механизмини ясашда магнитлардан фойдаланган.

Цзянси фан ва технология университети тадқиқотчиларининг фикрича, янги “осмон поезди” амалда электр энергиясини истеъмол қилмайди ва магнит майдон ёрдамида йўлнинг катта қисмини босиб ўтади. Электр энергияси эса фақат тезлаштириш ва секинлаштириш учун сарфланади. Шунингдек, доимий юк ташиш фаолиятига ҳам кам миқдорда электр қуввати керак бўлади.

Таъкидланишича, бундай йўлни қуриш нархи метро линиясини қуриш нархининг ўндан бир қисмини ташкил этади.

Маҳаллий транспорт маъмуриятининг маълум қилишича, поезд ўртача 80 км/соат тезликда ҳаракатланади. Синовлар жараёнида унинг максимал тезлиги 120 км/соатгача кўтарилган.

Марсда кислород олиш усули топилди

АҚШнинг Массачусетс технология институти раҳбарлигидаги халқаро тадқиқотчилар гуруҳи плазма ёрдамида Марс шароитида кислород олиш усулини ишлаб чиқди.

Электронлар ис гази молекуласи билан тўқнашганда уни парчалаб, кислород ва газлар аралашмасини ҳосил қилади. Плазмадан ажралиб чиққан иссиқлик кислород ажралишига ёрдам беради. Олимлар бу назарияни тажриба асосида исботлаб беришди.

Уларнинг сўзларига кўра, бу технология Марсда яшаш тизими ҳамда ёнилғини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ва ўғитлар ишлаб чиқаришда зарур бўладиган кимёвий моддаларни ишлаб чиқишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Янги ақлли қулоқчинлар

Sennheiser компанияси Momentum 4 Wireless симсиз қулоқчинларини тақдим этди. Янги маҳсулот 23 августдан бошлаб 350 доллар нархда сотувга чиқади.

Фото: Sennheiser

Қулоқчинлар қулай йиғиладиган дизайнда яратилган. Momentum 4 Wireless бир марта қувватланганда 60 соатгача хизмат қилиши мумкин, 10 дақиқалик қувват 6 соат мусиқа тинглаш учун етади. Smart Pause функцияси эса қулоқчинни ечганда овоз автоматик равишда тўхташини таъминлайди.

Шунингдек, Adidas компанияси ҳам Zound Industries билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган RPT-02 Sol номли симсиз қулоқчинларни намойиш қилди.

Фото: Adidas

Қурилманинг асосий хусусиятларидан бири – у фотоэлектрик панеллар билан жиҳозланган. Бу эса қуёш нури ёки бино ичидаги озгина сунъий ёруғлик ёрдамида ҳам қувватлантириш имконини беради.

Бундан ташқари, қулоқчинда қувватлаш учун USB Type-C тирқичи ҳам бор. Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, тўлиқ қувватлаш ёрдамида қулоқчин билан 80 соатгача мусиқа тинглаш мумкин.

RPT-02 Sol август ойининг охирида сотувга чиқиши кўзда тутилган. Қурилманинг нархи 229 долларни ташкил этди.

Коинотдаги илк тижорий иссиқхона

Redwire корпорацияси Ердан ташқари боғдорчилик бўйича тадқиқотларни кучайтириш учун 2023 йил баҳорида коинотда ўзининг биринчи тижорий иссиқхонасини ишга туширади.

Фото: NASA

Компаниянинг лойиҳа менежери Дейв Риднинг сўзларига кўра, космик инфратузилма лойиҳаси NASA'нинг Artemis ва бошқа лойиҳалари учун муҳим маълумотларни тақдим этади.

Artemis дастури космонавтларни Ойга жўнатиш ва узоқ муддатли Ой колониясини ташкил этишни мақсад қилган.

Redwire компаниясининг биринчи мижози тижорат қишлоқ хўжалиги технологияси бўйича Dewey Scientific компанияси бўлиши айтилди. Янги лойиҳа инсониятнинг космосда экин етиштириш имкониятларини кенгайтириши керак.

Ақлли қамоқхона

Буюк Британия ҳукумати 2025 йилда ақлли қамоқхона очилишини эълон қилди. Муассаса қуёш панеллари билан жиҳозланади, маҳкумлар эса планшет ва ноутбукларга эга бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 400 миллион фунт стерлингни (484 миллион доллар) ташкил этади. Қурилиш ишларини 2022 йилнинг кузидан бошлаб “Kier” фирмаси амалга оширишни бошлайди.

Янги муассаса Бирлашган Қироллик тарихидаги энг қиммат қамоқхона бўлиб, жиноятчиликни камайтириш учун янги ақлли технологиялар билан жиҳозланади.

Маҳкумларга бериладиган гаджетларда интернетдан фойдаланишга рухсат берилмайди, фақатгина ўқув курсларда қатнашиш, озодликка чиққандан кейин иш топиш учун янги касблар ўргатилади. Бундан ташқари, гаджетлар ёрдамида маҳкумлар қамоқхона шифокори қабулига ёзилиш, кутубхонага китоб олиш учун ариза бериш, шунингдек, оиласига қўнғироқ қилиш имкониятига эга бўлади.

Таъкидланишича, янги ақлли қамоқхонада фақатгина енгил жиноят содир этган шахслар жазо ўтайди.

Top