17:00 / 31.08.2022
37918

Аттестация можароси. Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни “тажриба қуёнчаси”га айлантирмоқда

Ўзбекистон ҳукумати минглаб ўқитувчиларнинг ойлигини салкам 1 млн сўмга камайтирадиган қарор чиқарди. 15 йилдан ортиқ стажга эга бу ўқитувчиларнинг олий тоифаси ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаб билан бекор қилиниб, улар оддий мутахассис даражасига тушириб қўйиляпти.

Шу йил март-июн ойларида мактаб ўқитувчиларининг аттестация имтиҳонлари бўлиб ўтган эди. Унда 294 мингдан ортиқ талабгор иштирок этиш учун мурожаат қилган. Аммо кўплаб ўқитувчилар бу имтиҳонлардан ҳукумат қарори туфайли қолиб кетишган. Бу эса энди уларга қимматга тушяпти.

Ҳолат қандай юзага келган?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарори билан, боғча, мактаб, коллеж ва техникумларнинг педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Низомнинг 6-бандида таълим ташкилотларида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга олий малака тоифали ўқитувчилар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги ёзилган эди.

Айни шу тартиб туфайли 2017 йилда олий тоифа олган ва 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга минглаб ўқитувчилар 2022 йил март-июн ойларида ўтказилган аттестация имтиҳонларига жалб этилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилнинг 2 август куни қабул қилинган 425-сонли қарори билан эса низомнинг 6-бандига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, олий тоифани олганидан кейин уни 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга ўқитувчилар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайди.

Педагог кадрлар ҳар 5 йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади. Аммо олий тоифага 2017 йилда ўтган ва 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга минглаб ўқитувчилар ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабига биноан шу йил баҳорда аттестация имтиҳонларига бормаган.

Эндиликда эса киритилган ўзгартириш туфайли улар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда сентябр ойидан оддий мутахассис тоифасига тушириб қўйилмоқда.

“Педагогнинг айби нимада?”

Айни шу масалада сайтга мурожаат қилган фуқарога кўра, бу ерда Халқ таълими вазирлиги адолатсизлик қиляпти.

“Эндиликда минглаб олий тоифага 2017 йилда ўтган ва стажи 15 йилдан ортиқ педагоглар сентябр ойидан оддий мутахассис тоифасига тушириб қўйилади. Шу тоифа асосида ҳақ тўланадиган бўлди. Бу ерда педагогнинг айби нимада? Ахир улар Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низом асосида аттестациядан ўтишмаган-ку?

Ўша пайтда Халқ таълими вазирлиги мард бўлиб: “Биз билмай карор чиқартириб кўйдик, шунақамиз, айтаверамиз ҳам, қайтаверамиз ҳам, мақсадимиз педагогларни касбидан бездириш, пировардида Ўзбекистон таълимини емириш”, деб айтганида, бу каби аросатда қолганлар ёзда тоифадан ўтиб олишарди”, – дейди мурожаатчи.

Ўқитувчилар ойига қарийб 1 млн сўм йўқотади

Аттестация имтиҳонидан ўтган ўқитувчи олий, биринчи ёки иккинчи даражали малака тоифасини олиши ва уни 5 йилгача сақлаб туриши мумкин. Мана шу тоифаларга қараб, педагогларнинг ойлик маоши ҳам ўзгаради.

Ҳозирда олий тоифали педагогнинг базавий тариф ставкаси 3 млн 550 минг, олий маълумотли педагог (мутахассис)ники эса 2 млн 575 минг сўм. Орадаги фарқ – салкам 1 млн сўм.

Навбатдаги аттестация имтиҳонлари октябр-ноябр ойларида ўтказилади ва тоифалари ўзгарган педагоглар келгуси йил январ ойидан белгиланган тартибда маош олишади. Демак, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда мутахассис тоифасига туширилаётган ўқитувчилар 2023 йил январгача ҳар ойда қарийб 1 млн сўм йўқотишади.

Kun.uz'га мурожаат қилган педагог агар бунақа бўладиган бўлса, 2017 йилда олий тоифа олганлар май-июн ойларида аттестацияга нега чақирилмаганига оид савол юзасидан ўз танқидий фикрини билдириб ўтган: “Чунки ўқитувчини, педагогни тажриба қуёни қилишга ўрганиб қолишган”.

Халқ таълими вазирлиги айбини тан оладими?

Халқ таълими вазирлиги 9 август куни шу масала юзасидан расмий муносабат билдирган.

“Унга мувофиқ, олий малака тоифага эга бўлганидан сўнг уни 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига (шу жумладан, декрет таътили даври ҳам) эга бўлган педагог кадрлар мажбурий аттестацияга жалб қилинмайдиган педагогларга аниқлик киритилди. Ҳозирги аниқлаштирилган таҳрирга асосан педагог-кадрлар олий тоифали бўлиб, ўз даражасини 3 марта мажбурий аттестацияда тасдиқлаганларидан сўнг умрбод олий тоифали бўлишлари мумкин”, – дейилади хабарда.

Лекин вазирлик бу ўзгартириш нега кеч қилингани, нима учун ўқитувчилар аттестацияга вақтида жалб этилмагани ҳамда эндиликда уларнинг тоифаси ва ойлик маоши нима бўлишига оид саволларни очиқ қолдирган.

Йўл қўйилган хато тузатиладими, деган савол билан Kun.uz боғланган Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати саволларимиз масъулларга етказилгани, бу масалани раҳбарият кўриб чиқаётганини билдирди.

Таълим инспекцияси нима дейди?

Ўқитувчиларга нисбатан бундай муносабат уларнинг ўз ишига муносабати ҳам ўзгариши, бу эса якунда таълим сифати ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Лекин Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бундан хавотир олаётганга ўхшамайди.

Kun.uz боғланган инспекция матбуот хизмати унинг органи ишлаб чиққан қарорга ўзгаришни бошқалар киритганини маълум қилди, лекин бунга ўз муносабатини билдирмади.

“Шу йилдан бошлаб аттестация имтиҳонлари икки маротаба ўтказиладидан бўлди. Кейинги аттестацияга жалб қилинадиган бу ўқитувчилар оддий тоифадан олий тоифагача бўлган жараённи босиб ўтмайдилар. Бу ўқитувчилар қайси тоифада бўлишса, шу тоифа билан аттестацияга ҳужжат топширади. Дейлик, бир ўқитувчининг олий малака тоифаси муддати 1 июн куни тугаб қолди. У нолдан бошламайди барча ишини, биз уни мана шу олий тоифани ҳимоя қилиши ёки биринчи тоифадан олийга, иккинчи тоифадан биринчи даражалига ўтиши учун чақирамиз.

Бу қарор (ВМнинг 425-сонли қарори) лойиҳаси муаллифи биз эмасмиз. Бу ўзгартириш нима учун киритилганига жавобни Халқ таълими вазирлиги беради. Биз фақат Вазирлар Маҳкамасининг 572-сонли қарор лойиҳасининг муаллифимиз. Ойлик масаласи бўйича эса Халқ таълими ва Молия вазирликлари қандай хулоса берса, шунга қараб йўл тутилади”, – деди инспекция ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов.

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz

Top