14:22 / 06.09.2022
8052

Тошкент ва Душанбе поезд чипталари нархини 20 фоизга арзонлаштиришга келишиб олди 

Ўзбекистон ва Тожикистон «Душанбе-Тошкент-Душанбе» йўналишида қатновчи поезд чипталари нархини пасайтиришга келишиб олди. Нарх 20 фоизга пасаяди.

Фото: Kun.uz

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва «Роҳи оҳани Тожикистон» раҳбарияти ўртасидаги музокаралар чоғида тегишли келишувлар тузилди

«2022 йил 6 сентябрдан бошлаб 301/302-сонли Душанбе-Тошкент-Душанбе йўналишида қатновчи халқаро йўловчи поезди чиптаси нархига қўшимча 20 фоиз чегирма тақдим этилади», — дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» хабарида. 

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги поезд жорий йилнинг 20 июнь куни йўлга қўйилган эди. У 10 та вагондан иборат: 4 та купе, 5 та плацкарт ва вагон-ресторан. 

Тошкентдан Душанбегача бўлган темирйўл масофаси - 916 км. Поезд душанба куни Душанбедан жўнаб, Тошкентга сешанба куни соат 13:43 да етиб келади. Сешанба куни соат 16:15 да Тошкентдан жўнаб кетади ва чоршанба куни Душанбега етиб боради. 

Плацкарт учун чипта нархи 340 670 сўм (тахминан 312 сомоний), купе - 417 040 сўм (тахминан 383 сомоний). 

Top