17:25 / 08.09.2022
60987

Сунъий интеллект ва хавфсизлик. Роботлар одамлар устидан ҳукмронлик қилиши мумкинми?

Сунъий интеллектга асосланган замонавий дунёнинг энг хавфли жиҳати шундаки, у «Ғолиб ҳамма нарсани олади» тамойилига асосланган. Бу эса ижтимоий кескинлик ва халқаро низоларни янада кучайтирувчи омил ҳисобланади. Халқаро майдонда эса нефть ва бошқа ёқилғи ресурсларига бўлган кураш каби маълумотлар базаси учун рақобат кенгайиб бормоқда.

Глобаллашган дунёда ривожланишнинг асосий омили техник ва технологик тараққиёт билан белгиланади. Шунингдек, илмий-технологиялар тармоғи, иқтисодиёт ва хавфсизлик ҳам бир неча асрлардан бери бир-бирига ўзаро таъсир кўрсатиб, синхрон тарзда ривожланиб келади. Бугунги кунда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга янги омил – сунъий ақл жадаллик билан кириб келди ва кундалик турмушимизда фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, Google энг кўп изланган буйруқларни эслаб қолиш ва тавсия қилиш имконига эга. Шу каби улкан маълумотларни йиғаётган корпорациялар уларни қайта таҳлил қилиш орқали сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларга фаол аралашмоқда. Маълумотлар базаси устидан назорат ўрнатиш кўплаб ҳукуматларнинг асосий мақсадига айланиб улгурди.

Сунъий интеллект ўзи нима?

Сунъий интеллект деганда инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизим тушунилади. Ушбу атама, шунингдек, ўрганиш ва муаммоларни ҳал қилиш каби инсон ақли билан боғлиқ хусусиятларни намойиш этадиган ҳар қандай технологияга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин. Сунъий интеллектнинг идеал хусусияти – бу аниқ мақсадга эришиш учун энг яхши имкониятга эга бўлган ҳаракатларни баҳолай олиш ва амалга ошириш қобилиятидир.

АI дунёси деярли чексиздир, у ўсиб бораётган муҳандислик ва компьютер имкониятлари ҳисобига катта таъсир кўрсатиш қудратига эга бўлиб бормоқда. Турли тор функциялар, вазифалар ва фаолиятлар аллақачон инсон қобилияти ва ундан юқори даражада амалга оширилиши мумкин, баъзан эса инсонга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Тадқиқотларга кўра, кейинги ўн беш йил ичида АI технологиялари жамият ҳаётига бошқа ҳар қандай эришилиши мумкин бўлган ютуқлардан кўпроқ таъсир кўрсатади ва глобал инқилоб даражасидаги ўзгаришларни амалга оширади. Бу икки хил таъсир сегментлари орқали характерланган: биринчидан, АI технологияларининг компаниялар ва бандликка жиддий таъсири бўлади. Шу муносабат билан бир-бири билан чамбарчас боғланган компаниялар ва катта маълумотларга асосланган қарорлар қабул қиладиган ташкилотлар гуруҳлари пайдо бўлади, бу эса улар ўртасида глобал рақобатнинг кучайишига олиб келади. Иккинчидан, одамлар сунъий интеллект туфайли чексиз қўшимча имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. 

Тобора қудратли кучга айланиб бораётган «дронлар»

Охирги йилларда халқаро муносабатлар тизимида юз берган баъзи бир ҳолатлар ҳам ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа тизимларининг бевосита ва билвосита АI технологияларига боғланиб бораётганлигини кўрсатади. Хусусан, 2021 йилда АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши билан сиёсий мувозанатнинг ўзгариши фақатгина Афғонистонда содир бўлмади. Бу каби жараён Ироқда ҳам рўй берди. Бу халқаро тенденция сиёсий ва иқтисодий марказларнинг кўчиши билан ҳам изоҳланади. Янада эътиборлиси, бу ўзгаришлар фақатгина географик нуқтайи назардан эмас, балки технологик жиҳатдан ҳам содир бўлди. Дронларнинг кашф этилиши ва уларнинг бир қанча операцияларда муваффақиятли қўлланилиши АҚШ учун эндиликда кўплаб ҳудудларда йирик харажатларга сабаб бўлувчи базаларни сақлаб туришдан манфаат йўқлигини кўрсатди. Агар Афғонистон ёки Ироқда ҳарбий амалиёт зарур бўладиган бўлса, Вашингтон бу ишни Қатардан учирилган бошқарувсиз техникалар ёрдамида уддалаши мумкинлигига амин бўлди. З. Бжезинский «Буюк шахмат доскаси»да таъкидлаганидек, Москва ёки Пекин билан рақобатлашув учун ҳам замонавий дунёда Афғонистон ёки Ироқда қўшин сақлаб туриш Қўшма Штатлар учун ўз аҳамияти йўқотди. Бунга сабаб сифатида, бу рақобат майдони қуруқлик, денгиз ёки ҳаво бўшлиқларидан кибер бўшлиқ ёки космик кенгликларга кўчгани билан изоҳланади. Қуруқликда кўп сонли контингентларни ушлаб туриш ўз долзарблигини йўқотиши билан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари қўшинларини босқичма-босқич эвакуация қила бошлади. Уруш ҳудудларида қуруқликдаги аскарларнинг сони камайтирилиши армиялар кўпроқ энг замонавий рақамли технологияларга, шу жумладан, сунъий интеллектга суянишини тақозо этади.

АI урушда инсон иштирокини камайтириш потенциалига эга. Биринчидан, сунъий интеллект уруш ва уруш билан боғлиқ операцияларда қатнашиш учун зарур бўлган инсон ва машина ресурсларининг тақсимланишини ўзгартириб юбориши мумкин. Иккинчидан, сунъий интеллект операциялар тезлигига таъсир қилади, бу парадоксал равишда қарор қабул қилиш вақтини камайтиради. Айтиш мумкинки, сўнгги ўн йил ичида ҳеч қандай янги ҳарбий технологиялар мутахассислар томонидан дронлардан кўра кўпроқ эътиборга олинмаган, чунки дронлар ахборот асрининг замонавий урушларида энг кўзга кўринган технологик восита сифатида оммалашиб бормоқда.

Сўнгги ҳарбий ҳаракатларда кузатилган тенденция ҳам стратегик устуворликларни тубдан ўзгартиришга ундади. 2020 йилнинг кузида Озарбойжон ва Арманистон ўртасида юз берган қисқа муддатли урушда арманларнинг танкларини озарлар Туркия томонидан етказиб берилган арзон, учувчисиз дронлари ёрдамида йўқ қилди. Бу аппаратлар бошқарувчи ҳаётига хавф туғдирмаган ҳолда нишонга зарба беради. Баъзи экспертларнинг фикрларига кўра, айнан Қорабоғ урушида дронларнинг таъсири «тактик ўйинни ўзгартириш» даражасида аҳамият касб этган.

Дронлар инсон омили ва молиявий харажатларни кескин камайтиргани учун давлатлар бундан кейинги даврда урушларга кириши кўпроқ кузатилиши мумкин. Бу эса, агар дрон инқилоби амалга ошириладиган бўлса , давлатлар ўзларининг мудофаа сиёсатларини сезиларли даражада қайта кўриб чиқишлари кераклигини англатади. Жанговар учувчисиз дронлар бир вақтлар ҳарбий қудратли кучларнинг асосий «фишка»си бўлиб келган бўлса, бугунги кунда кичик давлатлар томонидан ҳам уларга эга бўлишга ҳаракат ортиб бормоқда. Инсониятнинг ҳарбий тарихи давомида ягона қурол тизими бутун уруш даврининг тимсолига айланган даврлар бўлган. Ўрта асрларда инглиз камончилари томонидан қўлланилган узун камон бошқа душман кучларининг саросимага тушиб қолишига олиб келган. Шунингдек, Қўшма Штатларнинг ҳарбий муваффаққиятида ҳам технологик инновацияларнинг ўрни сезиларли даражада муҳим аҳамиятга эга бўлган. Америка фуқаролар уруши даврида АҚШ президенти Авраам Линколн ўз ҳарбийлари билан алоқа қилиш, стратегияни мувофиқлаштириш ва қўшинларни ҳаракатлантириш учун замонавий телеграф тизимидан фойдаланган.

Бугунги кунда ҳам АI технологияларининг мудофаа соҳасида қўлланила бошлаши инқилоб сифатида кўрилмоқда. Бу инқилобнинг аввалги ҳарбий инқилоблардан фарқли жиҳати сифатида АI технологияларининг аввал ижтимоий соҳаларда, кейин эса ҳарбий соҳаларда ҳам фойдалана бошлаши билан боғлиқ. Олдинги ҳарбий технологик салоҳиятга эга бўлган қуроллар, масалан ядро қуроллари аввал ҳарбий соҳада қўлланилган ва кейинчалик кундалик ҳаётдаги тармоқларга интеграция қилингани билан характерланади. Бу эса ушбу давр мобайнида мудофаа соҳасида тадқиқотлар учун маблағларнинг тежалишига имконият ҳам яратиб берди. Гитлер Германиясининг Иккинчи жаҳон урушигача яратган махфий қуроллари сингари, сунъий интеллектга асосланган дронлар ёки роботлар ҳам дунё мувозанатини ўзгартириш потенциалига эга ҳисобланади. Шу сабабли, ушбу технология соҳасидаги тадқиқотлар шаффоф бўлиши ва ишлаб чиқилган қуроллар ядро қуроли режимидаги каби халқаро ҳуқуқ нормалари билан чекланиши керак. Чунки тобора илғорлашиб бораётган технологиялар инсоният келажагига таҳдидларни кўпайтириши мумкин.

Янги дунё «гигантлари»

1648 йилда Вестфалия шартномаси билан пойдевори қўйилган замонавий миллий давлатлар ҳукмронлик қилган халқаро тизимда кун сайин ўз таъсири ва қудратини ошириб бораётган янги бир куч пайдо бўлди. Ушбу янги куч – технологик ютуқлар натижасида катта айланмаларни бошқарувчи глобал технологик компаниялардир.

10 йил олдин дунёдаги энг қиммат компаниялар рўйхатига атиги иккита технологик компания кирган бўлса, 2022 йилги маълумотларга кўра, ушбу Тop-10'талик рўйхатдан рақамли технологияларга асосланган тўққизта компания ўрин олган.

Бугунги кунда ушбу компанияларнинг товар айланмаси ва даромади халқаро тизимдаги кўплаб миллий давлатларнинг иқтисодий салоҳиятидан ҳам ошиб кетди. АI’нинг янада ривожланиши эса технологик тараққиёт илдизига боғланган ушбу компанияларнинг янада қудратли бўлишига ва ижтимоий тенгсизликнинг ортишига олиб келиши мумкин.

Бирор инсоннинг рўйхатдан ўтган жойи ҳақидаги маълумот ва Google қидирув тарихи бирлашганда, унинг соғлиғи, харид қилиш хулқ-атвори ва сиёсий имтиёзлари ҳақидаги жуда кўплаб батафсил ахборотлар тўпламига эга бўлиш мумкин. Бу эса ижтимоий мониторинг ва кузатишнинг энг катта маълумотлар базасига эга бўлиш имкониятини яратади. Бундай назорат эса энди аввалгидек меҳнат талаб қилмайди, чунки оммавий профиллаш инфратузилмалари ҳам асосан алгоритмга асосланган. Бу эса автоматлаштиришнинг ушбу тузилмаларини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлган алгоритмлар, дастурчилар ва технология компанияларининг давлатлар ва халқаро сиёсий институтлардан қисман мустақил бўлган янги куч манбасига айланиб боришида ҳал қилувчи рол ўйнамоқда. 

Сунъий интеллектнинг давлатлардаги сиёсий жараёнларга таъсири

Замонавий даврда сиёсий номзодлар сайловчиларнинг ишончини қозонишда ва уларнинг қўллаб-қувватловига эришиш учун чекланган миқдордаги воситаларга эга. Аммо кейинги даврда сунъий интеллект ёрдамида бу воситалар мисли кўрилмаган даражада ошиши мумкин.

Технологияларнинг алгоритмик баҳолаши парламентда қайси қонун лойиҳалари қабул қилиниши, сайловчиларни жалб қилиш ва муҳим сиёсий масалалар ҳақида кўпроқ хабардор бўлишга ёрдам бера бошлайди. Бу каби фойдаланиш эса жиддий муаммоларни келтириб чиқаради, чунки сунъий интеллект индивидуал сайловчиларни манипуляция қилиш учун ишлатилиши мумкин.

Масалан, 2017 йилда Буюк Британияда бўлиб ўтган умумий сайловларда ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар ва сохта хабарларни тарқатиш учун сиёсий ботлардан фойдаланилган. Ботлар - бу оммавий қўллаб-қувватлаш иллюзиясини яратиш учун бир томонлама сиёсий хабарларни агрессив равишда тарқатиш учун дастурлаштирилган автоном тизимлар вазифасини ўтаган. Ушбу жиҳатларга урғу қаратган баъзи экспертлар сунъий интеллектни “демократияни буғиб қўювчи” восита сифатида кўришмоқда.

АI демократияга зарар етказади ва авторитаризмни кучайтиради, деган қарашлар кўпайган бўлса-да, бу кўпроқ нисбий, бир томонлама тушунчадир. АI инсоният тараққиётидаги ҳар қандай муайян режим турига қарши ёки унга хос мафкуравий қарама-қаршиликларни ифодаламайдиган нейтрал позицияни ифодаловчи муҳим фактор вазифасини бажариши керак.

АI «ёпиқ технология» сифатида инсон ва машинанинг ўзаро таъсирида катта нохолисликни келтириб чиқаради ва иштирок этишдан кўра марказлаштирилган бошқарув тузилмаларини мустаҳкамлайди, деган қарашлар мавжуд. Ўз навбатида сунъий онг «электрон демократия» қарор топишида асосий ўринни эгалловчи омил сифатида ҳам кўрилади.

Мутахассислар бир пайтлар интернет бошқарувини «демократик» ва «авторитар» доменларга ажратган. Бугунги кунда эса дунё «техно-демократия» ва «техно автократиялар» ўртасида бўлинишни ўз бошидан кечирмоқда. Шу нуқтаи назардан АI'га асосланган технологияларнинг тараққиёти сабаб дунё демократик ва авторитар хусусиятларни ўзида мужассам этган миллий ёки минтақавий доираларга бўлиниб бормоқда. Шу жиҳатдан, келажакда сунъий интеллект технологияларидан фаол равишда фойдаланиш демократик давлатларни яна демократлаштириши, авторитар давлатларни эса янада авторитарлаштириши эҳтимоли мавжуд.

Иқтисодий тараққиёт

 Accenture консалтинг компанияси томонидан 12та ривожланган мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 2035 йилга келиб сунъий интеллект йиллик глобал иқтисодий ўсиш суръатларини икки баравар ошириши мумкин. Ушбу ўсиш учта муҳим жиҳат билан характерланган. Биринчидан, бу инновацион технологиялар туфайли меҳнат унумдорлигининг (40 фоизгача) кучли ўсишига олиб келади ва ишчи кучи билан боғлиқ вақтни янада самарали бошқариш имконини беради. Иккинчидан, АI янги виртуал ишчи кучини яратади: бу "ақлли автоматлаштириш" дея номланиб, муаммоларни ҳал қилиш ва ўз-ўзини бошқариш функцияларига эга бўлади. Учинчидан, иқтисодиёт турли тармоқларга таъсир кўрсатадиган ва янги даромад манбаларини яратадиган инновацияларнинг тарқалишидан ҳам фойда кўради.

McKinsey Global институти прогнозларига кўра, сунъий интеллект 2030 йилга бориб тахминан 13 триллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча иқтисодий маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин, бу эса глобал ЯИМни ҳар йили тахминан 1,2 фоизга ошириш ҳисобига амалга оширилади. 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, сунъий интеллектга асосланган замонавий дунёнинг энг хавфли жиҳати шундаки, у  «Ғолиб ҳамма нарсани олади» тамойилига асосланган. Бу эса ижтимоий кескинлик ва халқаро низоларни янада кучайтирувчи омил ҳисобланади.

Шунингдек, халқаро майдонда нефть ва бошқа ёқилғи ресурсларига бўлган кураш каби маълумотлар базаси учун рақобат кенгайиб боради. Киберхавфсизлик эса мамлакатлар дахлсизлигининг бир қисмига айланса ҳам ажаб эмас. 

Достон Аҳроров

Top