Ўзбекистон | 22:24 / 16.09.2022
22743
4 дақиқада ўқилади

Дунёни қутблашмасликка чорлаган Самарқанд саммити якунланди

Самарқандда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 22-саммити ўз ишини якунлади. Бугун саммит доирасидаги асосий расмий тадбирлар бўлиб ўтди.

Дастлаб ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари тор доирада музокара ўтказди. Бу 8 раҳбар қаторидан ҳозирча Эрон жой олмади. Саммит доирасида Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Шунингдек, Беларусни ҳам ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёни расман бошланди.

Жами имзоланган ҳужжатлар сони 44 та. Улар орасида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро савдода миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси”, ташкилотнинг кейинги 5 йиллик режаси ва саммитнинг бош ҳужжати – Самарқанд декларацияси ҳам бор.

8 та давлат бу декларацияни имзолаш орқали замонавий дунёда беқарорлик ортиб бораётганидан хавотир билдирди. Улар дунёда демократия ва адолат устуворлиги ортиши лозимлиги, дунё тартиби кўп қутбли бўлиши кераклигини таъкидлади. Ҳужжатда, шунингдек, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатиш ва таҳдидлардан тийилиш каби принциплар ҳурмат қилиниши кераклиги ёзилган.

Самарқанд декларацияси билан ШҲТ аъзолари бу ташкилотнинг ҳеч қайси бир учинчи томонга қаратилмаганини яна бир бор эълон қилди. Бу масалага Шавкат Мирзиёев ҳам ўз чиқишида алоҳида тўхталди. Президент ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиш муҳимлигини айтди. Ўзбекистон етакчиси иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, хавфсизлик, Афғонистон ва экология масалаларида бир нечта таклифларни илгари сурди.

Шундан кейин саммитнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аъзо давлатлардан ташқари, кузатувчи ва ҳамкор мақомидаги расмийлар ҳамда фахрий меҳмонлар ҳам қатнашди. Айни шу йиғилиш давомида тожик-қирғиз чегарасидаги вазият алоҳида хавотирли тус олди. Икки мамлакат чегарачилари ўртасида саммитдан олдин ҳам қисқа отишмалар рўй берган эди, лекин айнан бевосита анжуман давомида анча жиддий қуролли низо рўй берди. Қирғизистон томони Тожикистон чегарачиларининг оғир артиллерия, хусусан бирваракайига ўт очиш тизимларидан фойдаланаётганини маълум қилиб, чегарадаги бир нечта қишлоқларни эгаллаб олишга уринишда айблади.

Томонлар бир неча марта ўт очишни тўхтатишга келиб олишган, хусусан саммитдан кейин Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ана шундай келишувга эришган бўлса-да, бу келишувлардан кейин ҳам чегарадаги вазият буткул барқарорлашгани йўқ.

Саммитдан кейин нафақат Жапаров ва Раҳмон, балки бошқа раҳбарлар ҳам ўзаро икки томонлама учрашувларини давом эттирди. Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар ўтказди. Эрдўған ва Моди, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашди.

Меҳмонлардан айримлари ташриф давомида ўзларини қизиқтирган жойларга ҳам боришди. Эрон президенти Иброҳим Раисий Самарқанддаги шиалар масжидига бориб, нутқ сўзлади. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф қайтадан қурилаётган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмине Эрдўған Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева билан Самарқандни сайр қилишди.

14 та давлат етакчиси ва 10га яқин халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтган Самарқанд саммити шу билан якунига етди. Кейинги йилги саммит ташкилот раиси мақомини олган Ҳиндистонда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид