13:18 / 16.09.2022
4156

Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф қилди

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари кенгаши тор доирадаги учрашувидан сўнг кенгайтирилган тартибдаги мажлис бошланди. Унда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент иштирокчилар эътиборини мамлакатлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ майдончасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаганига қаратди.

“Давлатларимиз салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, биз ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўшишимиз керак”, деди у.

Шу муносабат билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан тўғри ўзаро таъминот мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, "яшил" ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратишга чақирди.

Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди.

Мавзу
Самарқандда ШҲТ саммити
15–16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ташкиллаштирилади.
Барчаси
Top