Жаҳон | 20:18 / 17.09.2022
30985
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркиянинг ШҲТга аъзо бўлиши ҳақида фикр билдирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатнинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиши тўғрисида фикр билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

"Биз "Шанҳай бешлиги" аъзоси эмасмиз. Биз бу ерга (Самарқандга) мезбон Ўзбекистоннинг таклифи билан махсус меҳмон сифатида келдик. Табиийки, жаноб Шавкат Мирзиёев билан алоҳида муносабатларга эгамиз. Ана шу муносабатлар туфайли у мени ва жаноб Илҳом Алиевни бу ерга махсус меҳмон сифатида таклиф қилди", деди у.

Туркия президенти жараён бўйича навбатдаги қадам қўйилишини айтди.

"Бу қадам Ҳиндистон мезбонлигида ўтадиган келгуси музокараларда кун тартибига қўйилиши мумкин. Аъзо бўлиш ёки бўлмаслик – булар бошқа-бошқа нарсалар, аммо айнан мана шу қадам орқали бу мамлакатлар билан муносабатларимиз мутлақо бошқа босқичга чиқади", - деди Эрдўған.

ШҲТга 2001 йилда асос солинган. Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон ташкилот аъзолари ҳисобланади. Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон - кузатувчи давлатлар, Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка - ҳамкор давлатлар.

ШҲТнинг навбатдаги 22-саммити 15-16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилди.

Саммит доирасида Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Шунингдек, Беларусни ҳам ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёни расман бошланди.

Жами 44та ҳужжат имзоланди.

Мавзуга оид