15:57 / 20.09.2022
23112

Донбассдаги айирмачилар зудлик билан Россияга қўшилиш учун референдум ўтказмоқчи. Бу нега керак?

Украинларнинг муваффақиятли қарши ҳужумлари ортидан Донбассдаги айирмачилар яна бир марта Россиядан Украинанинг босиб олинган ҳудудларини аннексия қилишни сўрамоқда. Луҳанск области раҳбари Сергей Гайдайнинг фикрича, бу ҳудудлар қўшиб олиниши Кремлга умуммиллий сафарбарлик эълон қилиш ва урушнинг янги босқичини бошлаш учун баҳона бўлади.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Донецк ва Луҳанскдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «республика»ларда шошилинч равишда Россияга «қўшилиш» бўйича референдумлар ўтказишга чақириқлар янграмоқда. 19 сентябр куни «ДХР» ва «ЛХР» раҳбарлари Денис Пушилин ва Леонид Пасечникка икки регион жамоат палаталари томонидан мурожаатлар йўлланди. Луҳанскдаги палатадагилар референдумни «зудлик билан», Донецкда эса  — «кечиктирмасдан» ўтказишга чақирилган. «ДХР» ва «ЛХР» раҳбарлари бундай референдумлар ўтказиш режалари ҳақида 2022 йил мартидаёқ айтишганди.

«ДХР» раҳбари Денис Пушилин «ЛХР» раҳбарига референдумларга биргаликда тайёрланишни таклиф этган. Пушилин ўз телеграм-каналида Леонид Пасечник билан мулоқоти акс этган видеони жойлаштирган. Видеоёзувда «ДХР» раҳбари Пасечникка «ДХР» ва «ЛХР» расмийларининг «референдумга тайёргарлик кўриш учун қадамлар ишлаб чиқиш» саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни таклиф қилганини кўриш мумкин.

Херсон областининг россияпараст маъмуриятида ҳам имкон қадар тез фурсат ичида Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш истаги билдирилган. Бундай баёнот Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов тилидан янграган. Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан эгалланган ҳудудларда «Россия кетиб қолишидан қўрқаётган» аҳоли «улар ташлаб кетилмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун» шундай референдум ўтказиш бўйича таклиф бермоқда. 

20 сентябр куни Херсон областининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Сальдо ҳудуднинг Россия таркибига қўшилиши бўйича референдум ўтказишга қарор қилингани ҳақида айтди. Шу куни Запорижжя области ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Евгений Балицкийдан ҳам Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум ўтказишни сўрашди. Унинг айтишича, бу таклиф «Мы вместе с Россией» ҳаракати томонидан берилган.

Ҳозирча тўрт ҳудудда ҳам референдумларни ўтказиш санаси маълум қилинмаган. РФ Давлат думасидагилар «ЛХР»да референдум 2022 йил кузидаёқ ташкиллаштирилиши мумкинлигини айтмоқда. Депутат Виктор Водолацкий шундай деган: «Ўйлайманки, бу яқин орада бўлади. Республикалар раҳбарлари бу мурожаатларда тез орада муносабат билдириши керак. Бу кузда бўлади, ундан кеч эмас». Депутатнинг сўзларига кўра, «ЛХР»даги сайлов тизими референдум ўтказишга (у «ДХР»да референдум ўтказилиши ҳақида ҳеч нарса демаган) 100 фоиз тайёр ҳолатда. «ДХР» жамоат палатасидагилар овоз бериш жараёни бир неча кунга чўзилиши мумкинлигини билдирган.

«Украина қуролли кучлари уларни бош берк кўчага тиқиб қўйди»

Украина ҳукуматидагилар Донецк ва Луҳанск худди Қрим каби Украина ҳудуди эканини таъкидламоқда. Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк «референдумлар» ҳақидаги хабарларни шарҳлар экан, «россиялик пропагандачилар унга худди панацея (ҳар дардга даво) каби муҳаббат қўйишгани»ни айтади.

«Менда улар учун ёмон янгиликлар бор. Глобал консенсус ва халқаро ҳуқуқ мавжуд. Шуниси аниқ: Донецк, Луҳанск, Қрим - булар Украина. Байроқларни қайта бўяшга ҳар қандай уринишлар - ясамалик, бу биз учун ҳам, ҳамкорлар учун ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди», дея ёзган у твиттерида.

Луҳанск области раҳбари Сергей Гайдай ҳам Пушилиннинг Пасенчукка кечки қўнғироғи тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди. «Босқинчилар яна «сайловсиз сайловлар» ҳақида гапира бошлашди, чунки Украина қуролли кучлари уларни боши берк кўчага тиқиб қўйди», деган у.

Унинг фикрича, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилинган ҳудудларнинг Россияга қўшилиш бўйича формал сўрови урушнинг янги босқичини бошлаш учун Москвага керак, шошқалоқликка эса айирмачилар украинларнинг муваффақиятларидан ваҳимага тушгани сабаб.

«Босқинчилар сохта «референдум» ўтказиши, «натижалар»ни тан олиши мумкин. «Натижалар»га кўра уларнинг барчаси РФ таркибига киришни хоҳлаётган бўлиб чиқади. Бу ҳолатда Украинанинг Луҳанск областини озод қилиш ҳаракатлари Россиянинг нуқтайи назаридан «тўғридан тўғри Россияга ҳужум» сифатида талқин этилади ва бу умуммиллий сафарбарлик ўтказиш ҳамда уруш эълон очишга имкон беради. Чунки ҳозирда уларда мобилизация билан боғлиқ улкан муаммолар бор. Улар одамларни керакли миқдорда йиға олишмаяпти», деган Гайдай.

Россия президенти Владимир Путин 21 феврал куни, Украинага босқин бошланиши арафасида «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларини имзолаганди. Россия ушбу айирмачи тузилмаларни ҳимоя қилиш баҳонасида Украина ҳудудига кирганди - бу «республика»лар жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган.

Сентябр ойи бошида «Медуза»нинг Кремлга яқин манбалари Россия раҳбарияти Украинанинг Донецк, Луҳанск, Запорижжя, Харкив ва Херсон областларида босиб олинган ҳудудларни «қўшиб олиш» бўйича референдумларга тайёргарлик кўришни тўхтатгани ҳақида хабар берганди. Россия ҳукумати украинларнинг сентябр ойи бошидаги муваффақиятли қарши ҳужумлари туфайли шундай қарорга келганди, украинлар бир ҳафта муддат ичида Харкив областини деярли бутунлай озод қилишди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top