10:50 / 22.09.2022
11291

Ҳисор қўриқхонасидаги камера объективига Тян-Шан қўнғир айиқлари муҳрланди 

Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги Ҳисор давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонлар Тян-Шан қўнғир айиқларини камера объективига муҳрлади.

Қўнғир айиқ — республика фаунаси ноёб турларидан бири. Мутахассислар тили билан айтганда, у табиатан камёб, яъни мозаик тарқалган кенжа тур саналади.

Одатда, айиқлар қиш мавсуми яқинлашар экан, қишки уйқуга кетишдан олдин тўйиб овқатланишга ва бу билан ўзига керакли бўлган моддаларни, витаминларни тўплаб олишга ҳаракат қилади. Фотоқопқонлар олган тасвирларда ҳам улар озиқ излаб юрганини кўриш мумкин.

Тян-Шан қўнғир айиғи Қизил рўйхат ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида аниқланган айиқлар сони ҳозирда 150 бошдан ортиқ ва қўриқхонанинг деярли барча ҳудудларида учрайди.

Top