16:43 / 25.09.2022
25233

Кўҳна уйларда яшовчилар қишлоғи – Ғелон | Манзил

Ўзбекистонда бир кунда бир мартагина такси қатнайдиган қишлоқ ҳақида эшитганмисиз? Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани, Ғелон қишлоғига бир кунда бир марта такси боради холос. Чунки қишлоққа тоғлар оралаб салкам 3 соат йўл юриб боришга тўғри келади. “Манзил” лойиҳаси бу галги сонини шу қишлоққа бағишлади.

Ғелонда уйларнинг қурилиши нуқтайи назаридан қадимий услуб сақланиб қолган. Тор кўчалар, мўъжазгина эшикчадан кириб бориладиган ва умумий ҳовлига қараган уйчалар қишлоққа экзотик муҳит бағишлаб туради.

Қишлоқ тоғлар орасида жойлашгани сабаб у ернинг ҳарорати анчагина совуқ. Буни кўплаб ҳудудларда июн ойида тугаб битган мевалар у ерда сентябр ойига келиб пишишидан ҳам билса бўлади. Ўрик ва олвалини тасвирга олиш вақтида тановул қилдик.

Қишлоқда аҳоли томонидан ўрнатилган мини ГЭСлар кўплаб хонадонларга электр улашаётганига гувоҳ бўлдик. Тоғдан оқиб тушаётган сувдан оқилона фойдаланиб, ундан электр ишлаб чиқариш ҳам бир иқтисод деса бўлади. Қишлоқдаги тегирмон ҳам сув билан ишлайди ва унга ҳам электр энергияси керак эмас.

Қишлоқликларнинг асосий улови – мотоцикллар. Ёқилғи сарфи кам, тоғли йўлларда муаммосиз ҳаракатланиш мумкин. Шунинг учун ғелонликларнинг ҳар бир хонадонида бир эмас, бир нечталаб мотоциклдан фойдаланишади.

Ҳар доим айтганимиздек, минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши. “Манзил” лойиҳасининг янги сонида юртимиздаги навбатдаги ажойиб қишлоқ билан танишинг.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Top