08:36 / 26.09.2022
36101

Доғистон ва бошқа ҳудудлардаги аёллар сафарбарликка қарши намойишга чиқди. Асосий маълумотлар

Якшанба куни Россияда Украина билан уруш учун сафарбарликка қарши норозилик намойишлари давом этди. Доғистонда одамлар шоссени тўсишди ва «Урушга йўқ» дея ҳайқиришди, кучишлатар тузилмалар вакиллари эса одамларни тарқатиш учун автоматдан ҳавога ўт очди; Ёқутистонда юзлаб аёллар майдонда полициячиларни ўраб олди.

Фото: Видеодан скриншот

25 сентябр куни Доғистон аҳолиси сафарбарликка қарши бир неча норозилик акцияси уюштирди, энг йириги пойтахт Маҳачқалъада бўлиб ўтди. Маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида асосан аёллардан иборат бўлган маҳаллий аҳоли шаҳар марказида, Қўғирчоқ театри олдида йиғила бошлаган. «Утро Дагестан» телеграм каналида намойишга чиқишга чақириқлар бўлган, акцияга қадар бу каналда 30 мингдан ортиқ обуначи бўлган. Доғистондаги «Черновик» нашри хабарига кўра, соат 16 атрофида акцияга 100 нафар атрофидаги одам келган: «Оналар ва болалари, турли авлод вакиллари ва ёшлар йиғилди». Гувоҳлар тарқатган видеоларга кўра, Маҳачқалъадаги намойишларда бир неча юз киши қатнашган. Намойишчилар «Урушга йўқ!» («Нет войне!»), «Сафарбарликка йўқ» («Нет мобилизации») ва «Болаларимиз ўғит эмас!» («Наши дети — не удобрение!») шиорларини айтишган.

Намойишга чиққан аёллар полициячилар билан баҳслашиб, урушни Россия бошлаганини айтишган. «Россия Украинага ҳужум қилди. Биз кўр эмасмиз», — дейишган улар. Аёллар шунингдек полициячилардан намойиш ўтказишга халал бермасликни сўрашган. Ижтимоий тармоқда ИИВ ходимларидан бири намойишчилардан қочиб бораётгани акс этган видео тарқалди.

Полиция Маҳачқалъада намойишчиларга куч ишлатиб, уларни қўлга олган. Бир қанча йигитларни калтаклашган ва ИИБ бўлимига олиб кетишган. Икки полициячи намойишчилардан бирининг икки қўлидан ушлаб турганида учинчи полициячи келиб унинг юзига зарба берган. Аёлларнинг ҳам бир қанчаси қўлга олинган, қолганлар эса уларни қайтариб олиш учун ҳаракат қилишган, жумладан, автозакларга олиб кирилганларнинг бир қанчаси чиқариб олинган, полициячилар ҳам калтакланган. Кечга томон полициянинг қўшимча кучлари ва Росгвардия етиб келган.

Намойишчиларнинг сўзларига кўра, полициячилар электрошокерлар ва қалампирли баллончиклар қўллашган, ҳавога ўқ узилган. Бундан ташқари, акция вақтида фуқаролик кийимидаги эркак ҳам тўппончадан ҳавога ўқ узган (бу намойишчи ёки фуқаролик кийимидаги ҳуқуқ-тартибот органи ходими экани аниқ эмас).

Ҳуқуқ фаолларига кўра, қўлга олинганлар орасида янги туғилган чақалоғи бўлган ёш аёл ҳам бор. «Черновик» журналистидан икки марта телефонини олиб қўйишган, «Кавказский узел» журналисти Мурад Мурадовни қўлга олишган. «ОВД-Инфо» 26 сентябр тонгида берган маълумотга кўра, Маҳачқалъада қўлга олинганлар сони 101 кишини ташкил этмоқда.

25 сентябр куни сафарбарликка қарши акция Доғистоннинг Хасавюрт туманидаги Эндирей қишлоғида ҳам бўлиб ўтди. Маҳаллий аҳоли вакиллари, ҳам эркаклар, ҳам аёллар Хасавюрт — Маҳачқалъа трассасини тўсиб қўйишган. Хабарларга кўра, 8 минг атрофида одам яшайдиган ушбу қишлоқдан 100 дан ортиқ эркак урушга сафарбар этилган. Гувоҳлар томонидан олинган видеоларга кўра, полиция намойишчиларни тарқатиш учун автоматдан ҳавога ўт очган. Район расмийларига кўра, ҳарбий комиссар намойишчилар билан учрашган ва шундан кейин одамлар тарқалган.

Доғистондаги намойишлар фонида регион раҳбари Сергей Меликов сафарбарлик бошида йўл қўйилган хатоларни тан олган. «Агар рўйхатда йўқ бўлганлар, жумладан, талабалар, кўп болали эркаклар, ёш болали оталар, умрида қўлига автомат тутмаган йигитлар сафарбар қилинган бўлса, улар зудлик билан ортга қайтарилиши керак. Биламан, сафарбарликнинг бошида айрим жойларда шундай хатолар кузатилган», — деган Меликов телеграмида. Доғистон раҳбари сафарбарлик вақтида қоидабузарликларга учраган аҳолини республика ҳарбий комиссариатга учрашни тавсия қилган.

Шу куни Россиянинг бошқа регионларида ҳам сафарбарликка қарши намойишлар ўтказилди. Ёқутистонда асосан аёллардан иборат бўлган 400 нафарга яқин киши Орджоникидзе майдонида йиғилган. Акция ёқутларнинг анъанавий айлана осуохай рақси кўринишида ўтказилди. Ёш қизлар биринчи бўлиб қўл ушлашди, уларни ёши катта аёллар қўллаб-қувватлади, шундан сўнг бошқа намойишчилар аста-секин даврага қўшила бошлади. «Урушга йўқ!», «Геноцидга йўқ!», «Чиқиб кет!» шиорлари янгради. SakhaDay томонидан эълон қилинган видеода аёлларнинг «Фарзандларимизнинг яшашига қўйиб беринг!» деган чақириқлар эшитилади. Полиция қўлга олишни бошлаганда акция тарқаб кетган. «ОВД-Инфо» хабарига кўра, Ёқутистонда камида 24 киши қўлга олинган. Ёқутистон Жамоатчилик палатаси раҳбари Анжелика Андреева акция чоғида шундай баёнот берди: «Ёқутистоннинг марказий майдонида осуохай рақси бўлиб ўтмоқда – оналар турмуш ўртоқлари ва ўғилларининг тирик қайтиши учун дуо қилмоқда».

Кабардин-Болқориядаги Нальчик шаҳрида ҳам ҳукумат биноси олдидаги майдонда акция бўлиб ўтди. Видеоёзувларга кўра, митингга бир неча ўн киши чиққан. Видеоёзувлардан бирида кекса ёшли аёл шундай дейди: «Эримни бермайман, мени отиб ташласангиз ҳам бермайман!»

Сафарбарлик эълон қилинганидан буён Россияда икки мингдан ортиқ намойишчи қўлга олинди. 21 сентябр куни 43 шаҳарда ўтказилган намойишларда 1369 киши, 22 сентябр куни — беш шаҳарда 13 киши, 24 сентябр куни — 35 шаҳарда 842 киши қўлга олинганди. 25 сентябр куни эса беш шаҳарда 128 киши ушланган.

  • 21 сентябр куни Владимир «қисман» сафарбарлик эълон қилганди. Мудофаа вазири Сергея Шойгу «300 минг атрофидаги захирадагилар» сафарбар этилишини айтганди. Аммо чақирув қоғозини алоҳида тартибсиз тарқатишмоқда. Хусусан, Россия бўйлаб ўтаётган намойишларда қўлга олинганларга ҳам чақирув қоғозлари топширилмоқда.
Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top