17:43 / 26.09.2022
29345

Доғистонда намойишлар, Чеченистон тинч. Қодиров сафарбарликни нега бекор қилганди?

Доғистонда бир неча кундан буён сафарбарликка қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Айниқса аёллар болалари ва эрларини урушга юборишга қарши бўлиб, кескин норозилик билдиришмоқда.

Фото: YELENA AFONINA/TAS

Аммо Доғистонга диний эътиқод, анъаналар ва маданий жиҳатдан энг яқин бўлган бошқа ҳудуд Чеченистонда вазият сокин. Чунки Рамзан Қодиров республикада сафарбарлик бўлмаслигини айтди. Уруш вақтида энг фаол ҳудудий раҳбар бўлган Қодиров нега ҳамма ҳудудлардан фронтга одам йиғилаётганида ўз республикасида сафарбарлик бўлмаслигини айтди?

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россияда эълон қилинган қисман сафарбарлик Чеченистонга тааллуқли эмаслигини билдириб, ҳудуд «сафарбарлик режасини 254 фоизга бажаргани»ни қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, республика аҳолиси аввалбошдан «ватанпарварлик кўрсатгани учун» шундай натижага эришилган.

Қодиров ҳеч бир чеченистонликнинг уйига чақирув қоғози бормаслиги, аммо «ким ўзини эркак ва мусулмон деб ҳисобласа, бу зулмга қарши туриши лозимлиги»ни таъкидлади. «Чеченистон халқини, хусусан, севимли оналаримизни хотиржам бўлишга чақираман», деди Қодиров.

Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилишидан бироз аввал айнан Рамзан Қодиров Россияда сафарбарлик жорий қилиниши лозимлиги, ҳудудлар буни кутмай ўзлари сафарбарлик борасида ташаббус кўрсатиб, кўнгилли тарзда фронтга одам жўнатиши даркорлигини айтганди. «Ҳудудлар Россияда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ёки махсус ҳарбий амалиёт (Россияда урушни шундай аташади – тарж.) тугашини кутиб ўтириши керак эмас. Ҳеч бўлмаса минг кишилик кўнгиллиларни тайёрлаб юбориш керак», деганди Чеченистон раҳбари.

Намойишкорлик кайфияти

Экспертлар фикрича, Қодиров Чеченистонда сафарбарлик бўлмаслиги ҳақида айтишига сабаблардан бири - ҳудуддаги оналар намойишга чиқишга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалгани бўлди.

20 сентябр куни интернетда аёллар чечен тилида республикадаги марказий масжид олдига чиқиб «ўғиллари йўқ бўлиб кетишига қарши» намойиш уюштиришга чақирган аудио тарқалди. Намойиш бўлиб ўтгани ҳақида далиллар йўқ, лекин мустақил манбаларнинг ёзишича, масжид атрофи полиция томонидан ўраб олиниб, тўпланишга уринган ўнлаб аёллар қўлга олинган ҳам.

Рамзан Қодиров эса 21 сентябр куни чиқиш қилиб, чиндан 10-15 чоғли аёл кўчага чиққанини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу чечен аёллари «намойишларнинг европалик ташкилотчиларидан олинган сариқ чақа эвазига» шундай қилган. Қодиров «бу аёлларнинг эрлари хотинларини уддалай олмайдиган аҳволда экан, уларни «махсус ҳарбий амалиёт»га юбориш кераклиги»ни қўшимча қилди.

Қодиров намойишлар тўлқинининг олдини олдими?

«Чеченистонда оналар ўғиллари сафарбарликка жалб қилинишига қарши намойишга чиқишди ҳамки, Қодиров республикада ҳеч қандай сафарбарлик бўлмаслиги ҳақида айтиб, уларни ортга қайтарган бўлди. Яъни намойишлар бесамар кетмаган», деб ёзади ўз каналида сиёсатчи Аббос Гулямов.

Қодировнинг ғазабига йўлиққан судялар оиласи аъзоси Абубакр Янгулбаев ҳам ўз каналида Қодиров намойишлар тўлқинини қайтариш учун сафарбарликни бекор қилгани ҳақида ёзди. У «Сафарбарлик тўғрисидаги» қонунда «режани ортиғи билан бажариш» ёки «керакли одамларни тўплаш режаси» каби бандлар йўқлигини эслатган. Янгулбаевнинг фикрича, бугунги кунда ҳатто сафарбарлик категорияларига тўғри келмайдиган одамни ҳам урушга олиб кетишлари ҳеч гап эмас.

Яна бир исмини ошкор қилишни истамаган жамоат ташкилоти ходими ҳукуматни танқид қилганлар кескин қатағонга учраётганига қарамай, Қодиров бу галги намойишлар тўлқинини жиддий хавф сифатида қабул қилган.

Қодировнинг бошқаруви вақтида бунгача ҳам бир марта ҳукумат розилигисиз жиддий намойиш бўлиб ўтган. 2018 йил чеченистонликлар Юсуф Темурхоновнинг ўлдирилиши ортидан намойишга чиққанди. Юсуф 2000-йилларда чечен қизни ўғирлаш ва ўлдиришда айбланган Россия армияси полковниги Юрий Будановни ўлдиргани учун қамалган ва қамоқхонада жонсиз ҳолда топилганди.

«Ўшанда Қодиров аввалига ҳолат юзасидан муносабат билдирмаган, аммо жанозага жуда кўп одам тўпланиб кетганини кўриб, вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолган ва Юсуф Темурхоновни қаҳрамон деб эълон қилганди. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Қодиров чечен оналарга уларнинг ўғилларини тортиб олмаслигини айтмоқда, лекин бу унга кўнгилли кўринишида Украинага аскар юборишда давом этишига халақит бермайди», дейди юқорида исмини ошкор қилишни истамаган жамоат ташкилоти ходими.

Доғистондаги воқеалар Қодиров ҳақ бўлганини кўрсатдими?

Россияда Путин қисман сафарбарлик эълон қилгач, 30 дан ортиқ ҳудудларда норозилик намойишлари ўтказилди, минглаб одамлар қўлга олинди, ҳатто Иркутскда 25 ёшли йигит ҳарбий комиссарни отиб қўйди, лекин айнан Доғистонда намойишлар жуда кескин тус олди. Доғистонликлар республикадаги асосий трассани тўсиб қўйишди, ҳатто аёллар полицияга куч ишлатиб, сафарбарликка қарши эканликларини кўрсатишди.

Доғистондаги ҳолат Чеченистонда ҳам такрорланиши мумкинлигини ҳеч ким истисно эта олмайди, чунки Россиянинг бу икки ҳудуди бир бирига жуда ўхшаш. Икки республикада ҳам ислом динига қаттиқ амал қиладиган мусулмонлар яшайди, одамлари жўшқинлиги ва жисмонан кучлилиги билан ажралиб туради. Шу боис, Москвада ёки Петербургда ҳар қандай кўп одам тўпланмасин, одатда намойишлар ўта тинч ўтади, Доғистонда эса доим ҳам намойиш бўлавермайди, аммо сафарбарлик ортидан кузатилаётган намойишлар бу ҳудудда вазият жиддийлашганини кўрсатмоқда.

Шу жиҳатдан Рамзан Қодиров ҳуқуқ фаоллари айтганидек жиддий намойишлар тўлқинини қайтариб қолган дейиш мумкин.

Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top