18:08 / 04.10.2022
36903

Ўғригина болам. Онасининг ҳимоя қилавериши панжара ортига етаклаган қиз ҳикояси

Халқимизда бир фарзандга етти маҳалла ота-она, деган гап юради. Бу бежиз эмас. Афсуски, айримлар боласи тарбиясига ўзгалар аралашишини истамайди. Эркатойининг хатосини айтиб келган қўни-қўшни кўзига балодек кўринади. Вақтида берилмаган тарбия эса...

Фото: KUN.UZ

Суд материаллари асосида тайёрланган ушбу мақолада барча исм-фамилиялар ўзгартириб берилмоқда. Қанийди, исмларни ўзгартиргандек тақдирларни ҳам ўзгартириб бўлса...

Биринчи қадам

Дарс тугаб, танаффусга қўнғироқ чалингач, 8-синфнинг ўйинқароқ ўқувчилари ташқарига ошиқди. Лола эса ҳеч қаёққа шошилмасди. Синфдоши Сабинанинг чизмачилик фанида ишлатадиган ҳеч кимда йўқ ўқув қуроллари жамланмасини ўзиники қилиш истаги хаёлини банд этган. Мана, у кутган қулай имконият, синфда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.

Синфдошининг сумкасини кавлаб, ўқув қуролларини излар экан, юраги тез-тез уриб, қўллари титрай бошлади. Кимдир уни кузатиб тургандек туюлди. Қўрқа-писа эшик томонга ўгирилар экан, ҳеч ким йўқлигини кўриб ҳаракатни жадаллаштирди. Излаган нарсасини топиб, сумкасига солди. Кўзлари олазарак қиз ишни бажариб бўлгач, чуқур нафас оларкан қўллари ҳамон титраётганини сезди. Аммо ғишт қолипдан кўчиб бўлган, воқеанинг давоми уни хавотирга солаётганди.

Мактаб ҳовлиси шовқин-сурон, барча синфдошлари болаликнинг беғубор осмонида кезиб ўйнашмоқда, синфхонада ёлғиз қолган Лола эса жуфтакни ростлаш пайида. Кириш қўнғироғи чалинди. 4-соат — чизмачилик фани. Кетмаса, ўғрилиги фош бўлиши мумкин...

Уйига етиб келганида ҳам кимдир кузатиб тургандек туйилди. Ҳозир синфдоши онаси билан келиб ёқасидан оладигандек бўлаверди. Тушгача содир бўлиши кутилган жанжалга тайёр турди. Ўқув қуроллари жамланмасини ҳам яшириб қўйди. Хаёлан ўзини оқлаш учун турли баҳоналар излади.

Аммо... у кутган ҳодиса содир бўлмади. «Ҳеч ким билмади», дея қувонди. Буюмларни яшириб қўйган жойидан олиб томоша қилди. Барча қўрқув ўтди, энди хавотирга ўрин йўқ.

Бироқ у билмасдики, синфдошлари ўғрилик содир бўлганини сезишган ва ҳамманинг гумони — дарс тугамай уйга кетиб қолган, тенгдошларига қўшилмай, ўзидан кичкиналарни қўрқитиб, гапини ўтказадиган Лоладан эди.

Сабина уйига йиғлаб келди. Бўлган воқеани ва гумонини айтди. Онаси ўша қизнинг уйига бормоқчи бўлди, бироқ бувиси «қўйинг, талашиб юрасизми, ундан кўра бошқасини олиб бера қолинг», дея келинини шаштидан қайтарди.

Эртаси куни Сабина ҳеч нима демаса-да, унинг нигоҳида «ана, ўғри келяпти, нарсаларингга эҳтиёт бўлинглар», деган маъно мужассам эди. Синфдошларига эътибор ҳам бермайдиган қиз негадир барчага бир-бир қараб чиқди. Ёнидан ўтиб кетаётган синфдошлари худди «сен ўғрисан, олган нарсангни қайтар», деяётгандек туюлар, ҳимояга тайёрланиб турган Лола Нуриддинованинг эса ҳар сафар гапи ичида қолар, шу лаҳзада ич-ичидан пушаймон эди. Айнан ўғрилик устида қўлга туширмагани учун ҳам ҳеч ким айбини юзига айта олмади. Андишани қўрқоқликка йўйган қизалоқнинг онгида яна шундай иш қилсам бўлади, менга ҳеч ким, ҳеч нарса демади-ку, деган ўй пайдо бўлди. Жазоланмай қолган кичик ўғрилик янада каттароқларига йўл очди.

Иккинчи қадам

Лола Нуриддинова мактабдан қайтар экан, кўзи бошланғич синфда ўқийдиган Ҳакимага тушди. Ўзидан ёши ҳам, жуссаси ҳам кичик бўлган қизалоқни қўрқита олишига кўзи етиб, тўхтатди. Ҳе йўқ, бе йўқ ёқасидан ушлаганча ўзига тортди. Буни кутмаган қизалоқ қўрқиб кетганидан киприкларини пирпираб, тили калимага келмай қолди.

— Агар онангнинг пардоз буюмларини олиб чиқиб бермасанг, ўлдим деявер. Калтагимни емайман десанг, айтганимни қил, зумраша! Тушундингми?

— ...

Бўри қўлига тушган қўзичоқдек титраганча бошини «хўп» ишорасини қилиб қимирлатар экан, кўзи ёшланди. Ёқасини силтаб қўйиб юбораётган йўлтўсарнинг қўлига икки томчи иссиқ ёш томчилади. Бунга эътибор ҳам қилмай «Ҳиқиллама, эртага олиб келмасанг...» деди-ю, у ён-бу ён қараб жуфтакни ростлади.

Қаттиқ қўрқувга тушган қизалоқ айтилган нарсаларни сумкасига солиб қўйди. Туни билан эса алланималар деб алаҳсираб чиқди. Эрталаб қизининг сумкасига тушлик соларкан, она ўзининг пардоз буюмларини кўриб ҳайрон бўлди. Аввалига бировникини ўғирлаб олдимикин, деган ўйдан сесканиб кетди. Яхшилаб разм солса, ўзиники. Ҳоли-жонига қўймагач, қизи йиғламсираб бўлган воқеани сўзлаб берди.

Юрак олдириб қўйган Ҳакимани мактабга олиб борар экан, директор қабулига киришни кўнглига тугди. Аксига олиб, мактаб раҳбари ҳам, ўриндошлари ҳам йўқ экан. Ўйлаб ўтирмай, Лоланинг уйи томон йўл олди. Катталар билан гаплашиб, қизини тергаб қўйишини, тартибга чақиришини сўрамоқчи бўлди. Уй кетидаги қаровсиз дарахтлар, ўсиб ётган бегона ўтларга қарар экан, кўнглидан «Ҳеч қаерда ишламаса, кун бўйи уйда ўтирса, тозалаб қўйса бўлмайдими?» деган ўй кечди.

Узоқ тақиллатилгандан сўнг ниҳоят, дарвоза очилди. Уй эгаси хушламайгина саломлашган бўлди. Келгувчининг сўзларни эшитгани сари қошлари чимирилиб, паст-баланд бўла бошлади. Шу пайт мактабдан қайтган қизи уларни кўриб, ранги оқарди. Секингина онасига разм солди — авзойи бузуқ, аҳвол чатоқ. «Қўлга тушдим», дея ўйлаб улгурмасидан онаси аёлнинг ўзини айблашга ҳозирланди. Бақириб, қизини ҳимоя қила бошлади. Аввалига ўзини йўқотиб қўйган меҳмон бироз каловланиб қолди-да, «ана гап қаерда, боласидан ўпкалашнинг ҳеч ҳожати йўқ экан», деганча ҳафсаласи пир бўлиб изига қайтди.

Бу ҳимоя қизни янада руҳлантирди, ўзи билмай кириб қолаётган берк кўча томон навбатдаги одимларни ташлашига туртки бўлди...

Учинчи қадам

Айни туш вақти, қуёш забтига олган. 6-синфда таҳсил оладиган Алижон сигирлари учун аравада пичан олиб кетарди. Кўча бошидаги дўкон олдига етганда болакай Лолага тўқнаш келиб қолди. Юқори синф ўқувчиси бўлган қиз уни судраб, тор кўчага олиб кирди. Мақсади — уч ҳовли нарида яшайдиган боладан пул талаб қилиш эди. Қўли билан унинг бўйнидан қисиб ушлаган ҳолда юзига шапалоқ туширди. Тиззаси билан тепаётган бир вақтда қўшниси кўриб қолди. Отнинг қашқасидай таниқли бўлиб қолган безори қизнинг ҳаракати уни асабийлаштирди. Нима учун уряпсан, дея улар томон югурди. Қўшнисининг шаштидан қўрқдими, болани қўйиб юбориб, уйи томон кетди.

Қўшни аёл кўриб қолмаганда, Худо билади воқеанинг давоми қандай тугарди?! Яқинда қишлоқдоши Шаҳлодан ўн минг сўм ундириш учун «ўлдириб, тоғ-у тошлар орқасига олиб ўтиб ташлайман, ҳеч ким тополмайди», дея қўрқитган қиздан қўрққулик...

Тарбиянинг ҳосиласи

Одатда қиз болага дилбар, лобар, чевар, назокатли каби таърифларни беришади. Лола эса ўз «ҳунар»и ортидан «Жаду» деган лақаб орттирди. Жадуни онасига айтишдан наф чиқмаслигига амин бўлган жабрланувчилар мактаб маъмуриятига мурожаат қилишди. Аммо билишмасдики, бир неча бор тартибга чақирилса-да, синф раҳбари, мактаб психологи, тажрибали ўқитувчилар иштирокида тарбиявий ишлар олиб борилса-да, кор қилмаган.

Қонун ҳамма учун баробар. Катта-кичик унга бирдек бўйсуниши керак. Суд ҳукми билан маҳалла, мактаб, оила тарбиялай олмаган Лола Нуриддинова махсус колонияда тарбияланиши белгиланди.

Оила аъзолари эса маҳаллада узоқ тура олишмади. Қўни-қўшни, одамлар гап-сўзидан қочиб, бошқа маҳаллага кўчиб ўтишди. Уйнинг дарвозасига катта қулф осилди.

Инсон ўзидан қочиб қутулолмайди

Қадимда бир қишлоқда ака-ука яшаган экан. Улар болаликда билиб-билмай ўғрилик қилишибди. Қўлга тушиб қолганларидан сўнг тартиб-қоидага биноан ҳар иккаласининг пешонасига тамға босилибди. Бу шармандаликка чидолмаган ака бошқа юртларга бош олиб кетади. Ўз номига тушган доғни беркитишга уринади. Аммо қайга бормасин, пешонасига босилган тамға сабаб, унга шубҳа билан қарашаркан.

Қайга кетса ҳам ўзидан қочиб кета олмаслигини англаган укаси эса қишлоқда қолиб, одамларнинг ишончини қайта қозониш учун барчага бирдек ёрдам беришга уринади. Кўп йиллар ўтиб қишлоқдошларининг меҳрини қозонади. Йиллар ўтиб қариганида бир болакай уни кўрсатиб онасидан бу амакининг пешонасидаги тамға нима деб сўраганида аёл ўйлаб ҳам ўтирмай «менимча, авлиё эканини билдирса керак», деб жавоб беради.

Инсон ўзидан қочиб кетолмайди. Ривоятда келтирилганидек, одам қилган қилмиши учун астойдил афсусланиб ҳаракат қилса, хатоларини тузатиши мумкин. Аммо унга хатосини англатиши керак бўлганларнинг ўзи хато йўлда бўлса-чи? Агар она қизидаги қўли эгриликнинг илк белгиларини сезгандаёқ, бу йўлдан қайтарганда бугун тенгдошлари қатори уйида, ота-онаси бағрида юрмасмиди?

Болани меҳнатга ўргатиш, уни тўғри йўлга солиш нақадар қийин. Агар Лола Нуриддинованинг ота-онаси ўз вақтида қўни-қўшнилар, ўқитувчилар сўзини тўғри қабул қилганида, унинг тарбияси билан шуғулланганида, бугун маҳалладошларидан уялиб, бошқа манзилга бош олиб кетишга мажбур бўлмасмиди?

Энди Лоланинг тақдири қандай кечади, у ўз қилмишларидан тўғри хулоса чиқара олармикин? Номига тушган доғни кетказиш учун қандай ҳаракат қилади, ривоятдаги аканинг йўлидан борадими ёки инисининг?

Чарос Маннонова, журналист

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top