08:14 / 06.10.2022
22618

Пинакка кетиб, мизғиб олиш – кундузги уйқу иш соатини ўғирлашми ё ишчанлик белгиси?

Уззукун ишлайдиган тана маълум соатлардан кейин толиқиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, Япония, Хитой, Вьетнам ва Испанияда одамлар туш вақтида 20-30 дақиқа пинакка кетишади ва бунга мамлакат бўйлаб табиий ҳол сифатида қаралади. Қолаверса, дунёнинг йирик компаниялари ҳам ходимлари учун уйқу капсулалари ўрнатишни бошлаган. Хўш, кундузги қисқа уйқу иш унумдорлигига қандай таъсир қилади?

Фото: Kun.uz

Анъанавий фикрлайдиган раҳбар кўзи билан қаралса, ишхонада ухлаш гўёки иш соатларидан ўғирлашдек туюлиши мумкин. Аммо бир нечта тадқиқотда кундузги 10-30 дақиқалик уйқу иш унумдорлигини ошириб, иммунитетни мустаҳкамлаши исботланган.

Бундан ташқари, ҳисоб-китобларга кўра, кам уйқу ортидан ишдаги маҳсулдорликка йилига 63 миллиард доллар зарар етади.

Қисқа уйқу бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олади

АҚШдаги Миллий уйқу жамғармаси (National Sleep Foundation) ўтказган сўровномада қатнашган ходимларнинг деярли 3дан 1 қисми иш вақтида ухлаб олишга эҳтиёж сезишларини айтишган.

Тадқиқотдан маълум бўлишича, кундузи ухлашга бўлган эҳтиёж тун давомида уйқуси бўлиниб қолганларда кузатилади. Тунда бир маромда 8 соат узилмасдан давом этган уйқу кундуз куни уйқу чақирмайди.

Уйқуга тўйган ва бунинг акси бўлган бола ўртасидаги фарқ қанчалик аниқ бўлса, бу ҳолат катта ёшдагиларда ҳам худди шундай, дейди клиник уйқу мутахассиси ва Яхшироқ уйқу кенгаши (Better Sleep Council)нинг матбуот котиби Терри Крал.

“Яъни ходимнинг самарасиз ишлаши ёки ишга лаёқатсизроқ бўлиб қолиши уйқу етишмовчилигидан бўлиши мумкин. Лекин буни атрофдагилар сезмайди. Бундан ташқари, чарчаган ходим иш жойида бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиш хавфи юқори. Шу сабаб йирик компаниялар ҳам иш вақтида ухлашни қўллаб-қувватлаш чораларини бошлаган”, – дейди мутахассис.

GovernmentAuctions.org компанияси ҳаммуассиси ва президенти Иан Ароновичнинг айтишича, ходимларга иш давомида 15-25 дақиқалик уйқу учун рухсат берилган.

“Қисқа муддатли уйқу ижодкорликни оширади ва ходим маҳсулдорроқ ишлашига ёрдам беради”, – деган у.

Шунингдек, ўрганишлар қисқа уйқу ҳушёрлик ва тезкорликни ошириши, хотира, мантиқий фикрлашни яхшилаши, уйқучанликни камайтириб, руҳий ва жисмоний ҳолатни яхшилашини аниқлаган.

Қисқа уйқу қанча давом этиши керак?

Мутахассислар қисқа уйқу учун идеал вақт 10-20 дақиқа эканини айтишади.

Миллий уйқу жамғармаси ҳам кундузги уйқу шовқинсиз жойда 20-30 дақиқа давом этгани маъқул дейди. Албатта, уйқу давомийлиги тана чарчагани ва куннинг қайси вақтида ухлашга ҳам боғлиқ.

10 дақиқалик уйқунинг самараси тезроқ сезилади ва тана уйғонгач тетикликни дарҳол ҳис қилади. Агар уйқу миқдори 10 дақиқадан ошса, ходимда уйқу ҳаракатсизлиги деган туйғуни пайдо қилиб, ишга дарҳол киришиб кетолмайди.

Бундай уйқу уйқучанликни тарқатишда тетиклаштирувчи турли ичимликлардан кўра кўпроқ ёрдам беради. Масалан, 12:20–14:00 орасидаги уйқу шундай ҳисни бера олиши айтилади тадқиқотларда.

Мизғиб олиш учун шовқин ва ёруғлик каби уйқуни бузадиган нарсалардан узоқ бўлиш, жуда иссиқ ёки совуқ бўлмаган қулай жой танлаш, телефон, телевизор ёки бошқа қурилмаларга қарашдан сақланиш тавсия этилади.

Қайси давлатларда кундузи ишда ухлашга рухсат берилади?

Айрим мамлакатларда кундузги уйқу ўша халқ маданиятининг бир қисмига айланган. Буни Хитой, Испания, Вьетнам каби давлатларга нисбатан айтиш мумкин.

Вьетнам мактабларидаги мажбурий уйқу

Вьетнамда бир неча йилдан бери ўқитувчилик қилиб келаётган инглиз тили ўқитувчиси Достонбек Сиддиқовнинг айтишича, ўқувчилар тушлик маҳали мактабда, парталар устида ёки полда кўрпа-тўшаги билан ухлашади. Вьетнамда кундузги уйқу миллатнинг ажралмас қисми. Мажбурий таълим муассасаларида (1–12-синфлар) ўқувчилар деярли яшайдилар. Куннинг асосий қисмини ўтказадиган бу жойда куннинг қоқ пешин пайтида болаларга ухлаб олиш мажбурий.

“Бу уларнинг академик салоҳиятини оширишга ёрдам бераркан. Биринчи иш кунимда ҳайрон қолгандим: ўқитувчилар матрасларда пинакка кетишди. Кейинчалик билдимки, банкларда, давлат идораларида ҳам шу аҳвол. Кундузи 1да кўчада бировни кўрмайсиз.

Катталарни билмадим-у, болага етарлича уйқу зарур. Уйқусираб турган бола мияси тўлиғича мавзуни ўзлаштира олмайди”, – дейди Сиддиқов.

Уйқу сумкалари

Хитойда ҳам кундузги уйқу маданиятга айланиб улгурган. Ҳатто айрим меҳмонхона ва ташкилотларда 30 дақиқа ухлаб олиш учун уйқу хоналари бор ва уларни ижарага олиб туриш мумкин. Бу ерда соат 13-14 ораси уйқу вақти ҳисобланиб, энг ками 15 дақиқа, кўпи эса 1 соатдан ошиб кетмаслиги керак.

Huawei'га ўхшаган катта компанияларда эса ходимлар иш столи остида ухлаш сумкалари ҳам туради.

Хитойда магистратурани 3 йил ўқиган Соҳиба Абдуназарова ўзи гувоҳ бўлган ҳолат ҳақида гапириб берди.

“Соат 12–14:00, яъни тушлик вақтида, хитойликларга овқатланиб ухлаб олишлари учун рухсат берилади. Диванда ёки иш столига бошини қўйиб, мизғиб олишади. Ва бу улар учун оддий ҳолат. Кутубхоналарида ҳам талабалар умумий залда ўтириб ухлашарди. Ўзим ҳам шундай қилганман. Кичик ёстиқча олиб столга қўйиб ухлаб олардик”, – дейди у.

Японияда транспорт – де-факто ётоқхона

Японияда иш ёки ўқиш вақтида мизғиб олиш камида 1000 йилдан бери давом этиб келаётган ҳолат. Иш вақтидаги қисқа уйқу аёл ва эркаклар учун бирдай хос. Фақат баъзан этика жиҳатидан аёлларнинг ухлаши ижобий қарши олинмайди.

Яна бир жиҳати борки, Японияда одамлар кам ухлагани ҳисобига ҳам кундузги уйқуга эҳтиёж сезишади. 2015 йил ҳукумат ўтказган сўровномада қарийб 40 фоиз иштирокчи 6 соатдан кам ухлашини маълум қилган.

Мамлакатда дўкон, кафе, ресторанларда ёки ҳатто шаҳарнинг гавжум пиёдалар йўлакчасида ҳам ухлаётган одамларга кўп дуч келиш мумкин. Жамоат жойлари, айниқса, шаҳарлараро поездларда ухлаш кенг тарқалган. Бундай жойларни де-факто ётоқхона деса ҳам бўлади. Айнан уйқу Японияда жиноятчилик даражаси жуда паст эканига сабаб ҳам дейилади.

Сиеста – испанча уйқу

Анъанага кўра, испан иш куни икки қисмга бўлинади. Биринчи қисмида одамлар эрталаб соат 9:00–14:00 оралиғида ишлайдилар. Орада 2 соатлик тушлик бўлади. Иккинчи соат 16:00–20:00 ораси ҳисобланади. Ходимлар 2 соатлик тушлик соатида ухлаб ҳам оладилар.

Бу маданият пайдо бўлишига 1936-1939 йиллардаги фуқаролар уруши сабаб бўлган. Урушдан кейин одамлар оиласини боқиш учун 2 жойда ишлашга мажбур бўлган. Испан тилида кундузги уйқу сиеста деб аталади.

The European Sleep Research Laboratories at the General University Hospital of Castellon мутахассиси Ортеганинг айтишича, 21-асрда катта шаҳарларда сиестага кўпроқ эҳтиёж туғилиши мумкин. Чунки бундай уйқу стрессни енгиллаштиришга ёрдам беради, иммунитетни мустаҳкамлайди ва иш фаолиятини яхшилайди.

Дунёнинг йирик компанияларидаги қисқа уйқу учун ётоқлар

Кундузги уйқунинг фойдалари маълум бўлгач Facebook, Google, Ben & Jerry’s, Cisco ва Zappos каби йирик компаниялар ҳам иш вақтидаги қисқа уйқуни қўллаб-қувватлашга ўтишган.

Компанияларда ухлаш учун махсус уйқу капсулалари ҳам ўрнатилган.

Капсулалар шовқин ва ёруғликдан ҳимоя қилиб, ходимга тинч ухлаш имконини беради.

Facebook'да уйқу капсуласи

Google компаниясида уйқу капсуласи

АҚШ аеропортларидан биридаги аеропортидаги ухлаш жойи

Истанбул аеропортидаги ухлаш жойи

Ўзбекистонда ҳам бу усулни қўллаш мумкинми?

Умуман олганда, иш вақтида ухлаш ёки ухламаслик бу аввало тананинг эҳтиёжи. Яъни ҳар бир ходим уйқуга эҳтиёжини ўзининг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб белгилагани маъқул. Лекин иш жараёнидаги 15-30 дақиқалик уйқу чарчаган танани тетиклаштириши исботланган. Илмий тадқиқотларсиз ҳам буни кўпчилик ўз танасида ҳис этган.

Шундан келиб чиқиб, иш жойларида уйқу хоналари бўлиши ёки ходимларга озгина уйқу учун шароит яратиб бериш иш унумдорлигини оширади.

Албатта, бу мавзуда Ўзбекистон ҳақида аниқроқ хулоса қилиш учун сўровномалар ва иш унумдорлиги таҳлил қилинган тадқиқотларга эҳтиёж бор.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Top