19:42 / 06.10.2022
12245

Таиландда болалар боғчасига ҳужум қилинди. 38 одам ҳалок бўлди, кўпчилиги – болалар

Таиланд шимоли-шарқидаги болалар боғчасига тўппонча ва пичоқ билан қуролланган эркак томонидан қилинган ҳужумда 38 киши, шу жумладан, 22 нафар бола ҳалок бўлди. 

Фото: Reuters

Ҳужум Нонгбуалампху вилоятида уюштирилди. Дастлаб полиция Бангкокда берилган рақамларга эга оқ Toyota автомобили қидирилаётгани ҳақида хабар берди. Сўнгра, Таиланд марказий тергов бюроси эркак ўзини ўлдиргани, бундан олдин хотини ва фарзандини отиб ташлаганини маълум қилди. 

Полиция маълумотларига кўра, ҳужум қилган эркак – 34 ёшли Панья Камраб. Ўтган йили у гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилгани учун полициядан ишдан бўшатилган ва ҳужумдан олдин шу иш бўйича суд маҳкамасида иштирок этган. 

Таиланд матбуоти хабарига кўра, Камраб ов милтиғи, тўппонча ва пичоқ билан қуролланган. Ҳужумдан олдин у автомобилида йўловчиларни босиб кетишга ҳам уринган. 

Фото: AFP, SCREENGRAB FROM TWITTER

Воқеа тафсилотлари 

Ҳужум пойтахт Бангкокдан 500 км шимолроқда, Нонгбуалампху вилоятининг қишлоқ ҳудудида содир бўлган. 

Маҳаллий ҳокимият вакиллари ва гувоҳлар сўзларига кўра, болалар боғчаси биносида 30 га яқин тарбияланувчи бўлган. 

Қуролланган эркак туш пайтидан кейин бинога бостириб кирган ва бир неча ходимларни, жумладан, 8 ойлик ҳомиладор тарбиячи аёлни отиб ташлаган. 

«Аввалига одамлар мушакбозлик бошланди деб ўйлашди», деб гувоҳлардан бирининг сўзларини келтирмоқда Reuter. 

Полиция маълумотига кўра, дастлаб эркак болалар боғчасига фарзандини излаб борган ва унинг йўқлигини кўриб, безовталана бошлаган. Кейин қуролдан ўт очган. 

Шундан сўнг, автомобилига ўтириб, йўловчилар гуруҳига урилган. Уйига қайтиб боргач, хотини ва фарзандини ўлдирган, деб маълумот берди полиция вакили Пайсан Люсомбун. 

Миллий полиция раҳбари генерал Дамронгсак Киттипрапас баёнотига кўра, эркак қонуний асосда сотиб олинган 9 мм калибрга эга тўппончадан фойдаланган. У бир йил олдин гиёҳвандлик билан боғлиқ жинояти туфайли полициядан ишдан бўшатилган. 

Полиция фикрига кўра, ҳужум пайтида Камраб амфетамин гиёҳвандлик воситаси таъсири остида бўлган. 

Таиланд бош вазири Прают Чан-Оча жиноятни қоралади, қурбон бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди ва зудлик билан тергов ўтказиш ҳақида топшириқ берди. 

Бундай мудҳиш ҳодиса Таиландда камдан-кам учрайди. 2020 йилда Накхонратчасима вилоятида ҳарбий хизматчи томонидан амалга оширилган ҳужумда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган эди.

Top