11:16 / 21.10.2022
4130

Тил байрами олдидан дилни ўртаган мулоҳазалар

Фото: marifat.uz

Ҳар йили “Давлат тили ҳақидаги қонун” қабул қилинган кунни байрам қиламиз. Ҳар доимгидек тилчи олимларимиз телевизорда давра қуришиб, бу қонуннинг халқимиз учун аҳамияти катталиги, ўзбек тилининг нақадар бойлиги, кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтишимиз ёшларга қанча кенг имкониятлар очгани ҳақида жуда чиройли суҳбатлар қурадилар. Телевидение ҳам бу байрамдан четда қолмаслик учун ташкилотлар, идоралар, дўконлар пешлавҳаларида, рекламаларда русча, инглизча сўзлар ишлатилаётгани, ўзбекча сўзлар лотин алифбосида хато ёзилаётгани, кўчадаги ёшлар суҳбатида русча сўзларни қўшиб ишлатиши ҳақида кўрсатувлар тайёрлайди. Бу ҳолат йиллар ўтгани сари такрорланаверади. Гўёки 32 йилдан бери байрам битта сценарий асосида ўтказилаётгандек тасаввур уйғонади.

Аслида эса муҳокама қиладиган мавзулар, ҳал қилиниши талаб этилаётган муаммолар етарлича.

Аввало лотин алифбосига ўтиш нотўғри бўлганлиги ҳақида ҳеч бир мутахассис гапирмайди. Халқ орасидан чиққан, бу ислоҳотни ёқламаган одамлар ҳам хатонинг нимадан иборат эканлигини етарлича изоҳлаб беролмадилар. Хатонинг биринчиси: аҳолисининг 80 фоизи инглиз тилида бемалол гаплашадиган, билим даражаси, ихтиролари билан ҳамма томонидан тан олинган ўзимизнинг Осиё минтақасидан Япония, Жанубий Корея, Исроил ва Кувайт каби тўрт давлатни кўриб чиқсак, улардан ҳеч бири ўз алифбосидан кечмаган ҳолда юксак натижаларга эришдилар. Демак ёшларнинг инглиз тилини мукаммал ўрганишида унинг қайси алифбода савод чиқарганининг аҳамияти йўқ.

Хатонинг иккинчиси ва энг асосийси: биз лотин алифбосига ўтиб, ота-оналар ва бобо-бувиларни болаларга берадиган ёрдамдан маҳрум қилдик. Давлат томонидан қабул қилинган қонун ва қарорлар асосида лотин алифбосига ўтиш мавзуси энди батамом ёпилди. Демак бошқа масалалар муҳокамасига ўтсак ҳам бўлади. Долзарб бўлиб турган биринчи масала бу гапимизга бошқа тиллардан кириб келган сўзларни кўп ишлатишимиздир. Тил қанчалик бой бўлса, айтмоқчи бўлган фикрингни бошқаларга шунчалик осон етказа оласан. Тил камбағал бўлганда эса, бошқа тиллардаги сўзлардан фойдаланишга мажбур бўласан. Мисол учун рус тилидан кириб келган самолёт, поезд, трактор, этаж, квартира,коридор, самовар, подъезд каби сўзлар адабий тилимизга мустаҳкам ўрнашиб бўлди. Лекин выключатель, торец, смежний,ключ, сварка, удленитель, выпрямитель каби сўзлар борки уларнинг аниқ ўзбекча таржимаси йўқ (илтимос, ключ сўзининг таржимаси калит, сварканики эса пайвандлаш бўлади деб асабни бузманглар. Эшикни очадиган “ключ” бу калит бўлади. Лекин машина ва механизмларни таъмирлашда ишлатиладигани нима бўлади? Пайвандлаш эса азал азалдан ҳосилдорликни ошириш учун бир дарахт шохини бошқа бир дарахт шохига улаш мазмунида ишлатиб келинган, демак металлни бошқа металлга улашни бошқа сўз билан ифодалашимиз керак).

Тилчиларимиз енг шимариб юқоридаги каби русча ва бошқа тиллардан кириб қолган ва ўзбек луғатида бўлмаган сўзларнинг ўзбекча вариантларини яратишлари керак.

Тил масаласида гапирилганда албатта шева ҳақида ҳам фикр айтилиши керак. Шева асрлар давомида бир ҳудудда яшаб келган халқнинг гапириш услуби ҳисобланади. Ўз ҳамюрти билан суҳбатлашганда шева билан гаплашилса уларни ҳеч ким қораламайди. Лекин бутун бир халқнинг юзи бўлган телевидение ва кинофильмлар орқали шева ( асосан Тошкентча) билан гаплашиш бу саводсизлик ва халққа нисбатан ҳурматсизликдир. Ҳаттоки бошловчиларнинг шевада гапиришини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Менимча кино ва телевидениеда шевани ишлатганлик учун жазо тайинлашга мажбур бўладиган ҳолатга келиб бўлдик.

Тил ва адабиётни бир биридан ажратиб бўлмаслигини, адабиёт эса халқни дунёга танитишнинг энг муҳим воситалардан бири эканини ҳисобга олсак, албатта адабиётдаги аҳвол ҳақида ҳам икки оғиз фикр билдиришга мажбурмиз. Халқ томонидан қўлма-қўл талашиб ўқилган охирги роман, Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” китоби босилганига 30 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу вақт ичида эса эслашга ёки бировга тавсия қилишга лойиқ роман ёзилмади. Шеъриятимиз ҳам Муҳаммад Юсуф, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов билан бирга дафн қилингандек туюлмоқда. Бор шоирларимиз ҳам календар шоири бўлиб бормоқдалар. Кейинги олти йилда энг мукаммал шеър ва қўшиқ деб тан олинаётган “Мендирман ўша” шеърида йигирмага яқин мантиқий хато борлигининг ўзи даражамизни кўрсатиб турибди.

Драматургия ва кинематографиядаги аҳволни эса “ачинарли”дан бошқа сўз билан ифодалаб бўлмайди. Театр ва кинога давлат томонидан маблағ ажратилиши айрим одамларнинг чўнтагига ишлаяпти холос. Давлатнинг ўзи бу соҳага ажратган маблағи нимага сарфлангани билан қизиқмагани, соҳа мутасаддиларининг масъулиятсизлиги аҳволни баттар ёмонлаштирмоқда.

Тил байрами сабаб тилчилар ва адабиётчилар бу мушкул аҳволдан чиқиш йўлларини ўйлаб кўрганлари мақсадга мувофиқ бўларди. Кейинги тил байрамида мен ҳам она тилимиз ҳақида ғурурланиб мақола ёзишимга умид қилиб қоламан.

Олимжон Зоҳидов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди.

Top