13:41 / 22.10.2022
19517

16 ёшли мактаб ўқувчиси Теlegram’да сохта автокредит гуруҳи очиб, фуқаронинг пулини ўзлаштирди

2006 йилда туғилган бола фуқарога 3 йил муддатга 90 млн сўмга 16 фоиздан "Нексия 3" машинасини олиб беришини ваъда қилиб, уни чув туширган.

Фото: cyber102

ИИВ Киберхавфсизлик марказининг хабар беришича, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи фуқаро З.Ж. ИИБ органларига ариза билан мурожаат қилиб, Теlegram мессенжери орқали пулларини ўзлаштирган шахсга қонуний чора кўришни сўраган.

У аризасида, Теlegram’даги “Автокредит бош тўловсиз” гуруҳига аъзо бўлгани, ўзини гуруҳ админи деб таништирган шахс унинг ишончига кириб, 3 йил муддатга 90 млн сўмга 16 фоиздан "Нексия 3" машинасини олиб беришини ваъда қилганини, шундан сўнг келишув асосида бошланғич 2 млн 180 минг сўм пулни қўлга киритгач, телеграм мессенжеридаги ёзишмаларини ўчириб ташлаганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштирган шахс Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган 10-синф мактаб ўқувчиси М.Д. экани аниқланган.

Қайд этилишича, М.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Қашқадарёда талаба “фоизсиз онлайн кредит” ниқоби остида фуқароларнинг пластик картасидаги пулларни ечиб олганди.

Top