17:05 / 23.10.2022
37955

Каземиродан Роналду услубида гол, «Реал» Бенземасиз ҳам шоу уюштирди. Кун ўйинлари

«Манчестер Юнайтед»нинг «Челси»га қарши ўйини якуни ёрқин тус олди, Ҳоланд Англияда голлар уришда давом этмоқда, Италияда голлар ёмғири кузатилган ўйин тақдирини Мхитарян ҳал қилди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Фото: Reuters

Челси – Манчестер Юнайтед 1:1
Голлар: 
1:0 – 87, пенальти Жоржиньо, 1:1 – 90+4 Каземиро.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Тиаго Силва, Кукурелья (Ковачич, 36), Чалоба, Чилуэлл, Жоржиньо, Лофтус-Чик (Чуквуэмека, 79), Маунт, Обамеянг (Пулишич, 74), Стерлинг (Броя, 79).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Диогу Далот, Варан (Линделеф, 60), Мартинес, Шоу, Эриксен (Мактомини, 80), Каземиро, Бруну Фернандеш, Рэшфорд (Эланга, 81), Санчо (Фред, 52), Антони.
Огоҳлантиришлар: Антони (32), Фред (86), Шоу (90), Жоржиньо (90), Мартинес (90).

«Манчестер Юнайтед» шусиз ҳам доим диққат марказида туради, сўнгги кунларда эса клуб газеталарнинг бош муқоваларини эгаллади. Тўғри, қизиқиш авж олиши «Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалаба туфайли эмас, Криштиану Роналду атрофидаги янги можаро туфайли бўлди. Португалиялик юлдуз лондонликларга қарши ўйиннинг қўшимча дақиқалари бошланганида «Олд Траффорд»ни тарк этди ва айнан шу сўнгги кунлардаги асосий муҳокама мавзусига айланди.

Эрик тен Ҳаг Роналду ҳақидаги саволларга жавоб беришдан чарчади. Англияда, маълумки, ўйиндан кейин мураббийлар бир неча нашрлар учун эксклюзив интервью бериши мажбурий, шу туфайли нидерландиялик мутахассис битта фикрни турлича сўзларда ифодалаб жавоб қайтаришига тўғри келди.

Табиийки, «Челси» билан ўйин олдидан ҳам бу мавзу «қайноқ»лигича қолди. Қолаверса, бу вақтга келиб тафсилотлар маълум бўлиб улгурганди: унга кўра, Роналду сўнгги дақиқаларда захирадан майдонга тушишдан бош тортган, натижада асосий таркиб машғулотларидан четлатилган. Шу туфайли Криштиану «Челси» билан ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Шу билан бирга, тосмонлар ярашиш тарафдори эканини кўрсатишди. Тен Ҳаг бу юлдуздан воз кечмоқчи эмаслиги ва мавсум охирига қадар ундан фойдаланмоқчи эканини айтди, Роналду эса (ёки унинг SMM-менежери) ижтимоий тармоқда жамоа билан тушган суратини жойлади ва шундай изоҳ қолдирди: «Олға, «Манчестер Юнайтед».

Поттернинг трансформацияси

Криштиануга «МЮ»сиз осон бўлди дейиш қийин. Аммо трансляция режиссёрларига осон бўлгани аниқ: одатда улар ҳар дақиқада захирада ўтирган Роналдуни кўрсатишарди, бу сафар эса барча эътибор майдонга қаратилди. Лекин ўйини томошабоп бўлди деб  бўлмасди — бу кўп жиҳатдан мураббийлар туфайли.

Тен Ҳаг ва Поттер ўз жамоалари бошқарувига келганига кўп бўлмади ва уларнинг имзоси фақат сўнгги ўйинлардагина кўзга ташлана бошлади. «МЮ» юқори прессинг, қисқа узатмалар билан ўйнаш ва узоқдан берилган зарбалар эвазига «Тоттенҳэм»ни таслим этди. «Челси» эса сўнгги вақтларда гол ўтказишдан тўхтади, жамоа Поттер бошқарувидаги «Брайтон»да бўлгани каби ишончли ҳимояга эга бўлди.

«МЮ»га қарши ўйинда ҳам «Челси» ҳеч қандай янги нарса ўйлаб ўтирмади — ва 3-4-2-1 схемаси танланди, Кукурелья бу мавсумда аввал ҳам бўлгани каби ҳимоя марказидан жой олди. Аммо Поттер биринчи бўлим давомидаёқ хато қилганини тушуниб етди ва 36-дақиқага келиб жароҳат туфайли эмас, тактик зарурат туфайли ўзгариш қилинди — Кукурелья ўрнини Ковачич эгаллади, «Челси» эса 4-3-3 схемасига ўтди.

Кепанинг сэйвлари

Поттер нега бундай қилди? Рақамлар яхшироқ жавоб беради. Бу шанбага қадар «Челси» чемпионатнинг барча баҳсларида тўпга эгалик қилишда рақиблардан устунлик қилган ва бу кўрсаткич борасида лигада учинчи жамоа бўлган. Бу ўйинда эса ўхшамади: дастлабки ярим соатда «Юнайтед»нинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 65 фоизга етди. Ва гап Поттер кутилмаганда «Стэмфорд Бриж»да иккинчи рақам остида ўйнашга қарор қилганида ҳам эмас. «МЮ» шунчаки майдон марказида сон борасида рақибдан устун эди ва лондонликлар юқори прессинг остида қолишди — «Челси» эса ўрта блокда ўйнади ва ҳужумга ўтиш учун ўнлаб аниқ паслар амалга оширишга улгурмади. Поттердан майдон марказига қўшимча футболчи тушириш талаб этиларди, шу билан бирга асосий таркиб билан схемани қайтадан шакллантириш имконсиз эди. Шунинг учун Кукурельяни алмаштиришга тўғри келди.

«Юнайтед» футболчиларининг жойлашувини акс эттириш «Челси»га ўйинни тенглаштириш имконини берди. Кўклар бу вақтга келиб ҳисобда ортда қолаётган бўлиши ҳам мумкин эди — Кепа бир неча бор Рэшфорд гол уришига йўл қўймади. Аммо биринчи бўлим охирида мезбонлар ўзларининг хавфли вазиятига эга бўлишди, аммо Обамеянг бу вазиятни йўққа чиқарди.

Варан иккинчи бўлимда майдонни кўзда ёш билан тарк этди, у Қатардаги мундиалдан қолиб кетиши мумкин. Фото: AFP

Кутилмаган финиш

Поттернинг қайта қуриши ўйин характерини ҳам ўзгартирди. «Челси»да тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи яхшилана бошлади, лекин тен Ҳаг бунга тайёр эди. «МЮ» юқори прессингга урғу беришда давом этди ва позицион ҳужумларда вазиятлар яратди, «Челси» эса бошқа қуролдан фойдаланишга ҳаракат қилди — стандарт вазиятлар.

Аввалига Чалоба бурчак зарбасидан кейин боши билан ҳисобни очишга яқин келди, ўйин охирларида эса бошқа бир стандарт пенальти белгиланишига олиб келди: Бройя Мактоминей билан тўп учун курашда газонга қулади, Жоржиньо эса 11-метрли жарима зарбасини аниқ ижро этди. Зарба олдидан Бруну Фернандеш де Хеанинг қулоғига нималарнидир тушундирди, аммо испаниялик посбонга бу ёрдам бермади.

«МЮ» 87-дақиқада — янги тактика ўйлаб топиш учун вақт қолмаганида гол ўтказиб юборди. «Юнайтед» классик тарзда бутун таркиб билан ҳужумга ўтди ва тинимсиз узатмалар ва бош билан зарбалар бера бошлади. Каземиро бундай услубда ўйнашга одатланмаган, аммо у умуман ўзига хос бўлмаган тарзда, Роналду услубида гол урди: узатмага баланд сакради ва бош билан тўпни дарвоза бурчагига жойлади. Кепа ҳам чиройли сакради, аммо тўп дарвоза тўсини остидан тушиб, бир неча миллиметрга чизиқни кесиб ўтди.

Якунда дуранг ҳисоб сақланиб қолди. 85 дақиқа ўйин голсиз тугайдигандек эди, аммо жамоалар мухлисларга қизғин эндшпиль намойиш этиб берилди.

«Ливерпул»да сафар ўйинлари комплекси, Ҳоланд яна голлар ура бошлади

Ноттингем Форест – Ливерпул 1:0
Гол: 1:0 – 55 Авонийи.
Ноттингем Форест – Ҳендерсон, Орье, Кук, Маккенна, Уильямс (Лоди, 73), Куяте (Мангаля, 80), Фройлер, Йейтс, Лингард (Жонсон, 64), Гиббс-Уайт, Авонийи (Уоррелл, 64).
Ливерпул – Алиссон, ван Дейк, Гомес, Робертсон, Эллиотт, Карвалью (Ҳендерсон, 62), Фабиньо, Жонс, Милнер (Александер-Арнолд, 62), Фирмино (Окслейд-Чемберлен, 76), Салоҳ.
Огоҳлантиришлар: Гомес (54), Уоррелл (88), Фройлер (89).

«Ливерпул» Ноттингемга бир қатор етакчиларсиз келди, жароҳатланиб сафдан чиққан Диогу Жота, шунингдек Диас ва Нуньессиз. Лекин амалда ўйиннинг биринчи ярмида бу аутсайдерга қайрши ўйиннинг умумий характерига таъсир кўрсатмади, лекин жамоа футболчилари вазиятлардан фойдаланишда оқсади. Фабиу Карвалью бир неча метрдан туриб дарвозани аниқ ишғол этолмади, бурчак зарбаси ижро этилганида Роберто Фирминонинг зарбаси хато кетди, кейин эса ван Дейк дарвоза яқинида турган ҳолда зарба бериш ўрнига тўпни шеригига ташлаб беришга қарор қилди.

Бу ҳолатлар яна бир бор қизилларнинг бегона майдондаги ўйинларини эслатди, АПЛда жамоа бу мавсумда бирор марта сафар ўйинида ғалаба қозона олмаган. Иккинчи бўлим бошида эса Авонийи вазиятни янада мураккаблаштирди, у устундан қайтган тўпга зарба бериб, иккинчи уринишда дарвозани ишғол этди. Аммо бу вазиятни тасодиф сифатида баҳолаш мумкин бўлган бўлса, ўйиннинг қолган дақиқаларида «ўрмончилар» ғалабага ҳақли ўйнаб, яна қатор вазиятларга эга бўлишди.

Қўшимча дақиқаларда «Ноттингҳем»нинг мавсумдаги иккинчи ғалабасини Дин Ҳендерсоннинг ақл бовар қилмас сэйви сақлаб берди, шундай экан, «Ливерпул»нинг инқироздан чиқиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Юрген Клопп жамоаси 11 турда уч бор мағлуб бўлди — бу ўтган мавсум давомидаги жами мағлубиятлар сонидан кўп.

Манчестер Сити – Брайтон 3:1
Голлар:
 1:0 – 22 Ҳоланд, 2:0 – 43, пенальти Ҳоланд, 2:1 – 53 Троссард, 3:1 – 75 де Брюйне.
Манчестер Сити – Эдерсон, Аканджи, Лапорт, Рубен Диаш, Жоау Канселу, де Брюйне, Бернарду Силва, Родри, Грилиш (Палмер, 77), Маҳрез (Фоден, 62), Ҳоланд (Альварес, 80).
Брайтон – Санчес, Данк, Уэбстер, Велтман (Эступиньян, 66), Марч, Гросс, Мак Аллистер, Кайседо, Лаллана (Лэмпти, 46), Уэлбек (Ундав, 79), Троссар.

Фото Reuters

Ҳоланд қарийб икки ҳафта гол урмаганди, у аввалига Чемпионлар лигасида натижаси у қадар аҳамиятли бўлмаган сафар ўйинида майдонга туширилмади, кейин «Ливерпул»га қарши ўйинда уни зарарсизлантиришди, шундай экан, «Брайтон» норвегиялик футболчининг йўлидан чиққан ўлжага айланди. VAR нинг пенальти бермаслик тўғрисидаги қарори Эрлингни ғазаблантирди — Эдерсоннинг узоқ масофага тўп ташлаб беришидан кейин уни рақиб дарвозабони ёнидан олиб ўтди ва бўш дарвозани ишғол этди, унга қаршилик кўрсатмоқчи бўлган Уэбстерни эса учириб юборди.

Ҳоланд барибир бўлим охирида пеналти ижро этиш ҳуқуқига эга бўлди. Натижада у АПЛда 11 ўйиндаги 17-голини урди. Таққослаш учун, Кейн мавсум давомида шунча гол урганди, ўшанда фақат уч футболчи ундан яхшироқ натижа қайд этишганди. 

«Чайкалар» эса икки кишининг ҳаракатлари туфайли маълум муддатга интригани қайтаришди — Троссар Эдерсоннинг яқин бурчагига аниқ зарба йўллаб, ҳисобни қисқартирди. Лекин бразилиялик дарвозабон кўп ўтмай бельгиялик рақибдан реванш олди - бунданда хавфли вазиятда яккама-якка ҳолатда берилган зарбани тўсиб, дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолди. Ўйин тақдирини эса Де Брюйненинг ўз услубидаги голи билан ҳал қилди. Футболчининг ўйин арафасида кўпчиликнинг муҳокама марказида бўлган кўзи кўкариши унинг нишон олишдаги маҳоратига таъсир қилмагани маълум бўлди.

Испания: Вальверде яна гол урди

Реал Мадрид – Севилья 3:1
Голлар: 
1:0 – 5 Модрич, 1:1 – 54 Ламела, 2:1 – 79 Васкес, 3:1 – 81 Вальверде.
Реал – Куртуа, Карвахаль (Васкес, 77), Алаба (Начо, 86), Милитао, Менди (Рюдигер, 77), Модрич (Асенсио, 77), Кроос, Тчуамени (Камавинга, 65), Вальверде, Винисиус Жуниор, Родриго.
Севилья – Буну, Монтьель, Гудель, Маркао Тейшейра, Теллес, Ракитич (Рафа Мир, 76), Оливер Торрес (Гомес, 69), Жордан, Навас (Кармона, 67), Иско (Дилэйни, 76), Ламела.
Огоҳлантиришлар: Жордан (28), Монтьель (32), Тчуамени (37), Гудель (66), Гомес (90).

«Сантьяго Бернабеу»нинг ёмғир остидаги трибуналари мухлислар томонидан кўтарилган плашкалар (тахтачалар) туфайли олтинрангга бўялди. Бу ўтган мавсум қаҳрамонлари шарафига эди — Куртуа ва Бензема. Дарвозага қайтган бельгияликка Лев Яшин номидаги мукофотни афсонавий Икер Касильяс топширди, бу ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келган француз ҳужумчиси эса «Олтин тўп»ни бу мукофотни олдинроқ ютиб олган Зинедин Зидан ва Лука Модричдан қабул қилиб олди.

Айнан хорватиялик футболчи «Реал» сафидаги 450-учрашувида Бенземанинг ишини бажарди, у ўйин дебютида Винисиус Жуниорнинг дарвозанинг нариги бурчаги томон йўллаган узатмасини дарвоза тўрига жойлади. Бу вазиятда мадридликларни енгил ўйин кутаётгандек эди, аммо Хорхе Сампаоли бошқарувидаги «Севилья» эндиликда Хулен Лопетегининг сўнгги давридаги умидсиз жамоа эмас. Жамоа синиб қолмади, худди биринч голда Винисиусга тўпни топшириб қўйган Монтиэль каби, у қўпол хатосини айнан Винисиус билан тўп учун курашда устун келган ҳолда тузатиб, Ламелага ажойиб пас берди.

Аммо «Реал»ни бу мавсумда тўхтатадиган жамоа топилмаяпти! Жамоа муваффақиятсизликларни сезмагандек ўтиб кетмоқда. Худди меҳмонларнинг аргентиналик футболчилари ҳужумларини сезмагандек. 77-дақиқада Карло Анчелотти уч нафар янги футболчини - Карвахаль ўрнига Васкес, Менди ўрнига Рюдигер, Модрич ўрнига Асенсиони туширди. Икки дақиқа ўтиб намунали прессингдан кейин, Асенсио кесувчи паси билан чап қанотдан марказга ёриб кирган Винисиусни тўп билан таъминлади, бразилиялик футболчи эса бўш дарвоза қаршисига чиқиб келган Лукас Васкес гол уришини таъминлаб берди. Бу намунали ҳужум «Севилья»га оғир жароҳат етказган бўлс, икки дақиқа ўтиб Вальверде томонидан йўлланган ақл бовар қилмас зарба жамоани бутунлай ўлдирди ва андалусияликлар қаторасига ўн бешинчи бор пойтахтдан мағлубият билан қайтадиган бўлишди. 

Италия: Берлускони ва Галлиани учун ностальгия

Милан – Монца 4:1
Голлар:
 1:0 – 16 Браим Диас, 2:0 – 41 Браим Диас, 3:0 – 65 Ориги, 3:1 – 70 Раноккия, 4:1 – 84 Рафаэл Леау.
Милан – Тэтэрушану, Дест (Калулу, 46), Кьер (Габбия, 60), Томори, Эрнандес, Беннасер, Браим Диас (де Кетеларе, 53), Побега, Ребич (Рафаэл Леау, 60), Ориги (Вранкс, 78), Жуниор Мессиас.
Монца – Ди Грегорио, Кальдирола (Карбони, 54), Мари, Антов, Карлос Аугусто, Барберис (Раноккия, 46), Сенси (Бондо, 66), Пессина, Чурриа, Капрари (Гюткьяер, 66), Мота (Петанья, 54).

«Монца» «Сан-Сиро»да меҳмон — бу буюк «Милан» ижодкорлари Сильвио Берлускони ва Адриано Галлианининг қадрдон маконга қайтиши билан боғлиқ ҳаяжонли тарихдир. Россонерилар собиқ раҳбарлари стадион ВИП-ложасида хўжайинлардек кўринмаса ҳам, меҳмондек ҳам эмасди. Майдонда эса ҳеч қандай меҳмондорчилик ҳақида гап кетиши мумкин эмасди.

Оқшом қаҳрамони Браим Диас бўлди. Испанияликнинг биринчи голи — ҳақиқий шедевр эди. У тўпни майдон марказида эгаллаб, дарвоза ҳудудига қадар олиб борди ва ҳимоячи билан контактдан кейин йиқилаётиб, тўпни дарвозабон ёнидан ўтказиб дарвоза тўрига йўллади. Диаснинг кейинги зарбаси ҳам яхши чиқди, ўйин масаласини эса тўпни «тўққизлик»ка йўллаб, Миландаги голлар ҳисобини очган Ориги ҳал қилди. Майдонни Рафаэл Леау ҳам самарали ҳаракатсиз тарк этмади. «Милан» Чемпионлар лигаси ўйинига аъло кайфиятда йўл оладиган бўлди.

Фиорентина – Интер 3:4
Голлар: 
0:1 – 2 Барелла, 0:2 – 15 Мартинес, 1:2 – 33, пенальти Артур, 2:2 – 60 Иконе, 2:3 – 73, пенальти Мартинес, 3:3 – 90 Йович, 3:4 – 90+5 Мхитарян.
Фиорентина – Терраччано, Додо (Венути, 82), Мартинес, Миленкович, Бираги (Терзич, 82), Бонавентура, Данкан (Йович, 53), Амрабат (Барак, 83), Артур, Куаме, Гонсалес (Иконе, 9).
Интер – Онана, Дармиан (Думфрис, 67), де Врей, Ачерби, Шкриньяр, Димарко (Гозенс, 67), Мхитарян, Чалханоглу, Барелла, Корреа (Джеко, 61), Мартинес (Белланова, 85).
Огоҳлантиришлар: Бонавентура (35), Ачерби (35), Додо (38), Индзаги (38), Амрабат (54), Барелла (56), Миленкович (79), Думфрис (88).

«Интер» ўйинни кучли бошлади ва вақт ўтган сайин кучайиб борди, Барелла эса биринчи хавфли ҳужумдаёқ Лаутаро Мартинеснинг узатмасидан ҳисобни очди. Кўп ўтмай аргентиналик ҳужумчининг ўзи майдон маркази бўйлаб юриш қилиб, ҳисобдаги устунликни оширди, аммо Димарконинг жонбозлик кўрсатишга уриниши миланликлар идиллиясини йўққа чиқарди. У рақибга халал беришда ошириб юборди, белгиланган пеналтини эса Артур Кабрал аниқ ижро этди.

«Интер» куч тежаб ўйнаётгани ва муваффақият ривожлантирилиши вақт масаласидек эди, аммо бу алдамчи тасаввур бўлиб чиқди. Танаффусдан кейин «фиалка» тезкор қарши ҳужумда муваффақият қозонди, Онана Иконенинг кучли зарбаси қаршисида ожиз қолди. Барелла эса ҳисоб тенг вазиятда қулай имкониятдан фойдалана олмади.

Шу ҳисоб ҳам ўйин шиддатини акс эттираётганди, аммо бу ҳали куннинг энг ақл бовар қилмас ўйини дебочаси эди. «Фиорентина»ни Мартинес ўзи ишлаган пенальтини аниқ амалга ошириши ҳам синдира олмади. Август ойи охиридан буён А серияда гол урмаётган Йович ҳисобни тенглаштириб, жамоаси халоскорига айлангандек эди. Аммо сербиялик ҳужумчининг 90-дақиқада акробатик услубда йўллаган зарбаси учрашувдаги сўнгги гол бўлиб қола олмади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Мхитарян «Интер» сафидаги узоқ кутилган илк голини урди.

Германия: Беллингем тезлик олмоқда

Ҳоффенҳайм – Бавария 0:2
Голлар: 0:1 – 17 Мусиала, 0:2 – 38 Шупо-Мотинг.
Ҳоффенҳайм – Бауманн, Акпогума, Нсоки, Кабак, Анхелиньо, Гайгер (Руди, 85), Премел (Штиллер, 85), Баумгартнер (Крамарич, 62), Сков (Кадержабек, 62), Даббур (Бисхоф, 76), Рюттер.
Бавария – Улрайҳ, Павар, Упамекано, де Лигт, Дэвис, Горетцка (Забитцер, 70), Киммиҳ, Шупо-Мотинг (Тел, 70), Гнабри (Мазрауи, 76), Коман (Мане, 61), Мусиала (Гравенберҳ, 76).

«Ҳоффенҳайм» қаторасига икки ўйинда йирик ҳисобда ғалабаларга эришиб, кичик инқирозни енгиб ўтган ва етакчилар гуруҳига қайтганди. Аммо бу «Бавария»га қарши ўйинда муваффақият учун етарли бўлмади. Мюнхенликлар дарҳол ташаббусни қўлга олишди, Мусиала бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди, кўп ўтмай Шупо-Мотинг қаторасига учинчи ўйинда ўз номини таблога ёздириб қўйди. Юлиан Нагельсманн Мюллерсиз ва Манени захирада қолдириб ҳам сафарда осонлик билан ғалабага эришди. «Бавария» ҳамон биринчи ўринга қайтмаган, якшанба куни «Унион» Боҳумда ғалаба қозонса, чемпион билан орадаги фарқни яна тўрт очкога етказади.

Боруссия Д – Штутгарт 5:0
Голлар: 1:0 – 2 Беллингем, 2:0 – 13 Зюле, 3:0 – 44 Рейна, 4:0 – 53 Беллингем, 5:0 – 72 Мукоко.
Боруссия Д – Кобель, Зюле, Ҳуммелс (Пасслак, 66), Шлоттербек (Жан, 56), Геррейру (Вольф, 80), Брандт, Ўзжан, Рейна (Модест, 67), Беллингем, Адейеми (Азар, 67), Мукоко.
Штутгарт – Мюллер, Антон, Загаду, Мавропанос, Соса, Эндо, Мийо (Нарти, 57), Аҳамада (Каразор, 74), Мвумпа (Фюрих, 57), Гирасси (Пфайффер, 74), Тиагу Томаш (Переа, 62).

«Боруссия» дебютдаёқ «Штутгарт» мудофаасини яксон этди, икки голда ҳам ҳимоячи Зюле иштирок этди. Аввалига у қанотдан тўпни Беллингемга зарба бериш учун ташлаб берди, кейин эса Рафаэл Геррейрунинг жарима зарбасидан берган пасини дарвоза тўрига жойлади. Шундан кейин яқинда бош мураббий ўзгарганидан ўзини йўқотиб қўйгандек кўринган меҳмонлар ўйнашни йиғиштиришди — майдонда финал ҳуштаги чалингунига қадар фақат бир жамоа ҳукмронлик қилди. Айниқса Беллингем ўзининг ёрқин ўйинларидан бирини ўтказди, у бундеслига ўйинларида мавсум бошидан буён гол урмаганди, энди эса бир мавсумда барча турнирларда урилган голлар сони бўйича (8) ўз рекордини янгилади.

Кун статистикаси

  • «Вальядолид» ҳужумчиси Серхио Леон сўнгги 5 ўйинда 5 гол урди. У Ла лигада бунгача «Леванте» ва «Бетис» сафида шунча гол уриш учун 79 ўйин ўтказганди.
  • «Специя» мавсум бошидан буён 6 та сафар ўйинида битта ҳам гол урмасдан ютқазди. А серияда 1939/40 йилги мавсумдан буён илк бор шундай ҳолат кузатилмоқда, бундай нохуш серия қайд этган сўнгги жамоа «Наполи» бўлганди.
  • «Лион» ҳужумчиси Ляказетт ўйинларда 90-дақиқадан кейин 12 бор гол урган. Бу лига 1 чемпионатида XXI асрдаги энг яхши кўрсаткич.
  • «Аякс» яримҳимоячиси Бергҳайс 32 бор жарима майдони ташқарисидан гол урган. У бу борада Нидерландия чемпионатида 2000 йилдан кейинги даврда амстердамликларнинг собиқ футболчиси Зиёшнинг натижасини яхшилади.
  • Бундеслигада «Фрайбург» ҳужумчиси Грифо 39 гол урди. У турнир тарихидаги энг яхши италияликлар тўпурарлар рўйхатида Лука Тонидан ўзиб кетди.
  • «Манчестер Сити» АПЛда Хосеп Гвардиола бошқарувида 600-голини урди. Бунгача бир жамоа бошқарувида бундай натижани фақат Алекс Фергюсон ва Арсен Венгер қайд этишган.
  • «Челси» дарвозабони Кепанинг «қуруқ» серияси 623 дақиқа давом этди.
Top