23:46 / 01.11.2022
18338

Гужарот фожиаси: кўприкни таъмирлаш соатсоз компанияга топширилгани маълум бўлди 

Ҳиндистоннинг Гужарот штатидаги кўприкнинг қулаб тушиши 135 киши ўлими билан якунланди. Уни таъмирлаш шартномаси соат ишлаб чиқарувчи маҳаллий фирмага берилгани маълум бўлди. 

Фото: Rafiq Maqbool/AP

Ҳиндистоннинг Гужарот штати, Морби шаҳридаги кўприкнинг қулаши ва 135 кишининг ўлимига коррупция сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳиндистонликларни ғазаблантирмоқда, деб ёзди The Guardian. 

Якшанба оқшомида оилалар дарё узра кечки ҳаводан завқланиш учун кўприкка тўпланишган, унинг қулаб тушиши оқибатида баъзилари сувга чўккан, бошқалари қирғоқдаги тошларга урилиб, жон берган эди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, Бхаратия Жаната партияси томонидан бошқариладиган Гужарот штати маъмурияти 100 йиллик осма кўприкни таъмирлаш ишларини маҳаллий Oreva компаниясига топширган. 

Ушбу компания қўл ва девор соатлари, ёриткичлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг кўприклар ёки шунга ўхшаш инфратузилмани таъмирлашда тажрибаси борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Бундай ишларни аввал ҳам бажаргани веб-сайтида ҳам тилга олинмаган. 

Мухолифатдаги сиёсатчи, Аам Аадми партияси раҳбари Арвинд Кежривал сўзларига кўра, кўприк қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилганидан атиги 4 кун ўтгач қулаб тушишига «катта коррупция» сабаб бўлган. 

«Нега соат ишлаб чиқарувчи компания кўприк қуриш тажрибаси бўлмаса-да, бу иш билан шуғулланган?» деди Кежривал матбуот анжуманида. 

Қизиғи шундаки, сешанба куни бош вазир Нарендра Моди фожиа юз берган жойга ташриф буюрганида, Oreva компанияси номи ёзилган реклама баннери брезент билан ёпиб қўйилган. 

Моди ўзи учун қадрдон саналмиш Гужарот штатини Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудлари учун ўрнак ва «ривожланиш модели» сифатида кўрсатишга уриниб келади. 

Кўприк қулаб тушиши ортидан ўтказилган дастлабки суриштирувдан кейин 9 киши ҳибсга олинган. Ҳиндистон матбуоти уларнинг икки нафари Oreva менежери бўлганини қайд қилади. Қолганлари эса кўприкдаги соқчилар ва чипта сотувчилари бўлган. Барчасининг исми-шарифи сир тутилмоқда. 

Бош вазир Нарендра Моди сешанба куни 100 га яқин жабрланганларни кўриш учун Морби давлат шифохонасига ҳам ташриф буюрди. 

Фото: PIB/AFP/Getty Images

Унинг ташрифи вақтида шифохона қиёфасининг бирдан яхши томонга ўзгариб қолгани ижтимоий тармоқларда кинояли мақтовларга сазовор бўлди.

NDTV телеканали хабарига кўра, деворлар янги бўёққа бўялган, эскирган чойшаблар янгисига алмаштирилган, қорайиб кетган кошинлар ҳам тозаланган. Йўлакка янги сув совиткичи қўйилган.

Ҳиндистон конгресс партияси бу ҳақда ижтимоий тармоқда: «Деворлар бўялмоқда, ялтироқ плиткалар ётқизилмоқда. Бош вазирнинг фотосуратларида ҳеч қандай ёмон нарса йўқлигини таъминлаш учун қилинган. Уларда уят йўқ, шунча одам ҳалок бўлди, улар тадбир уюштириш билан банд», деб ёзган.

Қидирув-қутқарув ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда, бироқ қутқарувчилар бошқа жасадларни топишга умид қилмагани боис, жараён тўхтатилиши мумкин.

Чоршанба Гужарот штатида мотам куни деб эълон қилинди.

Top