Пискент тумани ҳокимининг ўринбосари иккинчи маротаба жазоланди
Меҳнат интизомини бузганлиги учун Раҳимжон Рихсиевнинг ўринбосарига ойлик иш ҳақи ҳисобидан жарима жазоси берилди. Бундан аввал унга ҳайфсан жазоси ҳам қўлланганди.
Пискент тумани ҳокимининг шу йил 31 октябрдаги фармойиши билан қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шерматовга 10 октябрдан 14 октябргача ишга сабабсиз келмаганлиги учун ойлик иш ҳақининг 45 фоизи миқдорида жарима берилди.
Ҳужжатда асос қилиб Меҳнат кодексининг 181-моддаси 2-банди, яъни ходим меҳнат интизомини бузганида иш берувчи ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима қўллашга ҳақлиги ёзилган. Шунингдек, унда ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкинлиги қайд этилган.
Ўтган йили туман ҳокимининг 30 декабрда имзолаган фармойишига асосан, Ботир Шерматовга “Жисмоний ва юрдик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларини бузиб, президент виртуал қабулхонасига келиб тушган тегишли мурожаатларга 15 кундан сўнг ҳам жавоб хати ёзмагани ва вилоят ҳокимлигига нотўғри маълумот тақдим этгани учун ҳайфсан интизомий чораси қўлланган эди.
Шунингдек, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ғофур Алибоев ҳам худди Шерматов каби мурожаатга ўз муддатида жавоб хати юбормагани учун ҳайфсан олган.
Бунда Тошкент вилояти прокурори ўринбосари адлия катта маслаҳатчисининг 16.12.2021 йилдаги Т-1620-сон хати, туман прокурори адлия маслаҳатчисининг 23.12.2021 йилдаги Т-1648-сон хатида интизомий жавобгарлик тўғрисидаги иш қўзғатиш ҳақидаги қарорлари маълумот ва ижро учун қабул қилиниб, асос сифатида олинган.
Эслатиб ўтамиз, Ботир Шерматов туман ҳокимининг 2021 йил 10 майдаги 260-сон қарорига асосан уч ойлик синов муддати билан ҳоким ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.
Шу йил 17 мартдаги қарор билан эса синов натижаси қониқарли деб ҳисобланиб, 15 мартдан туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари бўлганди.
Маълумот учун, Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев салкам 400 гектарлик яйловни 1 трлн сўмга ижарага олгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Ҳоким эса бундай ниятда бўлмагани, онлайн аукцион тизимининг ишлашини ўз кўзи билан кўриш учун тажриба тариқасида шундай қилганини айтганди.
Мавзуга оид
23:20 / 24.12.2024
Пискентда аҳоли гавжум ҳудудда бўрилар кезиб юргани маълум бўлди
20:14 / 16.12.2024
Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
15:09 / 03.12.2024
Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва бўлими бошлиғи лавозими тугатилади
17:27 / 30.11.2024