17:22 / 07.11.2022
21459

Шаҳрихон туман ХТБ мудири директорларни ҳақорат қилгани акс этган аудиохабар тарқалди

Аудиода айрим мактаб директорлари «ҳаромхўрлар» деб ҳақорат қилинади.

Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани халқ таълими бўлими мудири Жавлон Маматқодиров тумандаги айрим мактаб директорларини ҳақорат қилган. Kun.uz ихтиёрига етиб келган овозли хабарда «Яшил макон» дастури доирасида кам кўчат эккан мактаблар директорлари ҳақорат қилингани эшитилади.

«Ассалому алайкум, ҳурматли директорлар, устозлар. Битта нарсага амин бўляпман ва афсусланяпман-да: баъзи бир мактаб директорларимиз шу даражда ёлғончи, аферист, ҳаромхўр эканки, у ёғига гап топа олмаяпман.

Шанба куни, ўтган ҳафта ҳамма мактабларда, раҳмат, зўр ташкил қилганлар бор. Бутун бошли боғ ташкил қилиб қўйганлар бор. 100 та, 200 та, камида 50 та кўчат экканлар бор. Лекин баъзи бир ҳаромхўр директорлар, шунақа дейишга мажбурман, баъзи бирларга ёмон тегмасин узр, устозлар. Лекин шу гапларни айтишга мажбурман.

Мана, ўзим шахсан юриб айланиб кўряпман. 3 дона кўчат экибди шанба куни. 3 дона! Инсофсиз, ёлғон гапириб, ҳаромдан ойлик еб юрган, ифлослар, 3 дона кўчат эккан мактаблар бор. Баъзи бир умуман экмаган мактаблар ҳам бор. Ҳали уларга ҳам етиб бораман.

Ҳисоб-китобингизни қилинг. Қайси мактаб экмаган ёки 3 дона, 4 дона «показуха»га экиб қўйиб, мени алдамоқчи бўлганлар барибир етиб бориб, шармандангизни чиқараман, айтиб қўяй.

Бу ҳафта шанба куни яна тайёргарлигингизни қилинг. Қайси мактаб бўлишидан қатъи назар, «бир дона кўчат сиғадиган жойи йўқ, қолмади», дегунча экасиз. Хоҳласангиз, бир ҳафтада тугатиб қўйинг, хоҳласангиз 10 ҳафтада тугатинг. Лекин тугатмагунча экасиз», — дейилади овозли хабарда.

Овозли хабар қачон ёзиб олингани номаълум. Бундан ташқари, мактаб директори кўчатларни қаердан олиб экиши кераклиги айтилмаган. Яъни кўчатларни директорлар ўз ёнидан олиб экиши керакми ёки кўчатлар учун маблағ ажратилганми?

Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда «Шаҳрихон тумани халқ таълими бўлими мудири томонидан кўчат экиш тадбирида фаоллик кўрсатмаган директорларни ҳақорат қилмоқда», сарлавҳали хабарлар тарқалган бўлиб, ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз.

Шу ўринда вилоят халқ таълими бошқармаси тизимдаги туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари ва вилоятдаги таълим муассасаларининг бирортасига дарахт кўчатларини харид қилиб, уларни экиш тўғрисида топшириқ ва кўрсатмалар бермаганлигини таъкидлаб ўтамиз. Ўрганиш якунларига кўра батафсил маълумот берилади», — дейилади изоҳда.

Маълумот учун, Жавлонбек Маматқодиров 2022 йил июнидан буён туман ХТБга раҳбарлик қилиб келмоқда. У муқаддам Шаҳрихон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Қайд этиш керакки, бу Андижон вилояти халқ таълими билан боғлиқ ғалати топшириқлардан биринчиси эмас. Аввалроқ, Жалақудуқ туманидаги мактабда «Ҳоким ва ўқувчилар» учрашувида ўқитувчилардан ўқувчилари вилоят ҳокими саволларига «шукроналик ҳисси билан жавоб бериши», свет-газ муаммоси ҳақида гапирмаслиги сўралган хабар тарқалганди.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири

Top