Ўзбекистон | 15:39 / 08.11.2022
6755
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Венгрия: Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги мулоқот ва ҳамкорлик

Ўзбекистон – Будапештнинг Марказий Осиёдаги, айниқса, Венгрия кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Туркий кенгашдаги муҳим шериги ҳамда Европадаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланиб келаётган дўст давлатлардан бири ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги сиёсий-дипломатик, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар муносабатлар мунтазамлик касб этиб, унинг ривожланиб бораётганлиги кузатилмоқда. Шубҳасиз, Венгрия бош вазирининг Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммитида иштирок этиши икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларнинг янги қирраларини очишга ҳамда анжуманнинг самарали ўтишида муҳим стратегик аҳамият касб этади. Икки томонлама ва Туркий давлатлар ташкилотидаги ўзаро алоқаларнинг шаклланиши ва ривожланишини ҳамда истиқболини  бир қанча омиллар белгилаб бермоқда.

Биринчидан,  Венгрия 1991 йил 26 декабрь куни Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган ва мамлакатимизнинг Европа йўналишидаги вақт синовидан ўтган ишончли шерикларидан бири ҳисобланади. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 3 март куни ўрнатилган. Ўзаро алоқаларнинг ривожланишига 1997 йилда Венгрия президентининг Ўзбекистонга ташрифи муҳим аҳамият касб этган бўлса, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 2019 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити доирасидаги самарали учрашуви ташкилот доирасидаги ўзаро мулоқотга ва муносабатларда янги даврни бошлаб берди. Жорий йилдаги давлатимиз раҳбарининг Венгрияга расмий ташрифи ўзаро алоқаларни замонавий шароитларга мос стратегик шерикчилик босқичга олиб чиқишга янги имкониятлар яратди.

Иккинчидан, стратегик шерикчиликда янги тенденциялар вужудга келди. Олий ва юқори даражаларда доимий сиёсий мулоқотлар олиб борилмоқда. Ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди ҳамда парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу борада, устувор йўналиш сифатида савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги, молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, фармацевтика, агросаноат мажмуи, машинасозлик, сувни тежаш ва бошқа йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурлар амалга оширишга киришилди. Шунингдек янги йўналиш сифатида атом энергетикаси бўйича кенг қамровли ҳамкорлик дастурини йўлга қўяётгани алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Шунингдек, худудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг Тошкент, Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳамда Венгриянинг Пештен, Веспрем ва Фейер вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг ўринбосарлари раҳбарлигида доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилмоқда.

 Иккинчидан, давлатлараро, икки давлатнинг минтақавий муносабатларида фаоллик ва масъулиятлилик ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ўхшашлик ва яқинлик муҳим роль ўйнамоқда. Жумладан, Ўзбекистон охирги йилларда Марказий Осиёда иқтисодий жараёнларни ҳаракатга келтирувчи кучга айланиб бормоқда. Венгрия эса демократик қадриятлари ҳамда геосиёсий жойлашуви ва геоиқтисодий салоҳияти, аҳолининг билим даражаси юқорилиги, замонавий инфраструктура ва фаол ташқи иқтисодий дипломатия олиб боряпти. Айниқса замонавий иқтисодий сиёсат тажрибаси  ишсизликнинг олдини олишга самарадорлиги билан фахрланади. Масалан, 2010 йилда Венгрия жуда қийин иқтисодий аҳволда бўлган: ишсизлик 12,5 фоиз, 10 млн аҳолидан 1,8 млн солиқ тўланаркан. Ҳозир эса ишсизлик 3,5 фоиз, 4,5 млнга яқин одам солиқ тўлайди, бу эса бюджет тушуми кўпайишига ва ўз ўрнида ижтимоий ҳимоя борасида давлат ташаббускорлигига кенг имкониятлар очиб берди. Яна бир жиҳати шундаки,  Венгрия технологик жиҳатдан ривожланган бўлиб, мавжуд имкониятлардан унумли фойдалана олиш тажрибаси юқори даражада. Халқаро иқтисодий муносабатларда ҳам прагматик ёндашувни амалга ошириб келмоқда. Венгрия Европа Иттифоқида биринчи бўлиб Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига қўшилган.

Учинчидан, икки давлатнинг ҳам Туркий давлатлар ташкилотида кўп томонлама мулоқотда ўзига хос мавқега ва ривожланиш истиқболларига эгалиги, минтақа  муаммоларини кун тартибига айлантириш бўйича прагматик ва конструктив ёндашув ҳамда ташаббускорлик кузатилмоқда. Венгриянинг Туркий давлатлар ташкилотидаги фаолиятида Осиёга йўналиши ошиб бораётганлигини, Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк бўлишидаги ҳаракатини кузатиш мумкин. Бу борада Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги ва ТДТ доирасидаги ҳамкорлик муносабатлари ҳам худди шундай руҳда ривожланмоқда.

Тўртинчидан, Венгрия – Европанинг энг тез ўсиб бораётган иқтисодиётларидан бири, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга давлат. Будапешт асосий эътиборни миллий ишлаб чиқарувчиларга ва уларни глобаллашувдан ўзига бозор қуриш учун фойдаланган йирик корпорациялар манфаатига зид равишда қўллаб-қувватлашга қаратяпти. Ўз навбатида бу сиёсат Венгриянинг иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлаши ва Европа Иттифоқидаги қўшниларига нисбатан фарқланишига халқаро майдонда ўзаро ҳамкорлик қилиш учун кўпроқ имкониятларни сақлаб қолмоқда.

Бешинчидан, Венгрия мустақил ташқи сиёсат юритаётган кам сонли давлатлардан бири, бунинг далили ҳам постсовет давлатлари билан ҳамкорлик, ҳам Туркий тилли давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомидир, Венгрия Европа Иттифоқида қадриятлар ва иқтисодий мавқеи масалаларида ҳам алоҳида ўрин  эгаллайди. Иқтисодий модели жиҳатидан Венгрия қўшниларидан жуда фарқ қилади. Виктор Орбан ҳокимият тепасига келганида, глобаллашув формати ва Венгриянинг глобаллашувдаги иштироки қайта кўриб чиқилди.

Олтинчидан, икки давлат маданий гуманитар соҳадаги ҳамкорликда мамлакатлар олимлари икки давлат тарихи ва маданиятини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Таълим соҳаси  ўзаро алоқаларининг истиқболли йўналиши сифатида ривожланмоқда. Бугунги кунда ушбу мамлакат таълим муассасаларида Ўзбекистон фуқаролари ҳам таҳсил оляпти. Венгрия олий ўқув юртларида ўқиш учун қўшимча квоталар ажратилди, жумладан Венгрия ҳукуматининг «Stipendium Hungaricum» стипендия дастури доирасида Ўзбекистон ва Венгриянинг етакчи таълим муассасаларини жалб этган ҳолда қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилди, шунингдек, давлатларнинг университетлари орасида алоқалар шаклланиб бормоқда. Мамлакатлар шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри алоқалар ўрнатишга аҳамият берилмоқда. Хусусан, Тошкент ва Будапешт, Фарғона вилояти ва Дабаш шаҳрини шериклик муносабатлари боғлаб турибди.

Шундай қилиб, бугунги кунда икки томонлама ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, стратегик шериклик даражасига олиб борилмоқда. Истиқболда, икки давлат минтақавий ташкилотлардаги иштирокининг замонавий ижобий тажрибаси ТДТ доирасида ўзаро мулоқотни ва прагматик фикр алмашишни кучайтириш асосида стратегиялар ва йирик лойиҳалар ишлаб чиқиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шунингдек, умумий манфаатларни ҳимоя қилишда жамоавий ёндашув ижобий натижаларга олиб келади. Икки томонлама ҳамкорликда  айниқса иқтисодий, инновацион-технологик соҳаларда рақобатбардош устунликларга эга бўлишларига имкон беради ҳамда таълим ва инсон капиталини ривожлантириш, рақамлаштириш ва илғор технологиялардан фойдаланишнинг долзарб мавзулари, сув ресурсларини бошқариш, фармацевтика, био ва атом технологиялари соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг ўзига хос янги йўналишлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

С.А.Жўраев
Тошкент давлат Шарқшунослик университети
профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори

Мавзуга оид