12:30 / 09.11.2022
23582

«Барса» драматик баҳсда ирода кўрсатди, Мане жаҳон чемпионати арафасида жароҳатланди. Кун ўйинлари

Сешанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Фото: Ла Лига

Испания: Мансано — юлдузлар учун даҳшатли туш

Осасуна — Барселона 1:2
Голлар: Д.Гарсия (6) — Педри (48), Рафинья (85).
Осасуна – Фернандес, Видаль, Унаи Гарсия, Давид Гарсия, Хуан Крус, Рубен Гарсия (Пенья, 75), Мойсес Гомес (Барха, 83), Торро (Кике Гарсия, 59), Монкайола, Орос (Брашанац, 74), Чими Авила (Будимир, 83).
Барселона – тер Стеген, Бальде, Алонсо, Кристенсен (Гави, 74), Альба, Бускетс, де Йонг, Педри (Риад, 89), Левандовски, Дембеле (Рафинья, 78), Ферран Торрес (Фати, 78).
Огоҳлантиришлар: Левандовски (11), Альба (37), Хуан Крус (45), Давид Гарсия (46), Торро (54), Монкайола (61), Бальде (66).
Четлатишлар: Левандовски (31), Пике (45+4, майдон ташқарисида).

Бир кун олдин лигадаги илк мағлубиятини қабул қилган «Реал»нинг қоқилишидан кейин кўк-анорранглилар навбатдаги турни мадридликлар каби ёмон бошлади, «Осасуна» эса «Райо»дан ўрнак олди. Тур арафасида бешинчи ўринда турган памплоналиклар илк дақиқаларданоқ ҳужумга ташланди ва Давид Гарсия бурчак зарбасидан кейин боши билан дарвоза тўрини аниқ нишонга олди. Бу вазиятда яна Бускетс айбдор бўлди, Пике ортидан у ҳам клубни тарк этишига жамоа мухлислари қарши бўлмайди. 

Пикенинг раҳбарият ва бош мураббий билан муносабатлари бузилиши «Барселона»даги муҳитга таъсир қилмай қолмаган, майдонда ҳам муаммолар давом этмоқда ва Левандовски кераксиз вазиятда иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди - бундан олдинроқ қулай имкониятни кўкка совурганди. Полшалик ҳужумчи четлатилган вазиятда жуда ўнғайсиз ҳаракатланди, тўп траекториясини ҳисобга олмаган ҳолда олдинга юриб, қўли билан рақиб юзига зарба берди, бунинг учун сариқ карточка берилиши — мантиқий эди. У нимадан норози бўлгани тушунарсиз ва унинг реакцияси — қўполлик қилгандаги ҳаракати каби аҳмоқлик бўлди.

Левандовски охирги бор майдондан четлатилиши ҳам ўйиннинг 31-дақиқасига тўғри келганди — тўққиз йил олдинги бу воқеа у Дортмунднинг «Боруссия» клуби шарафини ҳимоя қилаётганида рўй берганди. Уни майдондан четлатган Хесус Хиль Мансано эса — юлдузлар кушандаси. У бунгача Луис Суарес, Неймар, Бэйл, Каземиро ва Месси каби футболчиларни майдондан ҳайдаган.

Кучлар нотенг ҳолатда «Барса» таркибидаги энг фаол футболчи Ферран Торрес бўлди. Унинг бўлим охиридаги голи кичик офсайд туфайли ҳисобга олинмади, иккинчи бўлим бошида эса Жорди Албанинг қанотдан берган узатмасидан кейин тўп учун икки ҳимоячи билан кураш олиб борган форвард Педри ҳисобни тенглаштирувчи голни уришига имконият яратди. Ўйин охирида эса умидларни ҳозирча оқламаётган Рафинья ниҳоят ўзини кўрсатди - у яқинда Хавидан ўзини фақат ўнг қанотда ўйнатишни сўраганини тан олганди.

Мураббий буни инобатга олдими-йўқми — буни ўзи билади. Аммо бразилиялик форвард одатий позициясида ўйнади ва одатий бўлмаган гол урди. Френки де Йонгнинг майдон марказидан туриб берган узатмасидан кейин форвард рақиб жарима майдонига кирар-кирмас боши билан тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади. Бу шедевр туфайли «Барса» ЖЧ-2022 танаффусига турнир жадвалида яққол етакчи сифатида йўл олди - «Реал» билан орадаги фарқ ҳозирча 5 очко.

Италия: Миланда қуруқ ўйин

Наполи — Эмполи 2:0
Голлар:
Лосано (69, пенальти), Зелиньски (88).
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Эстигор, Ким Мин Жэ, Руй, Лоботка (Демме, 90), Замбо-Ангисса, Ндомбеле (Зелиньски, 64), Политано (Элмаз, 64), Осимҳен (Симеоне, 90), Распадори (Лосано, 64). 
Эмполи – Викарио, Стоянович, Луперто, Исмайли, Паризи, Марин (Эконг, 85), Хаас (Акпа-Акпро, 59), Бандинелли (Грасси, 73), Бальданци (Ҳендерсон, 73), Байрами, Сатриано (Ламмерс, 59).
Огоҳлантиришлар: Бандинелли (15), Сатриано (22), Луперто (39), Эстигор (57), Паризи (61), Ҳендерсон (90).
Четлатиш: Луперто (74).

Кварацхелиясиз ўйнаётган «Наполи» ўтган турда тўғридан тўғри рақобатчиси «Аталанта»ни сафар ўйинида қийинчилик билан бўлса-да, мағлуб этганди. Бундай муваффақиятдан кейин чемпионат етакчиси «Эмполи» устидан осон ғалабага эриши кутилганди. Лекин А серияда 14-поғонада жойлашган бу жамоа биринчи бўлимда неаполитанликлар ҳужумларини ишонч билан қайтариб турди.

Лучано Спаллетти Хвича йўқлигида Зелиньскига ҳам дам бериб, хато қилгандек кўринди. Натижада жамоа фақат бирданига уч футболчи - Зелински, Лосано ва Элмаз майдонга туширилгач, ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Осимҳеннинг саъй-ҳаракатлари билан ишланган 11 метрлик жарима зарбасини мексикалик ҳужумчи аниқ ижро этди.

Бу вазиятда Лосано пеналтичилар кушандаси бўлган Викарионинг сериясига барҳам берди. Дарвозабон бу сафар ҳам зарба йўналишини топганди, аммо тўп унинг қўллари орасидан ўтиб кетди. Ўтказиб юборилган гол ва кўп ўтмай бир футболчи четлатилиши (Лосанога қўполлик учун) «Эмполи»нинг сенсация учун имкониятларини нолга тушириб юборди, меҳмонларни узил-кесил таслим қилувчи зарба яна жокерлар ижросида бўлди — Лосано тўпни қанотдан узатиб берди ва Зелиньски бир тегинишда қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Кремонезе — Милан 0:0
Кремонезе – Карнезекки, Бьянкетти, Васкес, Айву, Валери (Куальята, 88), Гильоне (Серникола, 62), Мейте, Кастаньетти (Пикель, 70), Эскаланте, Чиофани (Окереке, 63), Афена-Гьян (Буонаюто, 63). 
Милан – Тэтэрушану, Кьер, Томори, Тиав (Калулу, 60), Балло-Туре, Бинносир, Диас (де Кетеларе, 74), Тонали (Крунич, 83), Мессиас, Ребич (Лазетич, 83), Ориги (Леау, 60).
Огоҳлантиришлар: Гильоне (47), Васкес (67), Леау (78), Валери (85), Лазетич (87), Мейте (87), де Кетеларе (90).

«Милан» эса жорий мавсумда бирор ўйинда ғалаба қозонмаган жамоани енга олмади. Ҳолбуки «Наполи»дан фарқли ўлароқ, амалдаги чемпионлар биринчи бўлим ўрталарига келиб камида иккита гол уриши мумкин эди. Аммо бу вазиятларда тўп дарвозага киришни истамади, танаффусдан кейин Ориги ҳисобни очгандек бўлганида VAR офсайд қайд этди.

Ўйин якунида «россонери»ларга сўнгги дақиқаларда ўйинни ҳал қилиши мумкин бўлган Жиру етишмади. Аммо француз футболчиси ўтган турдаги қаҳрамонлигидан кейин ҳиссиётга берилиб футболкасини ечгани туфайли қизил карточка олганди. Стефано Пиоли жамоасида эса сафар ўйинлари комплекси юзага келмоқда — бу мавсумда жамоа чемпионатдаги етти сафар ўйинидан тўрттасида ғалаба қозона олмаган. Ўтган мавсум охиригача эса бундай ўйинлар жами бешта бўлганди.

Германия: Дортмунд учун шок ва баварча тор-мор этиш

Вольфсбург — Боруссия Д 2:0
Голлар: ван де Вен (6), Нмеча (90+2).
Вольфсбург – Кастельс, Борнаув, ван де Вен, Пауло Отавио, Каминьски (Руссийон, 88), Арнольд, Герҳардт, Нмеча (Сванберг, 88), Баку, Винд (Нмеча, 75), Мармуш (Виммер, 58). 
Боруссия Д – Кобель, Зюле (Азар, 71), Ҳуммельс, Шлоттербек, Геррейру, Брандт, Ўзжан (Пашалич, 80), Беллингем, Мален (Модест, 70), Адейеми (Рейна, 61), Мукоко.
Огоҳлантиришлар: Нмеча (45), Мармуш (54), Пауло Отавио (63), Нмеча (76), Ҳуммельс (84), Модест (90+5).

Мавсум стартини жуда ёмон ўтказган «Вольфсбург» аста-секин Нико Ковачнинг талабларига жавоб бера бошлади ва 18 сентябрдан буён мағлубиятга учрамаяпти. Айниқса «бўрилар»нинг сўнгги икки ўйини таассурот уйғотади - бу ўйинларда жами 7:0 ҳисобидаги устунлик қайд этилди. Авжига чиққан жамоа «Боруссия» дарвозасига тезкор гол урди.

Дортмундликлар эса ҳудудий устунликка эга бўлса-да, жавоб голини ура олмади. Биринчи бўлим охирида зарбалардан бири устундан қайтди. Иккинчи бўлимда «асаларилар»да имконият кўпроқ бўлди, аммо қарши ҳужумлар учун кенг ҳудудларга эга бўлган «Вольфсбург» доимий равишда таҳдид солиб турди ва охир-оқибат бундан фойдаланди. Афтидан, чемпионатдаги танаффусга Дортмунд кучли учликдан ташқарида йўл олади.

Бавария — Вердер 6:1
Голлар: Мусиала (6), Гнабри (22, 28, 82), Горетцка (26), Тель (84) — Юнг (10). 
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Шупо-Мотинг (18).
Бавария – Нойер, Мазрауи, Упамекано, Павар, Эрнандес (Забитцер, 57), Горетцка (Гравенберҳ, 71), Кимми, Шупо-Мотинг (Коман, 57), Мане (Сане, 20), Гнабри, Мусиала (Тель, 71). 
Вердер – Павленка, Вайзер, Велькович (Штарк, 46), Фридль, Пипер, Юнг, Гросс (Рапп, 88), Битенкур (Шмид, 62), Груев (Стаге, 59), Дукш, Берк (Динкчи, 59). 

Мюнхендаги ўйинни жамоалар жуда тетик бошлашди, мавсумни жуда ёрқин ўтказаётган Мусиаланинг навбатдаги голи бременликларни издан чиқара олмади ва тезда ҳисоб тенглашди. Кейин эса меҳмонлар пенальтини қайтаришди, Шупо-Мотинг бу вазиятни қўлдан чиқариб, етти ўйин давом этган голли сериясини тўхтатди. Аммо мезбонлар катта куч билан олдинга ташланишда давом этишди ва уларни тўхтатишнинг амалда иложи йўқ эди ва Гнабри тўпни айлантириб, дарвоза бурчагига йўллаган ҳолда йирик ҳисобни бошлаб берди.

Гнабри шу куни ҳет-трик қайд этди, барчаси ҳал бўлгач майдонга туширилган 17 ёшли Тел эса жорий мавсумда учинчи голини урди. Аммо бу ўйинда мезбонлар учун нохуш воқеа ҳам содир бўлди, ЖЧ-2022 бошланишига оз фурсат қолганида сенегаллик ҳужумчи Садио Мане жароҳат олди.

Кун статистикаси

  • Топ-5 лигаларда жорий мавсумда икки жамоа ҳали ғалаба нималигини билмаяпти — «Кремонезе» ва «Эльче».
  • Жорий мавсумда «Бавария» 3-бор танаффусга қадар тўрт гол урди. Яна бир шундай ўйин ўтказилса, мюнхенликлар 1978/79 йиллар мавсумида бундеслигада ўзи ўрнатган рекордни такрорлайди.
  • «Наполи» сафида жорий мавсумда 5 нафар турли футболчи пеналтидан гол урди. Бу топ-5 лигалар учун максимал кўрсаткич.
Top