18:00 / 10.11.2022
14661

Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Тошкент филиалига лингофон хонаси совға қилинди

Фото: МДХМИ

17 ноябрь — Халқаро талабалар куни арафасида Шодиев Халқаро жамғармаси (ICF) томонидан Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Тошкент филиалига лингофон хонаси совға қилинди. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Таъкидланишича, мазкур хона талабаларга чет тилларини ўргатишда энг сўнгги технологиялардан фойдаланиш имконини беради. 

Қайд этилишича, кенг функционал имкониятларга эга бўлган, янги ва қулай таълим макони инглиз, француз, немис, ўзбек ва рус тилларини ўрганаётган талабаларга тил ўрганиш бўйича хақиқий муҳитда ўқиш ва бу жараённи қизиқарли ва самарали қилиш имконини беради.

Жамғарма матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ОТМга бундан аввалроқ берилган совғалар ичида ICF харид қилган транспорт техник жиҳозлар ҳам бор.  

«Талабаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда Шодиев Халқаро жамғармаси шунингдек, шахсий стипендия ва грантлар ҳам тақдим этади. Бу стипендия ва грантлар МДХМИ Тошкент филиалида бакалавриат дастурларида таълим олиш харажатларини тўлиқ қоплайди. Стипендия ва грантлар аъло академик ўзлаштиришга эга бўлган, илмий лойиҳа, турли танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлган талабаларга берилади», — дейилади хабарда.

Жамғарма раҳбари Фаттоҳ Шодиевнинг сўзларига кўра, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ақлий салоҳиятини ривожлантириш энг устувор мақсадлардан бири ҳисобланади.

«Шунинг учун турли таълим, тадқиқот, хайрия лойиҳалари орқали биз фаол ҳаётий позицияга эга бўлган иқтидорли ёшларни ўз келажаги ва ўз мамлакатининг келажаги йўлида салоҳиятини ишга солиши учун қўллаб-қувватлаймиз ва шундай давом этамиз», — дея қўшимча қилади ICF асосчиси.  

Маълумот учун, Шодиев Халқаро жамғармаси ва МДХМИнинг Тошкентдаги биринчи ва ягона хориж филиали ўртасида 2021 йил апрель ойида 2025 йилгача мўлжалланган Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.

Мавзуга оид
Top